[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

29.02.2019. Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши хусусида

Тарихга бир назар

Донишмандларнинг айтишича, тараққиёт савдо йўллари ўтган жойларда бўлади. Таниқли француз иқтисодчиси Жак Аттали “Келажакнинг қисқача тарихи. Яқин 50 йилда дунё қандай ўзгаради?” номли китобида ёзганидек, бозор иқтисодиёти вужудга кела бошлаган пайтлардаёқ ҳукмдорлар савдо ва карвонлар йўли айнан уларнинг ҳудудидан ўтиши учун курашганлар. Негаки, бу иқтисодиёт ривожига ва аҳолининг бойишига ёрдам бериши билан бир қаторда, мамлакатни глобал ёки минтақавий бозорнинг ўзига хос марказига айлантирган, шунингдек, тарихий цивилизация ва илмий-техник тараққиётга хизмат қилган.

Марказий Осиё орқали ўз вақтида Буюк Ипак йўлининг энг серқатнов йўналишлари ўтган, шу туфайли минтақада Самар­қанд, Бухоро, Тошкент, Хива каби машҳур давлат-шаҳарлар пайдо бўлганки, у ерларда товарлар, одамлар, ахборот ва билимлар билан фаол алмашинув давом этган. Бу эса бизнинг маданий тамаддунимизда жаҳон тан олган олим ва мутафаккирлар – Ибн Сино, ­Хоразмий, Беруний, ­Форобий, Замахшарий, Улуғбек каби алломалар етишиб чиқишига хизмат қилган. Ўрта асрларда бутун дунё улардан тиббиёт, математика, астрономия ва бошқа илмларни ўрганди. Айни ўша даврларда Европа давлатларидан тез-тез ташриф буюрадиган элчилар эса, Марказий Осиёдаги ҳукмдорлардан ўзларининг савдо карвонларига яхши муносабатда бўлиш ва ҳомийлик қилишини сўрар эдилар.

Лекин Олд Осиё ва Ўрта Ер денгизи минтақасида Усмонийлар империяси таъсири ортиши билан турк султонлари Европадан Ҳиндистон ва Хитойга олиб борувчи савдо йўлларида назоратни кучайтиришди. Улар европалик савдогарларни божхона тўлови ва транзит солиғини кўтариш билан қийнаб юборишди. Бундай шароитда европаликлар Ҳиндистонга олиб борадиган бошқа йўл, яъни Усмонийлар империясидан ўтмайдиган йўлларни ­излай бошлашди. Кемасозлик соҳасида эришилган ютуқлар билан бир пайтда, буюк географик кашфиётлар даври ҳам бошланди ва ниҳоят, Африка қитъаси орқали Осиёга олиб борадиган денгиз йўли – Ҳинд йўлига асос солинди.

Бу эса Буюк Ипак йўли бўйлаб қуруқликда, айниқса, Марказий Осиё орқали ­қатнайдиган карвон оқимлари секин-аста камайишига олиб келди.

Энди Марказий Осиёнинг кўп қисми йирик савдо йўлларидан четда қолиб кетди. Натижада инсоният тамаддунининг асосий анъаналаридан ҳам ортда қолишга мажбур бўлди. Бу “геоэкономика” деган тушунчанинг моҳиятини англашга, шунингдек, геоиқтисодий вазиятнинг ўзгариши бутун бир давлат ва халқларнинг тақдирига таъсир этиши мумкинлигига ёрқин мисолдир.

Замонавий вазият ҳақида

Айни вақтдаги аҳволга қайтсак. XIX аср­нинг иккинчи ярмидан бошлаб, қолоқ ўзбек хонликлари чор Россияси томонидан осонгина босиб олинди. Кейин совет даври бошланди ва ниҳоят деярли 30 йил аввал Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа республикалар ўз давлат мустақиллигини қўлга киритди. Аммо Марказий Осиёдаги собиқ совет республикалари ўтган давр мобайнида иқтисодий қолоқликни енгиб, ўз атрофида гео­сиёсий вазиятни ўзгартира олдими, ­геоиқтисодий боши берк кўчадан чиқа ­олдими, деган саволга ижобий жавоб ­бериш мушкул.

Хитойлик ислоҳотчи Дэн Сяопин 1979 йилда “очиқ эшиклар” сиёсатини бошлади ва 30 йилдан сўнг Хитой дунёдаги етакчи давлатлар сафига кирди. “Осиё йўлбарслари” деб ном олган Жанубий Корея, Малайзия ва Сингапур эса кучли иқтисодий ўсишга эришиш ҳамда Ғарбдаги саноати ривожланган давлатлар сафидан ўрин олиш учун янаям кам вақт сарфлашди. Мана, иқтисодий тараққиётнинг тўғри моделини танлаш, ус­туворликларни аниқ белгилаб олиш, мавжуд захиралардан оқилона фойдаланиш ­туфайли жуда қисқа муддатда ютуққа эришишнинг ёрқин мисоли.

Мустақилликнинг ўтган даврида Ўзбекистон ва қўшни мамлакатларда кўп ишлар қилинди. Лекин натижалар-чи? Марказий Осиёдаги ҳеч бир давлат ўз тараққиётида сифатли “сакраш”ни амалга ошириб, дунёдаги юксак даражада ривожланган давлатлар қаторига қўшила олгани йўқ. Бир томондан, гўёки унча катта муддат ўтмагандай. Аммо халқ мақолида айтилганидек, ҳамма нарса таққосда билинади.

Адолат юзасидан таъкидлаш лозимки, дунёнинг энг ривожланган давлатлари, асосан, жуғрофик жиҳатдан қулай минтақада жойлашган: уларда денгизга чиқиш йўли бор, демак, ўз маҳсулотларини ­экспорт қилиш учун халқаро савдо йўналишларига тўғридан-тўғри чиқа оладилар.

Бизнинг минтақамиз эса ўша “Осиё йўлбарслари”дан фарқли равишда та­биий захираларга бой бўлса-да, чиндан ҳам, қитъанинг жуда ичкарисида, денгиз йўллари ва жаҳон савдо марказларидан узоқда жойлашган. Бунда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон денгизга чиқиш йўли мавжуд бўлган давлатлар билан бевосита чегарадош бўлгани ҳолда, Ўзбекистон қитъа ичидаги давлат сифатида, ўзлари тўғридан-тўғри денгизга чиқа олмайдиган қўшнилар билан ўраб олинган (шунга ўхшаш давлат бутун дунёда яна атиги биттагина бор, у ҳам бўлса ­ Лихтенштейн).

Шу маънода, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев барқарор иқтисодий ривожланиш мавзуидаги деярли ҳар бир чиқишида савдо йўналишларини очиш, транспорт логистикаси яратиш, маҳаллий маҳсулотларимизни йирик бозорларга ­чиқаришга алоҳида эътибор қаратиши ­бежиз эмас.

Жануб томонга қараб йўл умуман йўқ. Қачон Афғонистонда тинчлик бўлади, Ҳиндистон ва Покистон тарафга йўл оча оламизми ўзи, маълум эмас. Ғарб йўналишида ҳам шундай. Каспийдаги Туркманистон ва Қозоғистон портларини ҳисобга олмаганда, ҳозирча халқаро савдо марказларига чиқиш йўлимиз йўқ. Шарқда-чи? Хитой ҳудудига чиқадиган Андижон – Ўш – Иркиштом темир йўл магистрали қуриш масаласида Қирғизис­тон, мана 25 йилдирки, ҳамон иккиланади. Агар бу масала ҳал этилганда эди, бу Хитойдан Европага олиб борувчи энг қисқа (демак, денгиз йўлига нисбатан арзон) савдо йўли бўлиши мумкин эди. ­Шимол томонда Қозоғистон қуруқликдаги асосий қисми Хитой – Европа савдо йўлларининг фақат ўз ҳудуди орқали, яъни Хитой чегарасидаги Хоргосдан Каспийдаги Оқтовгача бўлган йўналишда ўтишини таъминлашга уринмоқда. ­Нурсултон Назарбоевнинг Каспий ва Қора денгизлари ўртасида кема қатновига мўлжалланган канал қуриш, кейинчалик у Ўрта Ер денгизи орқали Европага чиқиши мумкинлиги ҳақидаги ғояси ҳам ана шу ниятга қаратилганга ўхшайди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2019 йил июнда бўлиб ўтган Сенатнинг 20-ялпи мажлисида қўшниларимиз географик жиҳатдан бизга нисбатан қулайроқ жойлашганлиги, шу боис Ўзбекистонга янги бозорлар кераклиги ҳақида сўз юритиб, “Биз йўллардан узоқдамиз. Қўшниларимизда денгизга чиқиш имконияти бор. Биз айни пайтда кўп импорт қиляпмиз ва бунга валюта тўлаяпмиз. Лекин ҳар бир доллар бизнинг бойлигимиз. Биз Россияга Қозоғистон орқали чиқамиз, унинг эса ўз манфаатлари бор. Ҳеч ким бизга йўлимизни енгиллаштириб бермоқчи эмас”, деган фикрни билдирди.

Шундай қилиб, XXI аср давом этмоқда. Лекин шунча асрлар давомида вазият бизнинг фойдамизга ўзгармаяпти, биз ҳамон “геоиқтисодий боши берк кўча”да, халқаро савдо йўлларининг узоқ бир четида қолиб кетяпмиз. Ўзбекистон ҳам, бошқа қўшнилар ҳам ушбу масалани якка тарзда ҳал қила олмайди. Аммо минтақа доирасида келишиб ҳаракат қилиш ўрнига, ҳанузгача фақат бир томонлама ташаббуслардан нарига ўтолмаяпмиз. Буни ҳар бир давлат савдо йўналишларининг фақат ўз ҳудудидан ўтиши учун кура­шаётгани билан изоҳлаш мумкин (юқорида келтирилган Жак Аттали ҳам ўз китобида шундай таъкидлаган).

Савдо йўлларини ким назорат қилса, ўша савдони бошқаради ёки жуда бўлмаганда, ўзи бойиб боради. Тарихда бунга мисоллар кўп. XIX асрда Франция императори Наполеон Бонапарт Миср билан ҳамкорликда Европадан Ҳиндистонга энг қисқа йўлни Сувайш канали орқали (яъни Африкани айланиб ўтадиган йўлдан 15 минг км. қисқа масофада) қуриш бўйича тайёргарлик бошлайди. Англия ҳукумати эса бу ўзининг денгиз кема йўлларидаги мавқеини пасайтириши ёки Ҳиндистон устидан ҳукмронлигини йўқотиб қўйиши мумкинлигидан ­хавфсираб, лойиҳа рўёбга чиқарилишига ҳар қандай йўл билан тўсқинлик қилади. Ҳатто 1869 йили йўл очилганидан кейин ҳам бир неча марта ҳарбий тўқнашувлар бўлган.

Шунга қарамай, фақат 2015 йилда эскисига параллел қилиб қурилган янги Сувайш канали очилади. Ҳозирги вақтда Мисрнинг каналдан фойдаланиш орқали оладиган фойдаси йилига 13 – 15 мил­лиард долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Шуниси аҳамиятлики, ўша даврда Россия Сувайш канали қурилишига кескин қарши чиққан, у Буюк Ипак йўли савдо тармоқларининг ўз ҳудудидан ўтган ­қисмидаги назорати пасайишидан ­хавотирга тушган.

Ўзбекистон – Россия муносабатларининг илдизи

Россия Буюк Ипак йўли савдо тармоқларининг шимолий йўналишларини назорат қилиш бўйича Евроосиёда иккинчи давлатдир. Биринчиси Олтин Ўрда эди, унинг энг кучли ривожланган даври Муҳаммад Ўзбекхон ҳукмронлиги пайтига (1313 – 1341 йиллар) тўғри келади. Давлат пойтахти Сарой шаҳрида бўлган (ҳозирги Волгоград ўрнида). Ўшанда Олтин Ўрда тўрт қисмдан ташкил топган: Волгабўйи, Дашти Қипчоқ, Қрим – атрофидаги Шимолий Кавказ ерлари билан, Хоразм (айтганча, ўша даврда Хоразмнинг чегаралари шимолда Каспийдаги Астрахандан жанубда то Эронгача чўзилган).

Тарихий жиҳатдан биз учун шуниси қизиқки, интернет маълумотларига кўра, замонавий Ўзбекистоннинг катта ҳудуди, аниқроғи, Хоразм вилояти Олтин Ўрда таркибига кирган. Бунинг устига, Википедияда кўрсатилишича, Ўзбекхон Олтин Ўрдага 1313 йили Урганчдан келган ва хон тахтига ўтирган (демак, у илгари Урганчда яшаган ва балки туғилган ҳамдир, ҳарқалай, келиб чиқиши Урганчдан). 1320 йилда у сўфийлик тариқати вакили Зангиотадан (мақбараси Тошкент яқинидаги Зангиота туманида) ва унинг давомчиси ­Саййид-отадан исломни қабул қилган, ­кейинчалик исломни Олтин Ўрданинг ­давлат дини, деб эълон қилган. Википедияда айтилишича, айрим тахминларга кўра, ўша пайтдан бошлаб Ўзбекхонга ­эргашиб, исломни қабул қилганларнинг ҳаммаси ўзбеклар, деб аталган.

Ўзбекхон синглисини буюк Москва князи Юрий III га турмушга узатган, яъни Москва билан сиёсий яқинлашув юз берган. Бу эса Москвага Ўзбекхоннинг қўллаб-қувватлаши билан ўзининг рус князликлари орасидаги мавқеини кўтариб олиш имкониятини берган. 1331 йилда у Иван ­Калитага Шимоли-Шарқий Руснинг бутун ҳудудида ҳукмронлик қилиш ҳақида ёрлиқ топширган.

Шундай қилиб, айнан Ўзбекхон даврида Москва князлиги кучайган, кейинчалик у атрофидаги тарқоқ князликларни қўшиб олган ва бу маркази Москвада бўлган ягона Русь давлати вужудга келишига замин яратган. Бундан ташқари, Ўзбекхон князларга рус ерларини чет эл босқинчиларидан ҳимоя қилишда ҳам ёрдам берган. ­Масалан, 1337 йили Польша қироллиги ­Галицк-Волин князлигини босиб олмоқчи бўлганида, волин бояри Дмитро Дедко илтимосига кўра, поляк қироли Буюк ­Каземир III га қарши 40 минг кишилик қўшин ­юборган.

Хоразм минтақаси (Олтин Ўрданинг тарихий қисми) билан Россия ўртасида ўрнатилган яқин сиёсий муносабатлар кейинги даврларда, айниқса, минтақамиз ҳудуди Хива ва Қўқон хонлиги, шунингдек, Бухоро Амирлигига бўлиниб кетган вақтда намоён бўлган. Эътиборлиси, Ўрта Осиё давлатлари орасида айнан Хива Россия билан энг мустаҳкам алоқаларни ўрнатган. XX аср бошида Хива хонлигининг бош вазири Исломхўжа Россия билан савдо алоқаларини кенгайтириб, унинг ҳудуди орқали Европа бозорига чиқишга ҳаракат қилади ва Жанубий Россиядан Хива шаҳригача темир йўл қуриш лойиҳасини амалга ошириш учун Россия императори даврасидагиларнинг қўллаб-қувватлашига эришади. Қайд этиш лозимки, ундан кейин рўй берган геосиёсий ўзгаришлар натижасида бу эзгу иш яна 100 йилга чўзилди. 2019 йили Ўзбекистон Президенти ­Шавкат Мирзиёев Хивадаги темир йўл вокзали очилиши маросимида маъжозий ибора билан сўзлаганидек, Хивага биринчи поезд кириб келиши билан “ниҳоят, ­Исломхўжанинг орзуси ушалди”.

Албатта, тарихни чуқур ўрганиш олимлар иши. Мен тарихчи эмасман, лекин шуни қайд этишга уриняпманки, россияликлар ва Ўзбекистон аҳолиси ўртасида асрлар оша ўзаро муносабатлар масаласида ўзига хос тарихий тажриба тўпланган, у биз учун ҳам ижобий, ҳам салбий оқибатларга эга бўлган.

«Ҳар қандай янгилик, бу – унутилиб ­бораётган эскиликдир»

Халқ орасида: “Ҳар қандай янгилик, бу – унутилиб бораётган эскиликдир”, деган нақл бор. Бир неча ойдан бери Ўзбекистонда мамлакатимиз ЕОИИга қўшилиши мумкинлиги ҳақида гап кетяпти. Ўзаро алоқалар борасидаги орттирилган тажрибамиз бу каби жиддий масала бўйича сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан пухта ўйланган қарорни қабул қилишда шошмашошарликка йўл қўймасликни, эҳтимолий хатонинг олдини олиш ва “қовун тушириб қўймаслигимиз учун” масаланинг афзалликлари ва салбий томонларини тарозига солиб кўришни талаб қилади.

Жак Аттали ўзининг юқорида айтиб ўтилган китобида АҚШнинг дунё ­миқёсидаги муҳим ролини инкор ­этмаган ҳолда, шундай дейди:

Бу рўйхатга йирик савдо бозорлари нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, улардан фақат учтаси (Хитой, Россия ва Ҳиндистон) Ўзбекистонга яқин жойлашган. Яъни дунё бозор иқтисодиёти назарияси ва амалиётидан келиб чиқиб, мамлакатимиз ушбу давлатлар билан узвий ҳамкорликда, зудлик билан энг яқиндаги йирик бозорларга олиб чиқувчи, ўз маҳсулотларимизни экспорт қиладиган савдо йўналишларини яратишимиз керак.

Вужудга келган шароитда Пекиннинг “Бир макон – бир йўл” ташаббуси тарихий Буюк Ипак йўлини замонавий кўринишда қайта тиклаш мақсадини кўзда тутади ва бу Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига мос келади. Лекин баъзи бир экспертлар фикрича, минтақада Хитой таъсирининг ортиши хавфи бор ва Ўзбекистон бу лойиҳадаги иштирокида ўз манфаатларини амалга ошириш учун қулай имкониятлардан фойдаланиши мақсадга мувофиқдир.

Ҳинд йўналишига келадиган бўлсак, Афғонистондаги вазиятни инобатга олган ҳолда, яқин келажакда Ҳиндистонга олиб борадиган қуруқликдаги савдо йўлини очиш жуда мушкул. Шундай бўлса-да, биз темир йўл ва автомагистралларни қуришдаги фаол иштирокимизни давом эттиришимиз керак. Ўзбекистоннинг афғон иқтисодиёти учун етук ёш кадрларни ўзимизнинг олий ўқув юртларимизда тайёрлаб бериш бўйича олиб бораётган ­сиёсати ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ.

Шимолий йўналишга эътибор қа­ратсак, айтиш жоизки, айнан Россияга олиб борадиган йўллар азал-азалдан географик ва тарихий жиҳатдан энг ўз­лаштирилган йўналишлар ҳисобланади. Лекин ушбу бозорга бизнинг маҳсулотимиз (юкларнинг 80 фоизигача) Қозоғистон орқали ўтади. Иқтисодий жиҳатдан Россия (Хитойдан кейин) Ўзбекистоннинг иккинчи савдо ҳамкори бўлиб, унинг бозори – бизнинг маҳсулотимизни экспорт қилиш учун энг мақбул жой ҳисобланади.

Экспертлар хулосасига кўра, айни пайт­да Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига йўналтирган инвестициялари 9 миллиард долларни ташкил этади. Мамлакатимизда Россия сармоялари иштирокидаги 1 минг 200 га яқин корхоналар ўз фаолиятини олиб боради. Россия яқин истиқболда Ўзбекистон иқтисодиётига 21 миллиард долларга тенг инвестицияларни киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ўтган йили Россия – Ўзбекистон минтақалараро ҳамкорлик форуми доирасида айтилган.

Хавфларни баҳолаш гуруҳининг директори Досим Сатпаевнинг (Қозоғистон) таъкидлашича, “Ўзбекистон ЕОИИ аъзоси бўлмаса-да, Россия ушбу мамлакатнинг минтақадаги ўта муҳим ролини инобатга олади ва ҳатто Тошкент бу ташкилотга зудлик билан аъзо бўлишдан бош тортса ҳам, уни ўз эътиборидан четда қолдирмаслиги аниқ”.

Ўзбекистон ва Россия барча муҳим йўналишлар бўйича икки томонлама мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган. Шунга қарамай, сўнгги тенденциялар кўрсатмоқдаки, Россия Ўзбекистон билан ҳамкорликни айнан ЕОИИ доирасида чуқур­лаштириш тўғрисидаги масалани икки ­томонлама музокаралар кун тартибига ­киритишга катта қизиқиш билдирмоқда.

Ўзбекистоннинг бу ташкилотга аъзо бўлиши масаласи расмий даражада илк бор 2019 йил 23 июнда Президент ­Шавкат Мирзиёевнинг Сенатдаги чиқишида тилга олинган. Давлат раҳбари Ўзбекистон товар айланмасининг 70 фоизи Россия ва ЕОИИ мамлакатларига тўғри келишини таъкидлар экан, бизга янги ­экспорт бозорлари зарурлигини айтиб ўтди. Аммо шу билан бирга, “тўғри йўлни топишимиз, “10 марта ўлчаб, бир кесишимиз кераклиги” ҳақида огоҳлантирди.

Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги, шубҳасиз, жуда жиддий масала ҳисобланади ва ижобий томонлари билан бир қаторда салбий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Бу масала Ўзбекистоннинг халқаро геоиқтисодий жараёнларга янада интеграция­лашувида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, мамлакат жамоатчилиги ушбу масалани фаол муҳокама қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, кўпгина экспертлар, жумладан, сиёсий партияларнинг вакиллари Россиянинг бу масалада қатъий ташаббус билан чиқаётганидан хавотир билдираётганини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Уларнинг фикрича, Россия раҳбарияти ҳозирги Ғарб билан қарама-қаршилик авжига чиққан вазиятда, собиқ Иттифоқ ҳудудида интеграция жараёнларини жадаллаштириш борасида иқтисодий эмас, балки кўпроқ геосиёсий мулоҳазалардан келиб чиқмоқда. Хусусан, бу Россиянинг айрим расмий шахслари шошилинч айтиб юборган сўзлар Ўзбекистонда жамоатчилик фикрини қўзғатувчи катализаторга айланганидан далолат беряпти.

Шундан сўнг муаммони муҳокама қилиш янги туртки олди. Баён қилинган фикрларнинг юзаки таҳлилиёқ жамиятимизда мавжуд бўлган фикрлар хилмахиллигини кўрсатмоқда. Уларда бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашиш ва қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши мутлақо рад этилган чиқишлар ҳам бор.

Президент Шавкат Мирзиёев иқтисодий қолоқликдан чиқиш зарурлигини анг­лаган ҳолда, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳасида тезкор ва дадил ислоҳотларни бошлаб юборди. Чиндан ҳам, мамлакатда иқтисодий аҳвол яхшимас. 34 миллионлик аҳоли ҳар йили деярли 650 минг кишига кўпаймоқда, иш жойлари етарли эмас, ишсизлик даражаси 8-9 фоизни ташкил қилади. ­Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистон тарихида биринчи марта мамлакатдаги камбағаллик тушунчасини тилга олди. У тахминан 12 – 15 фоизни ташкил этади. “Бу кичкина рақамлар эмас. Гап 4-5 миллион аҳоли тўғрисида кетяпти. Бу жуда катта сон”, деди ­давлатимиз раҳбари.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ­раҳбари яқин тарихимизда илк бор, (шу жумладан, совет даври тарихида ҳам), бизнинг камчиликларимиз ва муаммоларимиз ҳақида очиқчасига гапирди. Бусиз яқин келажакда бутун мамлакат олдида турган улкан вазифаларни амалга ошириш ва таъминлаш мумкин эмаслигини яхши тушунган ҳолда, билдирди бу фикрларни.

Ҳақиқат шуки, яна бир оз вақтдан ке­йин мамлакат ривожи анча орқага сурилиши мумкин эди. Шу сабабли мамлакат раҳбарияти, том маънода, ҳар қандай, шу жумладан, вақтинчалик имкониятлардан фойдаланиб, уларни барқарор иқтисодий ривожланиш учун сарфлашга шошилмокда. Бугун давлат раҳбарига оз ёки кўп яқин бўлган барча одамлар ҳар бир кун ва ҳар соат ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини тушуниб турибди: ё ҳозир ёки ҳеч қачон, деган маънода. Яъни демоқчиманки, вазият аллақачон орқага қайтариб бўлмайдиган тарихий характерга эга бўлиб турибди.

Ҳаётининг кўп қисмини саноат соҳасида ишлаш билан ўтказган, кўпроқ оддий аҳоли орасида бўлган ва ҳозирги кунда мамлакат Касаба уюшмалари Федерациясини ­бошқараётган бир одам сифатида мен ҳам ушбу долзарб мавзу ҳақида кўп ўйлашимга тўғри келяпти. Қанчалик глобал рақамлар ва назарий масалаларга эътиборимни қаратмай, барибир, фикрларим оддий ўзбек меҳнаткаши, унинг менталитети ва ташвишлари атрофида, унинг учун энг асосий вазифа бўлган оиласини боқиш, болаларини тарбиялаш, уларга таълим бериш, оиласининг тинч ва хавфсиз келажаги, унинг эркин ва юқори ривожланган давлатда яшаш истаги атрофида айланаверади. Ишончим комилки, айнан ана шу – оддий ўзбек оиласининг кундалик ташвишлари миллий давлатчилигимиз манфаатларининг асосини ташкил этади.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 20 январь куни янгидан шаклланган ­Сенатнинг биринчи мажлисида нутқ сўзлаб, эътиборни шу нарсага қаратган эди: “бизнинг асосий ислоҳотларимизга халақит бермаслиги учун интеграциянинг асосий масалаларидан бири – бу бизнинг кўпгина одамларимиз чет элларда ишлашидир. Бу бизга қўшни давлатлар ­Қозоғистон ва Россия. Улар билан қандай ҳамкорлик қилишимиз керак? Кўп одамларимиз чет элда ишлаётган бир пайтда, бунга эътибор бермаслигимиз мумкинми? Кимгадир ёқиш-ёқмаслигидан қатъи назар, бу нотўғри”. Аслида, меҳнат миграцияси мамлакат учун жуда ўткир муаммо бўлиб қолмоқда. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Россияда 2 миллиондан ортиқ, Қозоғистонда эса 1 миллионга яқин фуқароларимиз ишлаяпти. Ўтган йили уларнинг Россиядан пул ўтказмалари ҳажми 4 миллиард доллардан ошди. Агар бизнинг меҳнат мигрантларимиз фақат меҳнат патенти учун йилига уч миллиард доллардан кўпроқ маблағни йўқотишларини ҳисобга оладиган бўлсак, пул ўтказмалари миқдори анча юқори бўлиши ва уларнинг оилавий бюджетига тўғридан-тўғри келиб тушиши мумкин бўлган бўларди.

Ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида хизмат қилаётган касаба уюшмалари бу жараёндан четда қололмайди. Аксинча, биз фуқароларимизнинг қонуний меҳнат ҳуқуқлари ва манфаатларини, ­гарчи, улар Ўзбекистон ташқарисида ­ишлаётган бўлсалар ҳам, таъминлашимиз, фаол ҳаракат қилишимиз керак.

Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси Ўзбекистоннинг тегишли давлат органлари билан зарур ҳамкорликни йўлга қўйиб, фуқароларимизнинг чет элда ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга қўшилди. Биз ўз ваколатларимиз доирасида Россиядаги ҳамкасблар билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатдик ва ўзаро тўлиқ келишувга эришдик. Ушбу масалаларни Қозоғистон касаба уюшмалари марказлари билан ҳам муҳокама қилиш бошланди.

Бизнинг ЕОИИда иштирок этишимизга келсак, менимча, биз бошимиздан кечираётган вазият ушбу қадамнинг ижобий ва салбий томонларини ҳисобга олиб, барча оқибатларни синчковлик билан ўрганиб чиқишга ундайди. Шунинг учун ҳозирги шароитда, агар Ўзбекистон ЕОИИ кузатувчиси мақомига эга бўлса, “масаланинг ичига кириш” имконияти пайдо бўлади, бу мантиқий ва мақбул ечим бўлади.

Фақат шу тарзда, биз “ичкарида” бўлган ҳолда, юқорида айтиб ўтилган интегра­цион бирлашмада иштирок этиш мамлакатимиз учун қандай афзалликлар ёки салбий оқибатлар олиб келишини синчиклаб ­ўрганишимиз мумкин бўлади.

Масалан, Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлишида қуйидаги ижобий жиҳатлар бор:

Биринчи ижобий жиҲат. Маҳсулот ўтказиш учун янги бозорлар.

ЕОИИнинг жуда кенг жуғрофий майдони “тўртта эркинлик” бозори, яъни одамлар, воситалар, хизматлар ва товарларнинг эркин ҳаракатланиши билан белгиланади. Ягона ҳудуд ва иқтисодий макондан фойдаланиш иштирокчилар учун ички, шериклик (эркин ҳудуд чегарасида) ва ­халқаро савдони осонлаштиради, чунки солиқлар, йиғимлар ва харажатлар соддалаштирилиб, камайтирилган.

Маълумки, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ҳамда кимё, тўқимачилик, электротехника ва автомобилсозлик саноати маҳсулотларининг йирик экспортчиси ҳисобланади.

Шундай қилиб, 2019 йилда Ўзбекистон экспорти таркибида асосий улуш қуйидагиларга тўғри келди:

Евроосиё иқтисодий иттифоқида мева-сабзавот маҳсулотларига талаб доимий равишда ўсиб бораётганлигини ҳисобга ­олсак, ушбу ташкилотга аъзо бўлиш мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини қуйидагилар ҳисобидан янада оширишга ёрдам бериши мумкин:

 тарифсиз савдо тўсиқларини бекор қилиш;

 транспорт харажатларини камайтириш;

 ушбу тузилма мамлакатларидаги тез бузиладиган маҳсулотлар учун савдо ва транзит тартибларини соддалаштириш.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг учинчи мамлакатларга мева ва сабзавотлар ­экспортини 3 баробар ошириш учун янги имкониятлар очилади.

ЕОИИга қўшилиш транспорт харажатларини камайтириш, тарифсиз тўсиқларни оптималлаштириш ва аъзо мамлакатларнинг давлат харидларида иштирок этиш орқали мамлакатнинг тўқимачилик ва трикотаж саноатининг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширади. Евроосиё иқтисодий иттифоқининг тўқимачилик ва трикотаж маҳсулотларининг бозор ҳажми 12,9 миллиард долларга баҳоланмоқда ва бугунги кунда Ўзбекистоннинг улуши атиги 1,6 миллиард долларни ташкил этади.

Иккинчи ижобий жиҲат. Транспорт ва логистика соҳасидаги янги имкониятлар.

Таҳлил шуни кўрсатадики, ҳаво транспорти соҳасида 2025 йилгача ЕОИИ билан интеграция ушбу соҳага таъсир қилмайди (ЕОИИ маконида умумий ҳаво транспорти бозорини яратиш 2025 йилдан бошлаб режалаштирилган). Аммо ўша йилдан бошлаб авиация инфратузилмасидан фойдаланишда тенг тариф шароитларини ­яратиш керак бўлади.

Темир йўл ташувларида экспорт-импорт ҳажмининг ўсиши 10 – 15 фоизга баҳоланмоқда. Товарлар транзитида ягона тарифлардан фойдаланиш туфайли юк жўнатувчилар ва қабул қилувчиларнинг транспорт харажатлари 221,6 миллион долларга камайиши мумкин. Бу экспорт қилинадиган ва импорт қилинадиган маҳсулотларнинг якуний қийматида транспорт харажатлари улуши пасайишига олиб келади.

Қозоғистондан арзон дизель ёнилғисини олиш имконияти пайдо бўлса, ёнилғи нархининг 20 фоизгача пасайиши кутилмоқда, бу эса ташувчиларга йилига 20 миллион долларни тежаш имконини беради.

Учинчи ижобий жиҲат. Иқтисодиётни ўзаро мустаҳкамлаш.

Ривожланган давлатлар иқтисодиётидаги заифликларни бартараф этиш учун ЕОИИ аъзолари доллар ва евродаги ҳисоб-китоб операцияларини камайтирмоқдалар. Россия рублига устуворлик берилмоқда, ички бозорда эса, шунингдек, шерикларнинг миллий валюталаридан ҳам фойдаланилмоқда.

Бундан ташқари, ташкилот аъзолари ўртасидаги ўзаро экспорт ва қўшма ­ишлаб чиқаришлар маҳсулотни сотиш муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради. ЕОИИ мамлакатларининг маҳсулотлари харидорларни, аввало, ўзининг умумий бозорида топишади, чунки улар анча қулай шартларда ва арзон нархларда сотилади.

ТЎртинчи ижобий жиҲат. ­Меҳнат миграцияси.

Ўзбекистондан борган меҳнат мигрантларининг аҳволи қийинлашувига сабаб – ЕОИИга кирмайдиган визасиз давлатларнинг фуқаролари учун “айрим касблар бўйича тақиқ” мавжудлигида. Жумладан, ўзбек мигрантларига дорихоналар, ­турғун бўлмаган савдо нуқталари ва бозорларда ишлаш, шунингдек, дўконлар, палаткалар ва бозорлардан ташқарида савдо қилиш тақиқланган.

Мигрантларимиз алкоголли ва тамаки мақсулотлари билан савдо қилувчи ихтисослаштирилган дўконларда ишлаши мумкин, аммо уларнинг сони ходимлар умумий сонининг 15 фоизидан ортиқ бўлмаслиги керак. Спорт соҳасидаги фаолиятда бизнинг мигрантларимиз сони ходимларнинг 25 фоизидан, йўловчи ташувчи ва юк ташувчи транспортда – 26 фоизидан ортмаслиги лозим. Яна иккита соҳада ишлаш учун мигрантларга рухсат бериш чекланган, бу – сабзавот етиштириш ва қурилиш. Масалан, қишлоқ хўжалиги корхоналари бизнинг мигрантларимиз орасидан фақат 50 фоиз ишчи олиши мумкин, қурилишда бу кўрсаткич – 80 фоизгача.

ЕОИИга аъзо бўлиш Ўзбекистон учун меҳнат миграцияси муаммосини ҳал этиш имконини яратиши мумкин. Шунда Ўзбекистон фуқаролари ташкилот доирасидаги барча афзаллик ва имтиёзлардан фойдалана оладилар ва меҳнат шартномаси тузилган тақдирда, Россияда хоҳлаганча муддат бўла оладилар.

Муаммолардан яна бири: МДҲнинг ЕОИИ иштирокчиси бўлмаган “визасиз” мамлакатларидан борган фуқаролар легал асосда ишга жойлашишлари учун патент олишлари талаб этилади. Россияда патент нархи ҳудудга қараб турлича бўлиб, аксарият жойда ойига тахминан 4 минг рублни ташкил этади. Мигрантлар энг кўп қизиқадиган Москвада 2020 йил 1 январидан бошлаб, патент нархи 7 фоиз ошиб, ойига 5 350 рубль (қарийб 85 доллар) бўлди.

ЕОИИга кириш бу муаммони ҳам ечиши мумкин. Патент учун тўлов бекор қилинса, мигрантлар умумий миқдорда йилига 3 миллиард доллар ютадилар. Бундан ­ташқари, ЕОИИга аъзо бўлингач, унинг таркибидаги мамлакатларга борган мигрантлар ярим йилдан сўнг ўша ердаги солиқ тўловчилар тоифасига киришади. Мисол учун, Россиянинг ўзида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини мигрантлар 30 фоиз эмас, 13 фоиздан тўлай бошлашади.

Бешинчи ижобий жиҲат. Меҳнат мигрантларининг рақобатбардошлиги ортиши.

Ўзбекистонда олинган деярли барча дипломлар бутун ЕОИИ ҳудудида тан олинади. Бу эса, иш берувчилар учун Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ўрнатилган чекловларни олиб ташлаш ва тартиб-таомилларни соддалаштиришга олиб келади, яъни уларнинг ҳамкор давлатлар меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги ортади.

Олтинчи ижобий жиҲат. Меҳнат мигрантларининг ижтимоий ­ҳимояси.

ЕОИИга аъзо бўлиш Ўзбекистон фуқароларига ташкилот банк тизимининг молиявий хизматларидан, масалан, заём, кредит ва пенсия ­жамғармаларидан фойдаланиш имконини беради.

2019 йил декабрда ЕОИИ доирасида ташкилот аъзо-давлатлари ­фуқароларининг пенсия таъминоти тўғрисидаги битим имзоланди. Бу эса меҳнат ресурсларининг ягона бозорини яратиш жараёнида муҳим воқеа бўлди.

Бундан ташқари, ЕОИИнинг Иқтисодий комиссияси “Узоқ муддатли шартнома асосида ишлайдиган меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларига иш билан банд бўлган мамлакатида вақтинча ёки доимий яшаш ҳуқуқини бериш тўғрисида”ги Низомни қабул қилмоқчи. Бу ташкилотга кирувчи мамлакатларда ишлаб юрган 3 миллиондан зиёд Ўзбекистон фуқароларининг аҳволи яхшиланади, деганидир. Агар ушбу ҳужжат қабул қилинса, мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари учун мажбурий тиббий суғурта ҳам кўзда тутилади. Фарзандлари учун эса, ота-оналари яшаб, иш­лаётган мамлакатда таълим олиш, мактабгача таълим муассасаларига қатнаш ҳуқуқи берилади.

Еттинчи ижобий жиҲат.

Таълим соҳаси.

Бу олий ва ўрта таълим тўғрисидаги дипломларнинг сўзсиз тан олиниши, интеллектуал мулк ҳимояси, илмий-техник интеграция масалаларига тегишли. Бугунги кунда қарийб 36 минг нафар ўзбекистонлик талаба ЕОИИга аъзо мамлакатларнинг олий ўқув юртларида, шу жумладан, Россияда – 30 минг, Қозоғистонда – 3,7 минг, Қирғизистонда – 1,8 минг, Беларусда – 2 минг нафар талаба таҳсил олмоқда.

Шу билан бир қаторда, ЕОИИга аъзо бўлишдан айрим салбий омиллар ҳам ­кутилиши мумкинлигини, албатта, ҳисобга олиш зарур.

Бунинг учун, бир томондан ЕОИИ аъзолари бўлган мамлакатлар экспертлари ва сиёсий доира вакилларининг, иккинчи томондан Ўзбекистондаги жамоатчилик фикрини таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, бир қатор салбий жиҳатлар аниқлангани ойдинлашади.

Масалан, ташкилотга кириш ички бозорнинг очиқ бўлишига олиб келади, яъни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз ­бошқа мамлакатларда тайёрланган маҳсулот билан рақобат қилиши керак бўлади. Шу боис бўш ривожланган тармоқларимиз ва корхоналаримиз катта зарар кўриб қолиши ҳеч гап эмас. Ўзбекистон корхоналари ЕОИИ маконида рақобатбардош бўла оладими?

Шунингдек, шерик-давлатларнинг бозорида бизнинг корхоналаримиз ишлаб чиқарган машинасозлик, тўқимачилик, чарм-пойабзал, фармацевтика, кимё саноати, қурилиш материаллари каби маҳсулотларни сотиш – таваккалчиликни ­талаб қилади. Айни пайтда Ўзбекистон бозори (шу жумладан, ЕОИИ мамлакатларидан реэкспорт орқали) арзон товарлар, мисол учун, машинасозлик, қора металлургия, озиқ-овқат саноати, гўшт-сут ва ёғ-мой маҳсулотлари билан тўлиб ­кетиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Шу боис кун тартибидаги асосий масала маҳаллий бизнеснинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашдан иборат бўлиб, у аъзоликка кириш бўйича тактикани белгилаб беради. Яъни пухта ўйланган бу тактикани ишлаб чиқиш, бир томондан тармоқларнинг рақобатдошлигини оширишни кўзда тутса, иккинчи томондан – аъзоликка киришнинг шартларини келишиш талаб этилади, масалан, иқтисодиётнинг айрим тармоқлари ЕОИИ доирасидаги фаолиятга мослашиши учун ўтиш даврини белгилаш зарурати каби.

Бундай шароитда маҳаллий иқтисодиётни, ташқи савдони ва миграция оқимини фақат оқилона диверсификация қилишгина мамлакатимизни конъюнктура тебранишларидан ҳамда сиёсий асосланган чекловлардан асраб қола олади.

Маълумки, Ўзбекистон ўзи имзолаган барча халқаро ҳужжатларга нафақат оғишмай риоя қилади ва улар бўйича олинган мажбуриятларни бажаради, балки ушбу ҳужжатларни тайёрлаш жараёнига ҳам жиддий ёндашади. Демак, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ­иттифоқига аъзо бўлиш ёки бўлмаслик масаласида юқорида келтирилган ва бошқа эҳтимолий ижобий ва салбий омилларни чуқур таҳлил қилгандан кейингина қарор қабул қилишини ташкилот аъзолари ҳам яхши тушунадилар, деб ўйлаймиз.

Шу муносабат билан Республика ишчи гуруҳини тузиш, унинг таркибига малакали мутахассисларни киритиш, яъни аъзоларни лавозимига қараб эмас, балки касбий билимлари, лаёқатига қараб танлаш мақсадга мувофиқ бўларди. Гуруҳ ишининг пировард натижаси жиддий ва чуқур таҳлилий маъруза тайёрлашдан иборат. Унда қуйидагилар акс этиши лозим:

 ЕОИИда иштирок этишдан нимани хоҳлаймиз, қандай аниқ натижаларга эришишимиз мумкин?

 Россия ва ташкилотнинг бошқа аъзолари бизнинг ушбу лойиҳадаги иштирокимиздан нимани кутмоқда?

 Қандай геосиёсий хатарлар, шу жумладан, Ўзбекистоннинг суверенитети учун қандай хатарлар келиб чиқиши мумкин?

 Ўзбекистоннинг мазкур тузилмадаги иштироки унинг Жаҳон савдо ташкилотига киришига тўсқинлик қилмайдими?

 ЕОИИ аъзолари ўртасида манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқариши мумкин бўлган омиллар борми?

 Божлар, акцизлар, божхона қоидалари, техник регламентлар каби ЕОИИда амалда бўлган меъёрлар бизнинг миллий манфаатларимизга нечоғли мос ­келади?

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда гўёки “жамоатчилик фикри”ни “дастак” қилиб, кераксиз “муҳокама уюштириш”нинг олдини олиш мақсадида, шунингдек, ушбу масаланинг иқтисодий жиҳатлари аҳоли учун нақадар муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг тегишли қўмиталарида ойига бир марта Ишчи гуруҳининг очиқ пар­ламент эшитувларини ўтказиш, уларга журналистлар ва жамоатчилик вакилларини таклиф этиб, кенг жамоатчиликка ахборот бериб бориш амалиётини жорий этиш мақсадга мувофиқ.

Фақат ана шундай жиддий, очиқликка асосланган иш олиб бориш натижасидагина Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш бўйича мамлакатимиз учун энг мақбул хулосага келиш мумкин бўлади. Аммо якуний қарор ташқи сиёсатимизнинг асосий тамойили – Ўзбекистоннинг миллий-давлат манфаатлари устуворлиги, яна бир бор устуворлиги тамойилига риоя қилинишини таъминлаши шарт. Президент ­Шавкат Мирзиёев шу йил 20 январь куни Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида ­таъкидлаганидек, “Сиёсий нуқтаи назардан шуни билингларки, мустақиллигимизни ҳеч ким бериб қўймайди. Бу сизларнинг қўлингизда ва халқ ишонч билдирган Президентнинг қўлида”.

********

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш ёки бўлмаслик масаласида ижобий ва салбий омилларни чуқур таҳлил қилгандан кейингина қарор қабул қилади.

********

«Дунё полицентрик кўриниш олади, ҳар бир қитъада бир-иккита етакчи давлатлар устун бўлади. Булар – АҚШ, Бразилия, Мексика, Хитой, Ҳиндистон, Миср, Россия, ЕИ (давлатнинг барча аломатларига эга бўлмаса-да)»

Қудратилла Рафиқов

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси.