05.02.2020. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг нутқлари, чиқишлари, халқ билан ўтказиладиган мулоқотларида одамларни рози қилиш, уларнинг даромадларини ошириш, турмуш шароитларини яхшилаш, янги иш ўринларини барпо этиш, меҳнаткашларга муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш, барча соҳаларда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари учун манзилли ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш давлат органларининг вазифаси эканлигини таъкидлаб келади.
Давлатимиз раҳбари томонидан инсон манфаатларини кўзлаган ҳолда олиб борилаётган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш, тизимли ислоҳотлар натижасида халқимизнинг турмуш даражаси ва сифати кўтарилишини таъминлаш – нафақат давлат органлари, балки иш берувчилар ва касаба уюшмаларининг ҳам устувор вазифаси бўлмоғи зарур. Бунда давлат органлари, иш берувчилар ва касаба уюшмалари, яъни ижтимоий шериклар ўртасида таъсирчан ижтимоий мулоқотни йўлга қўйиш ижтимоий-меҳнат муносабатларида барча тарафларнинг манфаатлари инобатга олинишига, жамиятда барқарорлик ва ижтимоий тотувлик қарор топишига хизмат қилади.
Республикамизда ижтимоий шерикларнинг конструктив ҳамкорлиги натижасида Бош келишув, тармоқ ва ҳудудий келишувлар, корхона, ташкилот ва муассасаларда эса – жамоа шартномаларини тузиш амалиёти йўлга қўйилган. Бош келишув меҳнат соҳасидаги уч томонлама ижтимоий шерикликнинг энг муҳим ҳужжати ҳисобланади ва республикамизда ижтимоий-иқтисодий масалалар хусусида келишиб сиёсат олиб боришнинг умумий принципларини белгилаб беради. Бундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 48-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2020-2022 йиллар учун ишлаб чиқилган Бош келишув имзоланди.
Ҳукумат номидан – Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ниғматович Арипов;
ходимлар ташкилотлари номидан – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Мирсагатович Рафиков;
республика иш берувчилар бирлашмалари номидан – Ўзбекистон Иш берувчилари Конфедерацияси бошқарув Кенгаши раиси Адҳам Илхамович Икрамов томонидан имзоланди.
Мазкур келишув бугунги кунда мамлакатда долзарб бўлган ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимига доир қатор тадбирларни ўз ичига олган.
Хусусан, иқтисодиётни, маҳаллий ишлаб чиқаришни ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида тарафларнинг эътибори иқтисодиётнинг реал секторини жадал ривожлантириш, саноатни ва ташқи савдони диверсификация қилиш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, тайёр маҳсулот экспортини рағбатлантириш билан бир қаторда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш чораларини жорий этиш ҳисобига милий иқтисодиёт рақобатбардошлиги ва барқарорлигини оширишга доир ишларни ҳамкорликда олиб боришга қаратилди.
Ушбу мақсадларда биринчи галда саноатни самарали ривожлантириш ва жойлаштириш ҳамда инвестицияларни жалб қилиш учун иқтисодий ва ихтисослаштирилган зоналар, тармоқ кластерлари, кичик саноат зоналари, инновацион марказлар, технопарклар, ко-воркинг марказлари яратаётган имкониятлардан кенг фойдаланишга эътибор қаратилиши лозим.
Норма ижодкорлиги ишларида иштирок этиш ва ходимларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш йўналиши янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, амалдагиларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, меҳнат ҳуқуқи масалалари бўйича аҳоли билан қайта алоқа механизми каналлари сонини кўпайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масалаларини қамраб олган.
Бу борада Халқаро меҳнат ташкилотининг: ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса юз берганда меҳнат қилувчиларга товон тўлаш, иш ҳақини ҳимоя қилиш, ҳақ тўланадиган таътиллар, оилавий мажбуриятлари билан меҳнат қилувчилар, касаначилик, оналикни муҳофаза қилиш, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси масалаларига тааллуқли конвенцияларини миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш имкониятларини ўрганиб чиқиш хусусида келишиб олинди.
Ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунига биноан касаба уюшмалари инспекцияларининг фаолиятини йўлга қўйиш, ижтимоий шериклар томонидан ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш оқибатларини енгиллаштиришга қаратилган маслаҳатли ишларни амалга ошириш каби вазифалар режалаштирилди.
Бош келишувда меҳнатга ҳақ тўлаш, даромадлар ва аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш масалалари ҳам акс эттирилган бўлиб бунда асосий вазифа сифатида меҳнаткашларнинг реал иш ҳақи ва даромадларини ошириш ишлари белгилаб олинди.
Ҳукумат, иш берувчилар ташкилотлари ва касаба уюшмалари ўртасида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилаш бўйича уч томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш лозимлиги қайд этилди.
Нобюджет ташкилотларининг жамоа шартномалари орқали табиий-иқлим шароитлари оғир ва ноқулай деб ҳисобланадиган айрим жойлар рўйхатига кирмаган жойларда ишлаганлик учун ҳам устамалар ва қўшимча таътилларни ўрнатиш, ишларнинг айрим технологик турлари, ишлаб чиқаришлар ва иқтисодий фаолият турлари бўйича ишчиларнинг тариф ставкаларини оширишнинг тармоқ коэффициентларини белгилаб қўйиш, кўчма ва қатнаш тусидаги ишлар учун устамаларни тўлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги 743-сонли қарори талабларини қўллаш мақсадга мувофиқ деб топилди.
Иш ҳақи ўз вақтида тўланиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори стандартларига риоя этилиши устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш масаласи ҳам Бош келишувга киритилди.
Меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш масалалари Бош келишувнинг аҳамиятли йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шундан келиб чиқан ҳолда келгуси даврда норасмий иқтисодиётдан расмий иқтисодиётга ўтиш концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ўта муҳим вазифа деб эътироф этилди.
Ҳужжатда таълим муассасалари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилиши ва иш ўринларида қўнимлилиги таъминланиши учун иш берувчиларни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш белгилаб қўйилди. Бандликнинг беқарор турларида банд фуқаролар ҳуқуқлари таъминланишига, шунингдек хусусий бандлик агентликлари фаолияти устидан давлат ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга кўмаклашиш лозимлиги қайд этилди.
Меҳнат муносабатларида ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлиги принципидан келиб чиққан ҳолда, тарафлар ўз зиммаларига меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тизимини жорий этиш, унинг фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлашда иштирок этиш мажбуриятларини олдилар.
Мазкур йўналишда ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш, иш ўринларида меҳнат шароитлари аҳволи устидан назоратни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси бўйича талаблар ва нормалар стандартларини ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиладиган бўлди.
Ижтимоий кафолатлар ва ижтимоий ҳимоя соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қўйилган вазифалардан келиб чиқиб 2030 йилгача аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш стратегиясини ҳамкорликда ишлаб чиқиш таклифи Бош келишувга киритилди.
Фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурлари бажарилишига ҳартомонлама кўмаклашиш, жамоа келишувлари ва шартномалари орқали кам таъминланган оилаларга, болали оилаларга, уруш ва меҳнат фахрийларига доимий равишда моддий ёрдам кўрсатиб бориш режалаштирилди.
Маданий-маърифий ишлар, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш борасида қуйидагилар кўзда тутилди:
– даволаниш ва дам олиш учун замонавий шароитлар яратиш, санаторий ва дам олиш уйлари, шунингдек, болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ўринлар сонини кўпайтириш ҳамда уларни модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратиш;
– ходимларга жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун етарли шароитлар яратиб бериш;
– болалар соғломлаштириш оромгоҳларида «Меҳрибонлик» уйлари тарбияланувчилари, шунингдек республиканинг экология жиҳатдан ноқулай минтақаларида истиқомат қилувчи болалар соғломлаштирилишига кўмаклашиб бориш;
– ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар йили маданий дам олдириш, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида саёҳатларини амалга ошириш ва соғломлаштиришни ташкил этиш.
Бош келишувда аёллар ва ёшлар учун қўшимча кафолатлар ўрнатиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббуси” бўйича дастурларидан келиб чиқиб уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ижтимоий шерикларга тавсия этилди.
Меҳнат муносабатларининг гендер жиҳатларини тўла инобатга олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунида кўзда тутилган кафолатларга риоя этилишини ҳамда имтиёзлар берилишини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Бош келишувда ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликни ривожлантириш масалалари алоҳида ўрин тутади.
Жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарда, шунингдек пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари (кластерлар)да касаба уюшмаси ташкилотини тузишга кўмаклашиш тавсия этилди.
Ҳужжатда ягона музокара жараёни қоидалари, яъни тармоқ келишувлари ва жамоа шартномалари тузишининг кетма кетлиги мустаҳкамлаб қўйилди ва улар лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш талаби қўйилди.
Шунингдек, ҳар йили долзарб ижтимоий иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш учун касаба уюшмалари фаоллари ва иш берувчиларнинг Ҳукумат, вазирликлар, идоралар вакиллари билан жамоатчилик эшитувларини ташкил этиб бориш вазифаси белгиланди.
Таъкидлаш жоизки, Бош келишув меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликнинг асосий ҳужжати ҳисобланади, доиравий тусга эга бўлиб Ҳукумат, касаба уюшмалари Федерацияси ва иш берувчилар бирлашмалари ҳамкорлигининг асосий йўналишларини белгилаб беради. Келишув меъёрларининг катта қисми тармоқ ва ҳудудий келишувлар, шунингдек жамоа шартномалари орқали амалга оширилиши лозим.
Меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими