13.02.2020. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 6 декабрда қабул қилинган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш бўйича қабул қилинган тадбирлар режасига мувофиқ, февраль-март ойларида ҳудудларда Қонун тарғиботига бағишланган тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ушбу мақсадда, жорий йилнинг 12 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунини амалиётга тадбиқ этиш бўйича тарғибот тадбири Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси катта мажлислар залида бўлиб ўтди.
Тарғибот тадбири Андижон вилоят Бандлик бош бошқармаси, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, вилоят Адлия, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Касб-ҳунар таълими, Соғлиқни сақлаш, Жисмоний тарбия ва спорт, Маданият бошқармалари, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, вилоят “Маҳалла” фонди, “Нуроний” жамғармаси Кенгаши, Мудофаа бўлими вакиллари, касаба уюшмалари туман, шаҳар кенгашлари ҳамда бирлашган ва бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари иштирокида ташкил этилди.
Тарғибот тадбирида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аппаратининг Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Каримова, Юридик бўлими етакчи юрисконсульти Наргиза Асадова, Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раисининг ўринбосари Ҳамидулло Матисаевлар мавзуга оид маърузалар билан қатнашдилар.
Маърузачилар “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг долзарблиги ва аҳамияти, корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшмаларининг ўрни, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари ва аъзолари учун яратилган имкониятлар, ижтимоий шериклик муносабатлари, жамоа шартномалари орқали меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, касаба уюшмалари инспекцияларини тузишнинг аҳамияти каби масалалар юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирдилар.
Тадбир савол-жавоб ва мунозара тарзида ташкил этилиб, бошқарма, идоралар вакиллари ва бошланғич касаба уюшма қўмита раислари фаол иштирок этдилар.
Тадбирда 250 нафардан ортиқ касаба уюшма фаоллари ва иш берувчилар вакиллари қатнашдилар.
Тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Дилфуза Исамиддинова
Андижон вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши аппаратининг Ташкилий ишлар бўлими етакчи мутахассиси