14.02.2020. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси чуқур мазмун ва катта аҳамиятга эгалиги, юртимизнинг барча соҳаларига алоқадорлиги, маълумотлар таққослама ва аниқ рақамларга асосланиб келтирилганлиги боис барчада бирдек катта қизиқиш уйғотди.
Хусусан, унда 2019 йил давомида амалга оширилган ишлар, жорий ва келгуси йилларга мўлжалланган устувор йўналишлар, ички ва ташқи сиёсатнинг асосий вазифалари баён этилиб, улкан ташаббуслар илгари сурилди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Мурожаатномада илм-маърифат ва технологиялар ривожига алоҳида аҳамият қаратди. Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида, Президентимиз 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном беришни таклиф этгани ҳар бир фуқаро учун янада дадил илдамлаш учун жуда катта даъват бўлди.
Чунки, замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш барча учун узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айлансагина, тараққиётга эришиш имкониятлари кенгаяди. Бунинг учун эса рақамли билимлар ҳамда замонавий ахборот технологиялари чўққисини забт этишимиз зарур.
Президент Мурожаатномасида ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолаш бўйича ягона кўрсаткичлар ишлаб чиқиш, ёшлар сиёсатини баҳолашнинг миллий индексини жорий этиш зарур эканлигини ҳам таъкидлаб ўтдилар. Бу йил хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг янги поғонага кўтарилиши, ёлғиз кексалар билан ишлаш, иш вақтида жабр кўрганларга тўланадиган тўловларни қайта кўриб чиқиш борасидаги фикрлар бевосита касаба уюшмалари олдидаги масъулиятни янада оширади.
Бугун, янгиланаётган Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ манфаатларига қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлиб, барча соҳаларда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Янгича маъно ва мазмунга эга бўлган бундай тараққиёт йўлида ижтимоий соҳанинг алоҳида ўрни бор. Зеро, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтириш, инсон омилига устувор аҳамият қаратиш мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг асл мақсадидир.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида транспорт-логистика соҳасига ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар: “Маҳсулотларимизни ташқи ва ички бозорларга етказиш, уларнинг таннархини тушириш учун энг катта масала – транспорт-логистика соҳасини ривожлантиришимиз зарур. Темирйўл соҳасида йўловчи ва юк ташиш, эксплуатация ва хизмат кўрсатишни бир-биридан ажратилади”, – деди, жумладан Давлатимиз раҳбари. Шунингдек, Юртбошимиз Мурожаатномада жамиятимизнинг ривожига тўсқинлик қилаётган энг оғриқли масала – коррупция муаммосига тўхталиб, бу иллат турли кўринишда намоён бўлиб тараққиётимизга ғов бўлаётганини алоҳида таъкидладилар.
Хулоса ўрнида шуни қайд этиш жоизки, 2020 йил учун белгилаб берилган ҳар бир устувор йўналишларни бажаришда, шу жумладан темирйўл соҳасидаги улкан режаларни амалга оширишда Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва унинг бошланғич ташкилотлари хамкор ташкилотлар билан биргаликда елкама-елка туриб, Прездентимиз таъбири билан айтганда тарихнинг янги сахифасини яратишга ўз муносиб ҳиссасини қўшади.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Мурожаатномаси оддий одамларнинг дилидаги кўплаб орзу ниятларини акс эттириш билан бирга, уларнинг ҳаётга, эртанги кунга бўлган ишончини оширди ва ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш истагини кучайтирди.
Қутлимурот Сабиров
Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси