17.02.2020. «Ҳудудгаз Тошкент шаҳар» масъулияти чекланган жамияти касаба уюшмаси ташкилотининг ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда қўмита раиси Муяссар Алимхўжаева 2017 йилнинг октябрь ойидан 2020 йил февралгача бўлган давр мобайнида амалга оширилган ишлар тўғрисида батафсил ҳисобот берди.
Таъкидландики, касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчининг ижтимоий шериклигида ходимлар манфаатларини таъминлаш ҳамда уларни ҳар томонлама рағбатлантириш сезиларли равишда кучайтирилиб, хусусан, 2018 йил давомида жамоа шартномаси орқали ҳар бир ходим олган бевосита ва билвосита даромад миқдори 16 миллион 912 минг 257 сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йил февраль ойи ҳолатига ходимларнинг ойлик маошдан ташқари олган даромадлари миқдори 18 миллион 603 минг 483 сўмни ташкил этди.
Корхона ишчилари махсус кийим-бош билан тўлиқ таъминланган бўлиб, зарарли шароитларда ишловчи 416 нафар ходимни сут маҳсулотлари билан таъминлаш, бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, иш жойларини аттестациядан ўтказиш масаласи ҳам тегишли тартибда ўз ечимини топиб борди.
Касаба уюшма қўмитаси ва маъмуриятнинг самарали ижтимоий шериклик асосида олиб борган ишларининг ижобий натижаларини ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш ва дам олдириш ишларида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, ҳисобот даврида 217 нафар ходим санаторийларга йўлланма билан таъминланиб, ўз саломатлигини мустаҳкамлади. Дам олиш масканларида 328 нафар ходим оила аъзолари билан бирга ҳордиқ чиқариш имконига эга бўлди. Шунингдек, касаба уюшма қўмитаси томонидан корхона ходимлари учун саёҳатлар, маданий-маърифий тадбирлар, ишчи-хизматчилар ўртасида шахмат-шашка, мини-футбол, арқон тортиш каби мусобақалар ўтказилди.
Корхона тасарруфидаги «Зангори олов» болалар соғломлаштириш оромгоҳида катта кўламдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, қабул қуввати 360 ўринга етказилди.
Конференция давомида касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи ижтимоий шериклигида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ҳақида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ҳисобот давридаги фаолият ижобий баҳоланиб, касаба уюшмаси қўмитаси раиси Муяссар Алимхўжаева кўпчилик овоз билан ўз лавозимига беш йилга яна қайта сайланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати