04.03.2020. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга” акцияси ўтказилмоқда.
Мазкур ижтимоий акция доирасида меҳнат жамоаларида турли маданий-маърифий тадбирлар, хотин-қизларнинг тарихий шаҳарларга саёҳатлари, спорт мусобақалари ҳамда Давра суҳбатлари уюштирилмоқда. Маданий-маърифий тадбирлар ва Давра суҳбатлари давомида турли соҳаларда меҳнат қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш, Ватанимиз тараққиёти, турмушимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган хотин-қизлар, республикамизнинг чекка қишлоқларида яшовчи ва оилада, меҳнатда, жамиятда илғор бўлган аёллар касаба уюшмалари томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда.
Ана шундай туркум тадбирлар Самарқанд вилоятида ташкил этилди. Хусусан, Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва бирлашманинг Хотин-қизлар комиссияси ҳамкорлигида байрам муносабати билан Самарқанд шаҳридаги “Диёра” тантаналар саройида “Муқаддас аёл” номли маданий-маърифий ўтказилди. Тадбирга вилоятнинг туман ва шаҳарларида, олис қишлоқларида яшовчи, турли соҳаларда меҳнат қилаётган 675 нафар хотин-қиз таклиф этилиб, меҳнатда ва жамият ҳаётида фаоллик кўрсатаётган, ташаббускор аёлларга касаба уюшмалари томоиндан байрам совғалари топширилди.
Тадбир иштирокчилари юртимиздги тинчлик-тотувлик, тўкин-сочинликка шукроналар айтиш баробарида муҳтарам Президентимиз томонидан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги мавқеини ошириш борасида амалга оширилаётган тизимли тадбирлар ва уларнинг ижобий натижаларини эътироф этдилар.
Маданий-маърифий тадбирнинг иккинчи қисмида хотин-қизлар учун Самарқанд шаҳридаги Гўри Амир мақбараси, Регистон майдони, Шоҳи Зинда мажмуаси ва Дониёр пайғамбар мақбараси бўйлаб саёҳатлар ташкил этилди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда энг йирик жамоат ташкилоти бўлмиш Касаба уюшмалари Федерацияси ўз фаолиятида хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Бунда умуммиллий миқёсда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган Бош келишув, республика миқёсида амал қилаётган тармоқ ва ҳудудий келишувлар, корхона, ташкилотлар ва муассасаларда касаба уюшма қўмиталари ва иш берувчилар ўртасида тузилган жамоа шартномалари муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ишловчи хотин-қизларнинг ижтимий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жамоа шартномаларига “Аёллар меҳнатини тартибга солиш. Аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар” бўлими киритилиб, улар орқали хотин-қизлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда, хомиладор ва ёш болали аёллар, 12 ёшгача фарзанд тарбияси билан банд бўлган ишловчи аёллар қатор имтиёз ва кафолотлардан фойдаланмоқдалар. Жамоа шартномалари орқали аёллар учун қўшимча имтиёзлар яратилиб, меҳнатни бола тарбияси билан қўшиб олиб бориш, оналик ва болаликни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Шунингдек, хотин-қизлар меҳнати муҳофазаси борасидаги ишлар кучайтирилиб, иш жойларида улар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилганлиги устидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда.
Хотин-қизлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини мустаҳкамлаш масаласи ҳам Касаба уюшмаларининг доимий диққат марказидадир. Таъкидлаш зарурки, ҳар йили касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда соғломлаштирилаётган меҳнаткашларнинг қарийб 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Касаба уюшма ташкилотлари томонидан эҳтиёжманд оилалардан бўлган хотин-қизларнинг имтиёзли ва бепул йўлланмалар билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яна бир аҳамиятли жиҳат шундаки, Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги бир қатор санаторийларда “Она ва бола” бўлимлари ташкил этилган бўлиб, уларда она ва болаларнинг биргаликда соғломлаштирилиши ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати