21.03.2020. Президент Шавкат Мирзиёевнинг эзгу ташаббуслари Марказий Осиё ҳаётига кўклам нафасини олиб кирди
Мени бир зиёли, қолаверса, сиёсатшунос сифатида жамиятлардаги ўзгаришлар, турли истиқболли моделлар доимо қизиқтириб келган. Таҳлилчилар Сингапур, Корея, Япония, Европа жамиятлари ҳақида керагидан ортиқ гапиришади. Тўғри, бу давлатларда оламшумул ислоҳотлар қилинган ва буни ўша мамлакатларнинг бугунги тараққиёти ҳам кўрсатиб турибди. Бироқ кўпчилик ҳолларда бу ривожланиш таъсири ўз доирасидан ташқарига чиқолмаган. Яъни ўша давлат ва жамият учун индивидуал характер касб этган. Лекин сиёсат шундай кучки, унинг воситасида ақлли, иродаси мустаҳкам сиёсий лидерлар ва миллий йўлбошчилар ўз қарорлари билан нафақат ўз давлати, балки ўзи жойлашган минтақа, ва ҳатто, дунё сиёсий иқлимида кескин ўзгариш ясашган.
Бунга тарихдан бир қанча мисоллар келтириш мумкин. Моҳиятан қараганда, стратегик муҳим ҳудуд (Ўзбекистон минтақадаги тўрт, Афғонистонниям қўшганда, беш давлат билан чегарадош ягона давлат), Буюк Ипак Йўли марказида жойлашган, аҳоли сони бўйича минтақада етакчи мамлакат бўлган Ўзбекистон қабул қиладиган қарор кўп жиҳатдан 70 миллион (Афғонистонни қўшса, 100 миллион) нафардан ошиқ аҳоли яшайдиган ҳудуд манфаатларига ҳам доим ўз таъсирини ўтказиб келган.
Буни кўп узоққа бормай, мамлакатимизда кейинги уч йилда қабул қилинган миллий, минтақавий ва глобал даражадаги “сиёсий қарорлар”нинг ижобий натижалари мисолида ҳам кўриш имкони бор. Бугун маҳаллий ва халқаро таҳлилчилар Ўзбекистоннинг изоляциядан чиққани ҳамда қўшнилар билан яқин алоқага киришгани минтақа, қолаверса, дунё жўғрофий сиёсатида янги уфқ пайдо қилганини холисанилло эътироф этишмоқда. Албатта, Ўзбекистоннинг мавжуд салоҳияти минтақа ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ҳаётида тарихан муҳим “маркер” вазифасини ўтаб келганини ҳеч ким инкор этмайди. Бироқ ортда қолган йигирма йиллик “хонанишинлик” нафақат Ўзбекистоннинг ўзига, балки қўшни давлатлар истиқболига ҳам сезиларли соя ташлаганини таҳлилчилар яширишмаяпти…
Масалага шу тариқа ёндашадиган бўлсак, Президентнинг шу йилнинг январида янги Олий Мажлисга Мурожаатномаси бу борада муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Ушбу мурожаат мазмун-моҳияти билан Ўзбекистоннинг кенг кўламли сиёсатини белгилайди. Мажозий маънода айтганда, мамлакатнинг орзу-истагини, мақсадини ифода этади. Президентимиз ўз Мурожаатномаси орқали белгилаб берган стратегик позициялар ичида энг кўп диққатимни тортгани иккита муҳим масала бўлди. Шу боис, мен ўз мулоҳазаларимни кўпроқ шулар атрофида баён қилишни лозим топдим.
Булар – биринчидан, ташқи сиёсат, хусусан, минтақада тинчликни таъминлаш мамлакатимиз ривожланиш стратегиясининг устувор йўналиши этиб белгиланганидир;
иккинчидан, жамиятда ҳеч қачон тан олинмаган камбағаллик омилининг тан олиниши ва унга барҳам бериш йўлларининг қидирилаётгани…
Шу икки йўналиш, ўйлайманки, нафақат Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ўзида акс эттириши билан, балки бутун бир минтақа ҳаётига дохиллиги билан ҳам ажралиб туради. Қолаверса, бу “миллий концепция” Ўзбекистоннинг ташқи имижига ҳам ижобий таъсир этади.
“АФҒОН БЎҲРОНИ”
Мана, масалан, биргина минтақа хавфсизлиги масаласи. Сир эмаски, ўтган асрнинг 90-йилларида Марказий Осиёда пайдо бўлган беш мустақил давлатни Афғонистондаги сиёсий беқарорлик мудом патакдаги қуртдай бесаранжом тутиб, келажакларини хавотирга солиб келади. Шу боис, бу ҳудудда яшовчи, ўтмиши муштарак халқлар тинчликнинг қадрини бошқалардан кўра теранроқ англашади десам, бор ҳақиқатни айтган бўламан, назаримда. Зотан, у ерда қирқ йилдан буён давом этиб келаётган уруш оқибатлари ва хавфи бир-бирига қўшни бўлган бошқа халқларнинг ҳам бехавотир яшашига имкон бермаган.
Президент ўз Мурожаатномасида минтақада тинчликни сақлаш ва яқин қўшничиликни, стратегик ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида шундай деди: “Биз Ўзбекистон ташқи сиёсатини фаоллаштириш юзасидан бошлаган кенг кўламли ишларни, миллий манфаатларимизга жавоб берадиган, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат йўлини давом эттирамиз. Олис ва яқиндаги барча давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини, узоқ муддатли ва кўп қиррали шерикликни янада кучайтирамиз.
….Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар билан барча соҳаларда ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги муносабатларни мазмун ва сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишимиз зарур…”.
Эътибор берган бўлсангиз, шундан кўп ўтмай, шу йилнинг февраль ойида Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Доҳада АҚШ ва Афғонистондаги сиёсий кучлар ўртасида тинчлик сулҳи имзоланди. Бу ечимга эришишда Ўзбекистоннинг иштирокчилиги, ўйлайманки, мамлакатимизнинг ўз тарихий миссияси – минтақадаги етакчилик анъанасини яна қўлга олганини англатади. Аслини олганда, матбуотимиз деярли эътибор бермаган, ёритганда ҳам шунчаки, юзаки шарҳлар билан чекланган бу ҳодиса, контекстига кўра “аср ҳодисаси”, деб айтишга арзирли воқеа эди. Инчунун, бу моҳиятан, қарийб ярим асрдан буён уруш олови ўчмаётган, бутун умрини ўқлар ёмғири остида ўтказаётган жафокаш афғон халқи, ниҳоят тинчликка эришиш йўлида муҳим қадам ташлаганини, дунё харитасида “қирмизи” ранг билан кўрсатиладиган хавфли ҳудудда вазият ниҳоят ўнгланиш сари юз тутганини англатарди. Қолаверса, ушбу “сулҳ” минтақанинг нафақат сиёсий, балки иқтисодий истиқболини ҳам белгиларди…
Бугун шуни ишонч ва фахр билан айтамизки, қўшни Афғонистонда ўрнатилаётган тинчликда бевосита Ўзбекистоннинг, Президент Мирзиёевнинг муносиб улуши бор…
Таъкидлаганимиздек, яқинда Доҳада АҚШ ва “Толибон” гуруҳи ўртасида узоқ кутилган тинчлик битимини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Мазкур жараён афғонлараро умуммиллий ярашувга пойдевор қўйгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Бу ўринда айтиш керакки, тарафларнинг бир тўхтамга келиши ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бу борада Ўзбекистон томони катта куч сарфлади. Хусусан, қисқа фурсат ичида “Афғон масаласи”га дахлдор сиёсий кучлар ва давлатлар билан турли даражаларда музокаралар ўтказилди. Қолаверса, урушаётганларни муроса-ю мадорага олиб келиш юзасидан ҳам ўзбек дипломатлари жонбозлик кўрсатишди. Зотан, расмий Тошкент Афғонистонни минтақанинг ажралмас қисми, деб билади. Ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатлар жуда муҳим ва долзарб масала бўлиб, Марказий Осиёнинг мустаҳкам ривожланиши геополитик макон сифатида Афғонистондаги вазият барқарорлашуви билан бевосита боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёев бир неча бор таъкидлаб ўтганидек, афғон муаммосини ҳал этмай туриб, тинч ва юксак даражада тараққий этган Марказий Осиё ҳақида гапириб бўлмайди.
Шу маънода, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2018 йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги халқаро конференция Ўзбекистоннинг афғонлараро тинчлик жараёнини фаоллаштиришга қўшган ҳал қилувчи ҳиссаси бўлди.
Ўзбекистон Президенти Тошкент конференциясида чиқиш қилар экан, Афғонистондаги можарони ҳал қилиш йўлларининг аниқ стратегик ёндашувларини кўрсатиб, “Расмий Тошкентнинг афғон сиёсати”га доир устувор йўналишларини белгилаб берган ва булар Афғонистон Ислом Республикасида тинчликни ўрнатиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш асосига айланганди.
“Тошкент декларацияси”нинг якдиллик билан қабул қилиниши форумнинг муҳим мантиқий якунига айланди. Зеро, унда Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликни ўрнатишнинг асосий принципларига нисбатан минтақавий ҳамда глобал даражада тўлиқ муроса ўз ифодасини топди…
Албатта, Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик жараёнини илгари суриш бўйича қандай роль ўйнаганини Қатарда бўлиб ўтган тадбир иштирокчилари холис ва ўз навбатида, эътироф этган ҳолда етарлича шарҳлашди. Шу боис, ҳозир ушбу тарихий музокаралар ва англашувнинг Ўзбекистон, қолаверса, минтақа ижтимоий-иқтисодий ҳаётига таъсири ҳақида қисқача тўхталиш жоиз, деб ўйлайман.
Бугунги глобал дунёда жаҳон бозорига чиқиш, у ердан ўрин эгаллаш жуда мураккаб масала эканини сиёсатчи ёки иқтисодчи бўлмаган одам ҳам яхши англайди. Шундай бир пайтда, Афғонистонда ўрнатиладиган тинчлик минтақа давлатларига катта имкониятлар ваъда қилиши мумкин. Хусусан, бу Марказий Осиё давлатлари учун шу пайтгача ёпиқ ва хатарли бўлиб келган жануб сари йўлни очади. Биламизки, жанубимизда биз ҳали тўлиқ ўзлаштирмаган, аҳолиси қарийб 1,5 миллиард нафар (Афғонистон, Эрон, Покистон, Ҳиндистон) бўлган иқтисодий бозор бор.
Бу, ўз-ўзидан кўриниб турибдики, ҳозирда биз аъзо бўлиш-бўлмаслигимиз кўриб чиқилаётган Евроосиё иқтисодий иттифоқи бозоридан аҳоли сони жиҳатидан бир неча баробар каттадир. Лекин таассуфки, қўшни мамлакатдаги узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган уруш минтақани бу имкониятлардан мосуво этди. Ва айнан шу манфий омиллар Афғонистонни кесиб ўтувчи кўплаб трансчегаравий лойиҳалар, жумладан, минтақани Форс кўрфази бандаргоҳларига олиб чиқадиган темир ва автойўл магистраллари, электр энергетикаси ва газ соҳасидаги йирик халқаро тоифадаги линияларнинг поёнига етишига халал бериб келганини бугун ҳамма билади. Масалан, бу ўринда минтақамиз учун ўта истиқболли ҳисобланган, бироқ бевосита “Афғон омили” сабаб тўхтаб турган энергетика ва газ экспортини кўзловчи CASA-1000 ва ТАПҲ (Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон газ қувури) лойиҳаларини келтириш мумкин.
Туркманистон бу йўналишда иш бошлаганига анча вақт бўлган. Бироқ ушбу линияни молиялашдан ташқари, афғон ҳудудидаги сиёсий беқарорлик айни лойиҳани амалга оширишда асосий муаммо бўлиб турибди.
Айрим экспертлар ТАПҲ ҳам CASA-1000 лойиҳаси сингари қурилиш тугагандан сўнг хавфсизлик билан боғлиқ жиддий муаммога дуч келади, деб қарашмоқда. Аслида, Афғонистон ҳукумати Туркманистон гази транзити учун 400 миллион долларга яқин пул олишни режалаштирган. Бунинг учун эса газ қувури тўлиқ ишлаши керак, аммо бугунгача бунга эришиш амри маҳол, деб қараб келинди. Мабодо йирик тушумлар мамлакатлар бюджетини тўлдирадиган ҳамда террорчилик ва экстремистик ташкилотларга қарши кураш йўлида ишлатиладиган бўлса, бу ўша ташкилотлар вакиллари ушбу инфратузилмага тез-тез ҳужум қилиб туришига туртки беради, деган тахмин ҳозиргача ўз кучида турибди.
Экспертлар фикрича, ТАПҲ тақдири муаллақлигича қолмоқда, чунки иккита асосий масала – уни ким лойиҳалаштириши ва Афғонистон ҳудудида газ қувури хавфсизлигини ким таъминлаши ҳамон ҳал этилгани йўқ. Бироқ АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида эришилган келишув масаланинг ечимида муҳим роль ўйнаши мумкинлигини мутахассислар ва дипломатлар инкор этишмаётир. Келишувга кўра, АҚШ томони 10 мартдан қўшинларини олиб чиқиб кетишга старт берди. Натижада, афғон диёрида америкалик зобит ва аскарлар сони 13 мингдан 8,6 минг нафаргача қисқартирилади. Бунга келишув истиқболига умид уйғотадиган қадам сифатида қараса бўлади.
Энди иккинчи лойиҳа – CASA-1000 ҳақида. Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудида бу ишланма бўйича электр энергиясини узатишга мўлжалланган электр узатиш линиялари мавжуд. Айни вақтда шунга боғлиқ инфратузилма барпо этилмоқда. Бундан ташқари, CASA-1000ни қуриш учун кўп харажат талаб этилмайди, чунки иккала мамлакатда ҳам фойдаланиш мумкин бўлган “Шимол – Жануб” лойиҳалари тугалланган. Бошқача айтганда, Марказий Осиё ҳудудида зарур инфратузилма яратилиб бўлинган.
Бироқ бу ўринда ҳам яна “Афғон омили” ўртага чиқади. Табиийки, асосий тўсиқлардан бири Афғонистондаги вазият беқарорлигидир. Ушбу электр узатиш линияси ўтадиган мамлакат шимолида террорчилик ҳужумлари сони ортаётгани CASA-1000 қурилишини ортга сурмоқда. Дастлаб ушбу лойиҳада 300 мегаватт электр энергияси нинг афғон истеъмолчиларига берилиши назарда тутилган эди. Энди ушбу ҳажм Покистонга экспорт қилинади. Бинобарин, ушбу лойиҳа афғон халқи учун потенциал электр энергияси манбаидан расмий ҳукумат потенциал дивидендлар олишни мўлжаллаётган лойиҳага айланди. Бундай ҳолатда, экспертлар Кобул ҳукумати қонунийлигига путур етказиш учун террорчилик ташкилотлари CASA-1000ни ҳукуматга тазйиқ ўтказишнинг бош мақсадларидан бирига айлантириши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.
Шу бир мисолдан ҳам қўшни давлатдаги сиёсий ва ҳарбий беқарорликнинг минтақа иқтисодиётига ва Марказий Осиё давлатлари миллий истиқболига етарлича рахна солиб келганини англаб олиш қийин эмас. Президентимиз бошлаган тинчлик йўли эса минтақа иқтисодиёти артериясини қирқ йиллик тиқинлардан тозалаб, Марказий Осиё томирларида худди бир пайтлардагидек “тоза қон” оқишини таъминлайди. Бу ўз кўлами ҳамда натижадорлигига кўра жуда улкан ишдир. Ва айнан шу жиҳатлари билан Президент Мирзиёевнинг бу тинчликсевар ташаббуси ва сиёсий жасорати минтақада тинчлик ўрнатиш ҳамда ҳудуд давлатлари миллий иқтисодиётларини тиклаш, қўшни давлатларнинг интеграциялашувини таъминлаш борасида халқаро Нобель мукофотига лойиқ десам, муболаға қилмаган бўламан…
ЭЪТИРОФ ЭТИЛГАН КАМБАҒАЛЛИК
“Фуқаролар адолатсизликдан шикоят қилиши ва бу шикоятлар бир минтақада бошқасидан фарқ қилиши кутилмаган нарса эмас. Ушбу муаммоларга иқтисодиёти бой мамлакатлар ҳам, ривожланган демократик давлатлар ҳам дуч келади”, дейди Марказий Осиёда ислом дини тадқиқотчиси Ной Таккер ўзининг “Худосиз терроризм: Марказий Осиёдаги радикаллашув ва радикаллашувга қарши кураш моделларини қайта кўриб чиқиш” деб номланган тадқиқотида.
Муаллифнинг таъкидлашича, Марказий Осиёдан Сурия урушига кўпчиликнинг ёлланиши у ерда вазиятларни музокара йўли билан ҳал этиш механизмлари йўқлигидандир. Шунинг учун минтақа ҳукуматлари шундай механизмни топишга ҳаракат қилиши керак. Ҳар қандай адолатсизлик ва тенгсизлик, камситиш ва коррупция моҳиятан том маънода сиёсий масаладир.
Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, “постсовет” ўтиш даври моҳиятан якунланди. Бироқ Мирзиёевга ўтган даврдан енгил “сиёсий мерос” қолди, десак, адолатсизлик қилган бўламиз. Биргина узоқ йиллар тан олмай келганимиз – камбағаллик масаласи жамиятдаги кўплаб иллатларга “хамиртуруш” бўлгани бугун аён бўлаётир.
Ной Таккер ҳам террорчилар орасига тушиб қолган адашган минтақадошларимизнинг катта қисми тирикчилик илинжида иш излаб хорижга чиққанлар ва тенгсизликдан аламзада бўлганлар, дея таъкидлайди ва буни тадқиқотида исботлаб беради. Шу маънода, Президентимизнинг ўз Мурожаатномасида мамлакатимизда камбағаллар қатлами бор эканини тан олиши ва буни йўқотиш чораларини кўриш ҳақида гапириши, биз хаёлга келтирмаган бир жиҳат – жамиятда турли ғаразли йўлларга кириб қолувчи адашган ёшлар сафининг камайишини ҳам таъминлайди, десак, масалага янада чуқурроқ ёндашган бўламиз, назаримда.
Президентимиз биз билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка олиб келган ушбу оғриқли масалани шундай тилга олди: “Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги сир эмас. Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда.
Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир”.
Юртбошимиз ташаббуси билан Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан бирга Камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқиш бошланди. Бу борада халқаро меъёрлар асосида чуқур ўрганишлар ўтказиб, камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш усулларини қамраб олган янги методология яратилмоқда.
Президентимиз яқинда Хоразм вилоятига ташрифи чоғида “Биз ёлғон, баландпарвоз гапириб шу аҳволга келдик. Президентга ёлғон гапириш – Ватанга хиёнат”, дея қатъий таъкидлади. Нафсиламбирини айтганда, вилоят ривожланиш даражасида ортда қолаётир. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот республика кўрсаткичидан 1,5 баробар, саноат маҳсулоти ва хизмат кўрсатиш ҳажми бўйича эса 2 баробар паст. Энг ачинарлиси, ҳудудда 58 минг оила камбағаллик бўсағасида кун кечирмоқда. Шундан 856 таси ўта ночор аҳволда. Кўплаб одамлар ишлаш учун хорижга кетган. Буларнинг барчасидан келиб чиқиб, Хоразмда 200 минг иш ўрни яратиш зарур.
Давлатимиз раҳбари камбағалликни қисқартириш борасида аниқ таклифларни ўртага ташлар экан, аҳолини тадбиркорликка жалб этган ҳолда, янги корхоналар ва иш ўринлари яратиш, банкларни “лойиҳалар фабрикаси”га айлантириш зарурлигини белгилаб берди. 2,5 мингта бўш турган бинолар негизида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасини янги лойиҳалар билан тўлдириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президент Мирзиёев биргина Хоразм вилоятида яқин уч йилда умумий қиймати 24 триллион сўмлик 2 минг 736 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 50 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши режалаштирилаётганини таъкидлади. Булар эса камбағалликни қайд этиш эмас, балки қисқартириш йўлидаги қатъий саъй-ҳаракатларнинг жадал бошланганини билдиради.
Буларни айтишдан мақсад нима дерсиз? Муддао шуки, мен Ўзбекистоннинг қарийб ярим асрлик тарихидан хабардор ва унда баҳоли қудрат у ёки бу вазифада иштирок этган бахтли инсонлардан бириман. Кўп йиллар партия ва совет органларида раҳбарлик лавозимларида ишлаганман. Ундан кейин Ўзбекистон мустақил давлат сифатида катта йўлни босиб ўтди. Бу даврда ҳам турли раҳбарлик лавозимларида ишладим, кўплаб шу даврга хос бўлган ўзига хос жиҳатларни кўрдим. Бироқ шунча йиллар давомида Ўзбекистонга бош бўлган биронта раҳбар халқимизнинг асл ҳаёти, ижтимоий ночор қатламлари ҳақида бунчалик қайғурган эмас. Мен ушбу Мурожаатнома эълон қилинган мажлисда Президентнинг сўзларини кўзимда ёш билан тингладим. Бу шу юрт фарзандининг ўз халқи, ўз оға-иниси, опа-синглисига бўлган чексиз муҳаббати ва садоқати белгиси бўлди, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Биз буюк келажакни ростдан бунёд этишни мақсад қилиб, бунинг учун одамларнинг юзига ҳақиқат кўзи билан қарай бошладик. Назаримда, бугунги давлат сиёсатининг энг катта қудрати ҳам шунда бўлса, ажаб эмас.
АДОЛАТ ТАРОЗУСИ
Президент Мирзиёев ишга киришгандан буён энг кўп такрорлайдиган сўзлари АДОЛАТ, ХАЛҚНИ РОЗИ ҚИЛИШ жумлалари эканини бугун кўпчилигимиз англадик. Бу бежизга эмас. Халқни эшитмаслик, дардидан кўз юмиш, жамиятдаги “яра”ларни дока билан бекитиш уларни фақат газак олдириши мумкинлигини биз бугун кўрдик.
Шу маънода, Ўзбекистоннинг жамиятда камбағал қатлам мавжудлигини тан олиши ва буни бартараф этиш стратегиясини белгилашга киришгани, ўйлайманки, ниҳоятда тўғри қарор бўлди. Катта жасорат ва сиёсий ирода билан тан олинган бу муаммонинг ечими нафақат ушбу қатлам вакилларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, балки жамиятда тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий бизнесни йўлга қўйишни рағбатлантирувчи шарт-шароитлар яратишни ҳам тақозо этади.
Халқимиз “Қўлдан берганга қуш тўймас”, дея бежиз айтмайди. Замон талабидан келиб чиқиб, энди аҳолида боқимандалик кайфиятини йўқотиш, ташаббусга, тадбиркорликка кенг йўл очиш чораларини кўриш лозим бўлади. Ва шу йўл орқали жамиятда узоқ йиллар илдиз отган тенгсизликка барҳам бериш, ночор оилалар сонини қисқартириш ва пировардида, фаровон жамият пойдеворини қуришга мустаҳкам замин яратилади.
Дарҳақиқат, биз жуда масъулиятли бир даврда яшаяпмиз. Бизнинг бугунги шижоатимиз фарзандларимиз, келгуси авлод тақдирини белгилаб беради.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Барчамиз бир тан-у бир жон бўлиб, якдил ва аҳил бўлиб ҳаракат қилсак, ҳалол-пок бўлиб, яхши ният билан меҳнат қилсак, ҳар қандай марраларни эгаллашга, бошқача айтганда, тарихимизнинг янги саҳифасини яратишга қодир халқмиз”.
Дарҳақиқат, эзгу ниятларимиз, орзуларимиз улкан. Энди ушбу залворли сўзларни қоғозлардан амалиётга кўчириш, халқнинг бугунини, эртанги кунини янада яхшилашга жидду-жаҳд билан киришишимиз керак. Президентимизнинг ушбу Мурожаатномаси халқ олдида масъулият ҳис қилган ҳар бир раҳбардан, ҳар бир кўнгли уйғоқ ватандошимиздан масъулият ва фидойиликни талаб этади.
Қудратилла Рафиқов
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, сиёсатшунос.