20.04.2020. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 14 апрель куни қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида пандемия ва карантин қанча вақт давом этишидан қатъи назар, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи камаймайди. Шу боис мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини икки баробарга ошириш вазифаси қўйилиб карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш корхоналарига бир қатор енгилликлар берилди.
Шу муносабат билан ишлаб чиқариш билан боғлик корхоналар бугунги кунда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида меҳнат таътилида бўлган ходимларни меҳнат таътили тугамасдан ишга жалб қилиш мумкинми?
Маълумки, Меҳнат кодексининг 147-моддасига асосан таътилдан чақириб олишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Шу муносабат билан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ходимга мазкур иш йили давомида бошқа вақтда берилиши ёки ушбу Кодекснинг 143-моддаси бешинчи, олтинчи ва еттинчи қисмларида назарда тутилган талабларга риоя қилган ҳолда кейинги иш йилининг таътилига қўшиб қўйилиши керак.
Бундан ташқари, ходим меҳнат таътилининг ўн беш иш кунидан фойдаланган бўлса, бу ҳолда таътилларнинг қолган қисми ходимнинг ҳохишига кўра пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин.
Мен умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи лавозимида ишлайман бугунги кунда меҳнат таътилидаман. Менинг меҳнат таътилим тугагандан кейин ҳам пандемия ва карантин давом этса бу ҳолда уйда утирган даврим учун менга иш ҳақи тўланадими?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969 Фармонининг 17 бандида Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ва ўз фаолиятини тўхтатган мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари, спорт ва маданият муассасалари ходимларининг иш ҳақларини ўз вақтида тўлаб берилишини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига вазифа юкланган.
Юқоридаги Фармонга асосан пандемия даврида Сизнинг бекор туриб қолишингиз муносабати билан иш ҳақингиз тўлиқ тўлаб берилади.
Бугунги кунда (карантин даврида) иш берувчимиз 70 фоиз ходимларга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиқиш бўйича ариза ёзиб беришни талаб қилмоқда. Бу қанчалик меҳнат қонунчилиги тўғри келади?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 150-моддасининг биринчи қисмига биноан, ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Юқоридаги модда талабларига асосан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил чиқиш бу ходимнинг ҳохиши ҳисобланади.
Иш берувчи томонидан бундай талаб қуйиши меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Корхонамизда 60 яқин ходимлар ишлайди карантин муносабати билан уларнинг деярли барчасига меҳнат таътили берганмиз.
Меҳнат таътили тугашига 5-6 кун қолган. Уларни ишга жалб қилиш ёки масофавий ишга ўтказиш имконияти йўқ у ҳолда иш берувчи қандай йўл тутса бўлади?
Маълумки Меҳнат кодексининг 4-моддаси иккинчи қисмида Қонунлардагига нисбатан қўшимча меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари бошқа норматив ҳужжатлар, шу жумладан шартнома йўсинидаги ҳужжатлар (жамоа келишувлари, жамоа шартномалари, бошқа локал ҳужжатлар), шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномалари билан белгиланиши мумкин.
Агарда жамоа келишувларида ёки корхонанинг жамоа шартномалари, бошқа локал ҳужжатларида ва ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномасида қисман иш ҳақи сақланган мажбурий таътил бериши назарда тутилган бўлса ушбу ҳуқуқдан фойдалиниш зарур.
Шунингдек, Солиқ кодексининг 374-моддаси 2 бандида асосий иш ҳақи қисман сақлаб қолинган ҳолда мажбурий таътилда бўлган ходимларга бериладиган тўловлар ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш жумласига кириши белгиланган.
Агар ташкилот хорижий компания бўлса, у ишчиларига 4 ойдан бери ойлик бермасдан ташкилотни банкрот деб эълон қилишса ишчиларни ойлиги бериладими?
Меҳнат кодексининг 3-моддасида, Меҳнат кодекси Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилиши белгилаб қўйилган ва шу кодекснинг 12-моддасига биноан чет эл юридик ва жисмоний шахсларига тўлиқ ёки қисман тегишли бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган корхоналарда ЎЗбеикстон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўлланилади.
Сиз ишлаган корхона банкрот сабабли ўз фаолиятини тугатган бўлса Сизга ва бошқа ходимларга нафақат аввалда тўланмаган иш ҳақлари, балки корхона тугатилиши сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги учун бир ойлик ўртача иш ҳақларингиз миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси ҳам тўланиши лозим.
Қолаверса корхона тугатилишидан камида 2 ой олдин ходимлар бу ҳақда ёзма равишда огоҳлантирилишлари керак. Бу 2 ойлик огоҳлантириш муддати ходим билан иш берувчининг келишувига биноан пуллик компенсация билан алмаштирилиши ҳам мумкин.
Мени бир ставкалик иш вақтим соат 8 дан 14 гача. Карантин туфайли 8 дан кеч 20 гача келди-кетти назоратида турасан дийиляпти шу тўғрими?
Агар корхонанинг Жамоа шартномасида “Ишлаб чиқариш зарурияти” деб тан олинадиган ҳолатлар белгилаб қўйилган бўлса ва ҳолатлар қаторида “фавқулодда ҳолат”, “Ҳукуматнинг қарорлари” ёки шунга ўхшаш сабаблар назарда тутилган бўлса иш берувчи ходимни розилигисиз ҳам бундай ҳолатларни бартараф этиш ишларига жалб этиши мумкин. Агар жамоа шартномасида юқорида айтилган ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса, ходимнинг розилиги шарт бўлади.
14 ёшга тўлмаган боласи бор ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин эмас деб эшитдим. Шу тўғрими?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мардаги коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги ПФ-5969-сон Фармонининг 16-бандида белгилаб қўйилишича, коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш таъқиқланган.
Мен врачман,1960 йилда туғилганман, пенсия ёшидаман, 36 йиллик стажга эга олий тоифали шифокорман. Қандли диабет билан “Д” назоратида тураман, туман КТМПда ишлайман, 1-тизимда. Иммунитетим паст карантин даврида маошим сақланган ҳолда уйда қолишга хаққим борми?
Афсуски йўқ. Амалдаги меҳнат қонунчилиги бундай ҳуқуқни назарда тутмайди. Аммо, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 март кунидаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли Фармонининг 18-бандида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига, жумладан карантинга оид чоралар амал қилиши даврида иш берувчилар ходимларни, айниқса ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган ҳамда сурункали касалликка чалинган шахсларни, уларнинг розилиги билан, масофадан туриб ишлаш усулига, қулай иш графигига ёки уйдан туриб ишлашга ўтказишлари мумкинлигини назарда тутувчи тартибни жорий қилиш топширилган. Шунга биноан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2020 йил 25 мартдаги 9-2020/Б сонли буйруғи билан Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган (Адлия вазирлигида 2020 ёил 28 мартда 3228-рақам билан рўйхатга олинган).
Ушбу Низомда белгиланган тартибга кўра иш берувчи тегишли ходимни масофавий иш усулига ёки мослашувчан иш графигига ёҳуд уйда ишлашга ўтказиши мумкин.
Ходим фақат қонунчиликда белгиланган ҳоллардагина иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслиги мумкин. Масалан, вақтинча меҳнатга қибилиятсизлик даврда, қон топширувчи донор бўлса қон топширадиган куни ва унинг эртасига, меҳнат таътилида бўлганда, агар халқ маслаҳатчиси бўлиб сайланган бўлса, суд мажлисида ҳалқ маслахатчиси сифатида иштирок этадиган даврда, ҳарбий мажбурият билан боғлик чақирувларда иштирок этиш даврида ва х.к.
Ундан ташқари, бугунги кундаги вазиятни ва саломатлигингизни инобатга олган ҳолда, Сизга иш берувчининг розилиги билан қисман иш ҳақи сақланадиган таътил берилиши ҳам қонунчиликда таъқиқланмаган.
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди