[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

25.04.2020. Бугунги кунда ОАВлар коронавирус пандемиясига қарши курашаётган тиббиёт ходимлари ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий этилганлигини айтишмоқда. Биз тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида ишлаймиз ва мурожаатга асосан ҳар хил касал бўлган фуқаролар билан мулоқотда бўламиз. Шунга асосан Бизнинг тоифамиздаги ходимларга ҳам ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловларлар тўланадими?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сонли Фармонининг 17-бандида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилиш бўйича топшириқ берилган.
Лекин, ушбу вазирликлар томонидан бугунги кунга қадар ҳеч қандай норматив ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилмади.
Шундай бўлсада, ушбу Фармон асосида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимларга ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар тўланиши шарт.
Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан 11.02.2000 йил 895-сон билан рўйхатга олинган “Бюджет маблағларини эпидемияларга қарши кураш бўйича тадбирларга сарфлаш ва эпидемияларга қарши кураш учун юбориладиган тиббиёт ва бошқа ходимларнинг хизмат сафарлари харажатларини тўлаш тартиби тўғрисида Йўриқнома”нинг 16-бандида эпидемиялар ва юқумли касалликлар бирдан авж олиш ҳолатлари билан курашишга юбориладиган тиббиёт ва бошқа мутахассисларнинг хизмат сафари ҳаражатлари ойлик маошининг 6 фоиз миқдорида суткали ҳақ тўланиши белгиланган.
Юқоридагиларга асосан, агар тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимида ишлайдиган тиббиёт ходими коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинмаган бўлса у ҳолда уларга ойлик лавозим маошининг 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар тўланмайди.

Мен 2018 йилдан буён баъзи бир сабабларга кўра меҳнат таътилига чиқмасдан меҳнат фаолиятимни давом эттирдим. Корхонамаиз жамоа шартномасида меҳнат таътили 30 иш куни этиб белгиланган. Бугунги кунга коронавирус пандемияси даврида шу икки йил фойдаланмаган таътилимни бирдан олиш бўйича ариза бердим. Лекин иш берувчим Меҳнат кодексининг 140-моддасига асосан меҳнат таътили 48 иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас деб 60 иш кунлик меҳнат таътили бермаяпти.
Ушбу ҳолатда иш берувчининг рад этиши асослими менинг фойдаланмаган таътилим нима бўлади?

Маълумки, Меҳнат кодексининг 143-моддаси бешинчи, олтинчи қисмларида Таътил ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар берилиши лозим.
Ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра жорий йилда таътилни тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда, ходимнинг розилиги билан таътилнинг ўн икки иш кунидан ортиқ бўлган қисми кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин, шу йили ундан албатта фойдаланилмоғи лозимлиги белгиланган.
Шунингдек, ушбу Кодекснинг 144-моддасига асосан иш берувчи йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ Сизни таътил бошланишидан камида ўн беш кун олдин хабардор қилиб меҳнат таътилига чиқариши шарт эди.
Юқоридагиларга асосан, иш берувчи ушбу модда талабларини бузган ва унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади
Айнан Сизнинг вазиятингизга қайтадиган бўлсак, ушбу ҳолатда Меҳнат кодексининг 140-моддасида йиллик асосий ва қўшимча таътилларни жамлаш тартиби белгиланган.
Унга кўра барча ҳолларда қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати қирқ саккиз иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Ушбу модданинг эътиборли жиҳати шундаки бунда айнан бир йиллик меҳнат таътили назарда тутилган.
Мисол:
Ходим 2019 йил 24 апрел куни ишга қабул қилинган ва 2020 йил 24 апрель куни меҳнат таътилига чиқса шу оралиқ даврдаги меҳнат таътилининг умумий муддати қирқ саккиз иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас.
Шунга асосан иш берувчининг ходим икки йил фойдаланмаган таътили учун қирқ саккиз иш кунидан ошмайдиган таътил бериш талаби меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига зиддир.
Ҳаттоки ходим меҳнат таътилидан беш йил фойдаланмаган бўлса ҳам у тўлиқ беш йиллик таътилини олиш мумкин.

Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди