25.05.2020. Мени икки нафар фарзандим бор, ўзим хамшираман. Турмуш ўртоғим Х. шахтада кончи эди. Ишга кетиб уйга қайтмади. Иш берувчининг хабарига кўра ишхонада вафот этган. Турмуш ўртоғим Х.нинг иш берувчиси бизга дафн маросимини ўтказишда ёрдам берди. Кейин касаба уюшмасидан ҳам моддий ёрдам олдик. Билишимча текширувлардан сўнг бизга зарар тўлови берилиши керак экан. Орадан бир неча ой ўтди, мен сўраб-суриштирсам сиз ишлар экансиз сизга берилмайди дейишди, шу тўғрими?
Меҳнат кодексининг 192-моддасида боқувчининг вафот этганлиги муносабати билан зарарни иш берувчи томонидан тўлаш мажбурияти белгиланган.
Ходим меҳнат жароҳатига боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда, иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган шахсларга ёки марҳум вафот этган кунгача ундан нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан сўнг туғилган фарзандига, шунингдек ота-оналаридан бирига, умр йўлдошига ёки оиласининг ишламайдиган ва вафот этганнинг 3 ёшга тўлмаган болалари, укалари, сингиллари ёки набиралари парвариши билан банд бўлган бошқа аъзосига зарарни тўлаши шарт.
Болаларнинг боқимандалиги назарда тутилади ва бунинг учун далиллар талаб қилинмайди.
Қуйидагилар меҳнатга лаёқатсиз ҳисобланади:
16 ёшдан ошган шахслар, агар улар шу ёшга етгунга қадар ногирон бўлиб қолган бўлса;
60 ёшга тўлган эркаклар ҳамда 55 ёшга тўлган аёллар;
белгиланган тартибда ногирон деб эътироф этилган шахслар.
Оила аъзосининг меҳнатга лаёқатсизлиги бошланган вақт (боқувчининг вафотигача ёки вафотидан кейин) унинг зарар тўловини олиш ҳуқуқига таъсир этмайди.
16 ва ундан катта ёшдаги ўқувчилар ўқув юртларининг кундузги бўлимларида ўқишни тугатгунларига қадар, аммо кўпи билан 18 ёшгача зарар тўловини олиш ҳуқуқига эгадирлар.
Агар фарзандларингиз вояга етмаган бўлса боқувчисини йўқотганлик учун зарар тўловини иш берувчи томонидан тўлаб берилади.
Зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг ҳар бирига бериладиган зарар тўловлари миқдорини аниқлаш учун боқувчи иш ҳақининг кўрсатиб ўтилган шахсларнинг ҳаммасига, яъни икки нафар вояга етмаган фарзандингизга тўғри келадиган улуш уларнинг сонига, яъни иккига тақсимланади.
Боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга иш берувчи вафот этганнинг камида олтита ўртача йиллик иш ҳақининг ушбу шахслар сонига бўлинган суммасида бир йўла бериладиган нафақа ва ойма-ой зарар тўловини тўлайди.
Зарарни тўлаш учун зарур бўлган пул суммаси, қўшимча харажатларни қоплаш ҳамда бир йўла тўланадиган нафақа миқдори жамоа шартномаси (битимлари) асосида оширилиши мумкин.
Демак, Сиз турмуш ўртоғингиз Х.нинг иш берувчисидан камида олтита ўртача йиллик иш ҳақи суммасида бир йўла бериладиган нафақа ва ойма-ой зарар тўловини олишингиз мумкин.
Келишмовчилик пайдо бўлганда ёки иш берувчи зарарни тўлашни рад этганда, ушбу масала қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд томонидан ҳал қилинади.
Нодира Каримова
Хамидулла Премкулов
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди