17.06.2020. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Мўйноқ туманининг «Бозатау» ОФЙ ҳудудида барпо этилган «Оқ кема» номли замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳи фойдаланишга топширилди.
Оромгоҳнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшма Федерацияси, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, кенг жамоатчилик, ота-оналар ҳамда болалар иштирок этди.
Тадбирда ташкилотчилар бугунги кунда мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари бошчилигида жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишларнинг энг аввало инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлигини алоҳида таъкидладилар.
– Бугун Қорақалпоғистоннинг қай бир туманига борманг, улкан янгиланишларга гувоҳ бўласиз, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиков. – Мўйноқ эса ўзининг янгидан туғилиш даврини бошдан ўтказмоқда. Ўзим ҳам ҳар сафар бу ерга келганимда, юрагим орзиқиб кетади. Давлат раҳбарининг ўз халқига бўлган чексиз муҳаббатини ҳис этаман. Мўйноқ туманида қад ростлаган шундай муҳташам даргоҳда ўғил-қизларимиз нафақат мароқли дам оладилар, балки жисмонан чиниқади, ўзларининг билим ва кўникмалари ҳамда интеллектуал салоҳиятларини оширадилар.
“Оқ кема” оромгоҳи муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилнинг ноябрь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича берган тарихий топшириғи асосида бунёд этилди.
Қисқа муддатлар ичида туман ҳудудида бўш ётган 12,7 гектар майдонда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «Оқ кема» номли замонавий болалар оромгоҳи ва соғломлаштириш маркази қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Мазкур объект қурилиши учун 36 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Оромгоҳда болаларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, уларнинг турли йўналишларда билим ва малакаларини мустаҳкамлаш учун ҳам шароитлар муҳайё қилинган.
«Оқ кема» оромгоҳи ҳар бир навбатда 250 нафар болани қабул қилишга мўлжалланган. Марказда болалар ётоқхоналари барча жиҳозлар билан таъминланган. Футбол, баскетбол, волейбол майдончалари, сузиш ҳавзаси болалар хизматида. Стол тенниси, шахмат-шашка ўйинлари учун махсус жойлар ажратилган. Маданий тадбирларни ташкил қилиш учун амфитеатр, кутубхоналар мавжуд. Тиббиёт хоналари, ошхона замонавий ускуналар билан таъминланган.
Янги оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 50 тадан ортиқ янги иш ўрни ҳам яратилиб, маҳаллий аҳоли иш билан таъминланди.
– Кўплаб намунали оромгоҳларни кўрганман, лекин бу ердаги каби шароитларни бошқа жойда учратмаганман. «Оқ кема» оромгоҳини юртимиздаги энг гўзал ва барча шарт-шароитлар мавжуд замонавий болалар соғломлаштириш оромгоҳларидан бири, десак муболаға бўлмайди, – деди Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари М.Данияров. – Мазкур муаззам кошона муҳтарам Юртбошимизнинг азиз халқимиз фарзандларига бўлган оталарча ғамхўрлиги тимсоли бўлди.
«Оқ кема» болалар соғломлаштириш оромгоҳида мавсум давомида 4 навбатда жами 600 нафар болани соғломлаштириш режалаштирилган.
– Пандемия шароитидан келиб чиқиб, болаларнинг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ижтимоий масофани таъминлаган ҳолда мавсумнинг биринчи навбатида – 13 июнь кунидан 150 нафар болани қабул қилдик, – дейди оромгоҳ раҳбари З.Сайтбекова. – Мўйноқ, Шуманай, Қонликўл туманларидаги кам таъминланган оилалар фарзандлари, Хўжайли туманидаги «Меҳрибонлик уйи»нинг тарбияланувчилари, И.Юсупов номидаги истеъдодли болалар мактабининг ўқувчилари оромгоҳнинг биринчи дам олувчилари бўлдилар.
– “Оқ кема” оромгоҳига келганимдан буён ҳаяжоним босилмаяпти, – дейди Хўжайли туманидаги «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиси Муҳамедали Карамов. – Бу масканни кўриб ўзимни худди эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этдим. Оромгоҳда ҳар бир дақиқамиз маровли ўтмоқда. Ушбу оромгоҳдаги барча болалар номидан муҳтарам Юртбошимизга бизга мана шундай имкониятлар яратиб берганлари учун чексиз миннатдорчилик билдираман.
Ўтган йил ёз мавсумида Қорақалпоғистон бўйича 60 та болалар оромгоҳида 27 минг 590 нафар бола соғломлаштирилган эди. Жорий йилда эса пандемия туфайли ёз мавсуми давомида ҳудудда 6 та стационар оромгоҳ марказлари, яъни Нукус шаҳридаги «Жас аулад» ва «Арал», Элликқалъа туманидаги «Орол болалари», Тўрткўл туманидаги «Лочин», Тахиатош туманидаги «Айдин жол», Мўйноқ туманидаги «Оқ кема» оромгоҳлари фаолият юритади.
Мавсум давомида болаларнинг мазмунли дам олишини ва қўшимча таълим олишини таъминлаш мақсадида жами 66 нафар педагог ходимнинг фаолият олиб бориши режалаштирилган.
Барча оромгоҳларда кутубхоналар ташкил қилинган, санъат соҳасидаги ва хорижий тиллар тўгараклари ишини олиб бориш учун тажрибали ўқитувчилар жалб этилган.
Оромгоҳнинг тантанали очилиш маросимида ушбу масканнинг рамзий калити оромгоҳ директори З.Сайтбековага топширилди.
Тантанали очилиш маросими концерт дастури билан давом этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов қатнашди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати