[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

19.06.2020. Бугун мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар қаторида баркамол авлодни тарбиялаш масаласида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу масалага давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилиб, ўғил-қизларимизнинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти билан боғлиқ барча соҳаларда тизимли ислоҳотлар ва янгиланишлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнларга ҳамоҳанг равишда Болаларни ёзги соғломлаштириш йўналишида олиб борилаётган ишларни ҳам келтириб ўтиш жоиз.

Кези келганда бугунги кунда ҳар томонлама баркамол ривожланган авлодни тарбиялаш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси нафақат мамлакатимизда, балки халқаро экспертлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилаётганини таъкидлаб ўтиш лозим. Зеро, давлат ва жамоат ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари ҳамда имкониятларини болаларни сифатли дам олдириш ва соғломлаштиришни таъминлашга ижтимоий шериклик асосида йўналтириш амалиёти бошқа мамлакатларда учрамайди.

Ўғил-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни ҳам маънан, ҳам жисмонан чиниқтириш, мазмунли ҳордиқ чиқаришларини ҳамда бўш вақтларини самарали ўтказишларини таъминлаш мақсадида бугунги кундаги пандемия шароитида ҳам барча хавфсизлик чоралари кўрилгани ҳолда болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилди. Албатта, бу жараён карантин қоидаларига тўла амал қилинган ҳамда карантин даврида болалар ёзги оромгоҳлари фаолиятини ташкил этиш бўйича махсус талабларга қатъий риоя этилган ҳолда ташкил қилинди.

Ёзги соғломлаштириш мавсуми давомида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш йўналишидаги ишлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мувофиқлаштирилгани ҳолда ҳудудларда болажонларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши ва сифатли соғломлаштирилишини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, болалар соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этиш ва уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида Касаба уюшмалари Федерациясида Республика штаби, ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаларида ҳудудий штаблар фаолияти йўлга қўйилди. Ишчи гуруҳлар ҳамда ҳудудий Мувофиқлаштирувчи гуруҳлар томонидан мавсумнинг бориши монгиторинг қилиб борилмоқда. Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолиятининг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, ўғил-қизлар ҳордиғини ташкил этиш йўналишидаги ишларни такомиллаштиришга йўналтирилган янгича ёндошувлар амалга татбиқ этилди.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Республика Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан оромгоҳларда болалар хавфсизлигини таъминлаш, оромгоҳларга сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни узлуксиз равишда етказиб бериш, малакали кадрларни жалб этиш ва оромгоҳларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мавсумга тайёргарлик жараёнида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ёз мавсуми давомида республика оромгоҳларида болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш ишлари сифатини янада ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида оромгоҳда ишловчилар учун онлайн ўқув-услубий семинарлар ўтказилди. Мазкур семинарларда асосий эътибор болалар оромгоҳларида фаолият юритувчи ходимлар ва мутахассисларнинг билим ҳамда кўникмаларини ошириш масаласига қаратилди.

Карантин даврида оромгоҳларда болалар саломатлигини муҳофаза этиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида болалар ёзги оромгоҳлари фаолиятини ташкил этиш бўйича махсус талаблар ишлаб чиқилиб, оромгоҳлар фаолиятига татбиқ этилиши йўлга қўйилди. Хусусан, фаолияти йўлга қўйилган оромгоҳлар ҳудудларида ободонлаштириш, барча бино ва иншоотларни, технологик ускуналарни таъмирлаш, жкмладан, сув таъминоти ва канализация тизимларини таъмирлаш, модернизация қилиш ишлари амалга оширилди. Биноларда профилактик дезинфекция, дезинсекция ва дератизация ўтказилиб, оромгоҳларнинг кириш қисмида дез тўшамалар ташкил этилди. Оромгоҳлар ҳудудига оромгоҳ фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бегона шахслар ва автомашиналарнинг кириши қатъиян тақиқланди.

Шунингдек, мавсум бошлангунга қадар оромгоҳларни малакали тиббиёт ходимлари, яъни, камда 1 нафар шифокор ва 1 нафар ҳамшира билан таъминлаш, озиқ-овқат таъминоти, хавфсизлик, шошилинч тиббий ёрдам чақириш схемасини ишлаб чиқиш чоралари кўрилди.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, оромгоҳларда барча карантин чоралари ташкил этилганидан кейин санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари билан келишилган ҳолда оромгоҳлар фаолиятига рухсат бериш ишлари ташкил этилди. Шу ўринда оромгоҳларда дам олувчи ўғил-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида оромгоҳлардан ташқаридаги барча тадбирлар, қариндошлар, ота-оналарнинг оромгоҳларга ташрифи ва кириши таъқиқланганини ёддан чиқармаслик зарур.

Оромгоҳлар фаолият кўрсатаётган даврда бир қатор махсус талабларга риоя этилаётганини яна бир бор эслатиб ўтиш жоиз. Хусусан, сменалар давомида ходимлар ва болалар саломатлиги бўйича тиббий мониторинг кучайтирилди. Оромгоҳларда етарли миқдорда гитери антисептиклари ва дезинфекция воситалари бўлиши таъминланди. Болалар ва ходимлар ҳар куни 2 маротаба тиббий кўрикдан ўтказилиб, тиббий кўрик натижаси ҳақидаги маълумотлар тиббий кузатув дафтарига киритиб борилмоқда. Шунингдек, гуруҳлаш принципига мувофиқ гуруҳларнинг максимал изоляцияси таъминланмоқда, яъни, барча ҳаракатлар қатъий равишда бир гуруҳда амалга оширилади.

Бундан ташқари рангларга ажратиш белгиларини қўйиш ҳамда гуруҳларнинг номи (рақами) билан йўналтирилган стрелкалар қўйиш орқали гуруҳлар орасидаги чегаралар тартибга солинган. Ётоқхоналарда, шу жумладан, очиқ айвончаларда, болалар ёшидан қатъий назар, ижтимоий масофага қараб (камида 1,5 метр) жойлаштирилмоқда. Яшаш хоналарини ҳар куни камида 2 марта тез-тез шамоллатиш, кўрпа-тўшаклар, мебел жиҳозлари, гиламлар, полларни чангдан тозалаш, пол ва санитария қурилмаларини дезинфекциялаш воситаларидан фойдаланган ҳолда тозалаш ишлари мунтазам равишда ташкил этиб борилмоқда. Радиаторлар, дераза токчалари, кийим шкафларини ҳар куни 2 маротаба таркибида спирти бўлган дезинфекциялаш воситаси билан артиб тозалаш ҳамда ҳафтасига бир марта ювиш воситаларидан фойдаланиб ювиш, дераза ойналарининг ички юзасини ҳар ҳафтада таркибида спирт тутувчи дезинфекциялаш воситаси билан тозалаш ва ойига бир марта ювиш воситалари билан ювиш, ички ҳожатхоналарни кунига бир марта ювувчи ва дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиб тозалаш, тўшак ва чойшабларни тез-тез алмаштириш ишлари йўлга қўйилган.

Умумий фойдаланиш жойларидаги полларни кунига икки марта ювиш, умумий ҳожатхоналарни кунига икки марта ювувчи ва дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланган ҳолда тозалаш ҳамда сенсорли сезгир дозаторлар ва педал механизмли суюқ совун тарқатиш мосламалари, электр сочиқлар ёки бир марта ишлатиладиган қоғоз сочиқ билан жиҳозланган бўлишини таъминлаш, ҳар куни тозалаш ишларида ишлатиладиган дезинфекцияли эритмани янгилаш ишлари амалга оширилмоқда.

Оромгоҳда ҳар бир болага кунига камида 1,5 литр қадоқланган сув берилиб, оромгоҳ ҳудудидаги ичимлик фонтанчаларидан фойдаланиш қатъиян ман этилган.

Чеклов чоралари давомида сузиш ҳавзаларида чўмилишга ҳам рухсат этилмайди. Жисмоний соғломлаштириш ва оммавий спорт тадбирлари ижтимоий масофани (камида 2 метр) қатъий сақлаган ҳолда ўтказилмоқда. Эрталабки машқлар ҳар куни 10-15 минут давомида очиқ ҳавода, ёмғирли вақтда эса ҳаво яхши айланадиган хонада ўтказилмоқда. Қуёшли ванналар эса эрталаб ёки кечқурун, овқатланишдан ярим соат олдин шамолдан ҳимояланган махсус жойларда ташкил қилинмоқда.

Болалар учун овқатланиш қатъий жадвал асосида, ижтимоий масофа камида 2,0 метр бўлган ўриндиқларни шахмат тарзида жойлаштирган ҳолда ташкил этилмоқда. Барча овқатланиш хоналарини иш кунининг охирида дезинфекциялаш воситалари билан тозалалаш йўлга қўйилган. Ўйин ва спорт машқларида ҳар бир машғулотдан кейин қўлларни ювиш қоидаларига риоя этилгани ҳолда, ҳар бир қўл ювиш жиҳози устида қўлларни ювиш қоидалари акс этган плакатлар жойлаштирилган.

Ҳар бир болалар гуруҳи терини антисептиклар ёрдамида тозалаш ускуналари билан жиҳозланган бўлиб, улардан фойдаланиш ўқитувчи (тарбиячи) назорати остида амалга оширилади. Агар болада ўткир респираторли вирусли инфекциялар аломатлари аниқланса, уни шошилинч тиббий ёрдам келгунига қадар изоляторга жойлаштирилади ҳамда гуруҳнинг қолган болалари ҳарорати термометрияда ўлчанади (камида 2 марта) ва ўз-ўзини изоляция қилиш ҳолатига ўтказилади, барча жойларни дезинфекция қилиш чоралари амалга оширилади.

2020 йилнинг 18 июнь ҳолатига кўра Республика бўйича жами 62 та стационар турдаги оромгоҳларда 6 минг 254 нафар  бола соғломлаширилмоқда.
Булар:
Қорақалпоғистон Рес. –6 та оромгоҳда – 530 нафар;
Андижон вилоятида –5 та оромгоҳда – 466 нафар;
Бухоро вилоятида –4 та оромгоҳда – 210 нафар;
Жиззах вилоятида –3 та оромгоҳда – 299 нафар;
Қашқадарё вилоятида –6 та оромгоҳда – 692 нафар;
Наманган вилоятида –3 та оромгоҳда – 326 нафар;
Сирдарё вилоятида –1 та оромгоҳда– 200 нафар;
Сурхондар вилоятида –2 та оромгоҳда– 226 нафар;
Тошкент вилоятида –7 та оромгоҳда – 650 нафар;
Фарғона вилоятида –8 та оромгоҳда – 899 нафар;
Тошкент шахрида –5 та оромгоҳда – 833 нафар;
Хоразм вилоятида –12 та оромгоҳда – 923 нафар.

Болалар тиббий кўрик ва коронавирусни аниқлаш тестидан ўтказилиб, автоуловларда йўл ҳаракати патруль хизмати ходимлари кузатувида оромгоҳларга олиб келиниши йўлга қўйилган.

Болаларнинг оромгоҳ ҳудудидан ташқарига чиқиши, тоғларга саёҳатлар уюштириши, теварак-атрофдаги ариқ, сой, чўмилиш хавзаси ва каналларда чўмилиши қатъиян ман этилиб, бу борада қаттиқ назорат олиб борилмоқда.

Оромгоҳларга боларни қабул қилиш, мавсумнинг бориши бўйича Федерация қошида Республика штаби, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари қошида Ҳудудий штаблар, шунингдек, ИИВ, ССВ, ХТВ, Маданият вазирликлари қошида мавсум давомида ишлайдиган Республика штаблари фаолият кўрсатмоқда.

Жорий йилги мавсумда ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий ҳимояталаб, кам таъминланган оилалар фарзандлари жамоа шартномалари ва келишувлари орқали имтиёзли йўлланмалар билан таъминланмоқда. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, шунингдек, жисмоний имконияти чекланган болалар имтиёзли равишда дам олдирилиб, соғломлаштирилади. Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 2 минг нафардан ортиқ она-бола биргаликда соғломлаштирилади.

Бепул йўлланмалар асосида дам олиш имкониятидан маҳаллаларда яшаётган кам таъминланган оилалар фарзандлари ва ота-она қаровисиз қолган болалар ҳам фойдаланадилар. Хусусан, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда маҳаллалардаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 700 нафар фарзанди имтиёзли равишда дам олдирилиб, соғломлаштирилади.

Жорий йилги мавсум давомида болаларни оромгоҳларда дам олдириш ва соғломлаштириш тадбирлари учун жами 63 млрд. сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати