19.06.2020. Анчадан буён давом этаётган коронавирус пандемияси даврида аксарият юртдошларимиз уйда қолди ёки масофадан ишлади. Умуман олганда, табиат гўзалликларидан баҳра олиш, саёҳатларга чиқиш бирмунча чекланиб қолганди. Ёзнинг жазирама кунлари бошланиши кўпчиликда табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, баҳаво жойда дам олиш ва соғлиғини мустаҳкамлаш истагини пайдо қилган бўлса, ажаб эмас. Бироқ ҳозирги вазият саёҳат қилишга имкон бермайди.
Хўш, унда санаторийларда дам олиш, саломатликни мустаҳкамлаш мумкинми?
Ҳа, албатта. Махсус комиссия қарори билан жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб санаторийлар ва дам олиш масканлари фаолиятига рухсат берилган.
Табиийки, бугунги вазият санаторийларда дам олувчиларни даволашда тиббиёт ходимларига катта масъулият юклайди. Шу мақсадда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги санаторийларда ишловчи тиббиёт ходимларининг пандемия шароитида ҳушёрлиги ва билимини ошириш учун мунтазам видеосеминарлар ўтказилмоқда. Барча санаторийлар ҳудуди дезинфекция қилиниб, ҳудудий санитария-эпидемиология осойишталик марказларининг хулосалари олинди. Аммо пандемия шароитида дам олишнинг ҳам ўзига хос талаблари ва масъулияти бор.
Дам олувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қандай чоралар кўрилди?
Маълумки, мамлакатимизда коронавирус тарқалиши ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлилига асосан карантин чекловлари жорий йилнинг 8 майидан бошлаб учта тоифага кирувчи ҳудудларга ажратилиб, босқичма-босқич юмшатиб борилмоқда. Шу билан бирга 1 июндан «яшил» ҳудудларда «сариқ» ҳудудларга қўшимча равишда рухсат берилган фаолият турлари орасида санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, бошқа дам олиш масканлари ва жойлаштириш воситалари фаолияти ҳам киритилган.
Шунга кўра, ҳар бир санаторий ўзи жойлашган ҳудудий туман инқирозга қарши кураш комиссияси ва ҳудудий санитария-эпидемиология осойишталик маркази хулосаси асосида фаолиятини бошлаши йўлга қўйилди.
Даставвал Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийлар даволанувчиларни қабул қилишга шай ҳолга келтирилиб, ҳар бир санаторийнинг умумий санитар-гигиеник ҳолати, ошхона, яшаш хоналари, тиббиёт пункти, санитар-гигиеник шохобчаси, ҳимоя ва зарарсизлантириш воситаларининг мавжудлиги, объектга кириш жойида санитайзер ўрнатилгани, ижтимоий масофа шароити, ходимларга инструктаж ўтказилгани ҳамда муҳандислик тармоқлари ҳолати ўрганиб чиқилди. Санаторийларга кириш жойида фильтрлар ташкил этилиб, дезинфекция мосламалари, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланди.
Йўлланмани ҳарид қилиш тартиби
Агар сиз ёзни санаторийлардан бирида ўтказишга қарор қилган бўлсангиз, йўлланма сотиб олиш хусусида олдиндан қайғуриш керак. Санаторийларда дам олиб, саломатликни мустаҳкамлаш муддати одатда 10-12 кундан иборатдир. Йўлланмани ҳарид қилаётган дам олувчи яшаш, овқатланиш ва даволаш муолажалари учун ҳақ тўлайди. Даволанувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида санаторий ҳудудига фақат йўлланмаси бор дам олувчилар киритилмоқда. Йўлланмасиз келганларга тиббий хизматлар кўрсатиш таъқиқланган.
Санаторийга йўлланма сотиб олишнинг бир нечта усуллари бор. Масалан, йўлланмани иш жойингиздаги касаба уюшма ташкилоти орқали белгиланган тартибда имтиёзли равишда ёки туристик фирма орқали ҳамда тўғридан-тўғри санаторийга мурожаат қилиб тўлиқ нархида олишингиз мумкин.
Эътиборли жиҳати шундаки, касаба уюшмаси аъзолари касаба уюшмасининг қоидалари ва имкониятларига мувофиқ йўлланмаларни чегирма билан сотиб олиш ҳуқуқига эга. Бундан бошқа ҳолларда йўлланманинг тўлиқ қиймати бўйича ҳарид қилинади.
Шуни ёдда тутиш керакки, йўлланма санаторийга бориш режалаштирилаётган кундан бир ҳафта олдин кечиктирмай расмийлаштирилади. Уни рад этиш ҳам шу муддатдан кечиктирмай амалга оширилиши керак. Бу яшаш жойидаги поликлиникада дам олувчининг санаторий-курорт картасини расмийлаштириш зарурати билан бевосита боғлиқ.
Дам олувчи санаторийга йўлланма олишдан уч кун аввал вилоят санитария-эпидемиология осойишталик марказига COVID-19 касаллигини текшириш учун юборилади. Вирус аниқланмаган тақдирда, бу ҳақида маълумотнома берилади. Ушбу маълумотнома асосида дам олувчига йўлланма берилади. Ҳар бир йўлланма бир фуқарога берилади, яъни битта йўлланмадан икки киши фойдаланишига йўл қўйилмайди.
Санаторийга бориш вақтида дам олувчи ўзи билан санатор-курортга йўлланма, етарли миқдорда тиббий ниқоб, антисептиклар ҳамда вилоят санитария-эпидемиология осойишталик марказининг COVID-19 касаллигига топширилган таҳлил натижалари бўйича маълумотномани олиб бориши керак бўлади.
Санаторийда
Ҳар бир дам олувчининг тана ҳарорати ўлчаб турилади. Агар даволанувчида тана ҳарорати кўтарилиши, йўтал, аксириш каби белгилар кузатилса, у вақтинча изоляторга ётқизилади ҳамда ҳудудий санитария-эпидемиология осойишталик марказига хабар берилади.
Шу боис, ҳар бир киши санаторийга киргач, ўзи ва бошқалар саломатлиги учун муайян қоидаларга амал қилиши керак. Дам олувчилар санаторий ҳудудида икки метрлик ижтимоий масофа сақлаши, навбатлар юзага келмаслиги учун даволаш бўлимида ҳар бир дам олувчининг муолажага борадиган вақти аниқ белгиланади. Қолаверса, овқатланиш тартиби ҳам жадвал асосида ташкил этилади.
Маданий ва маърифий тадбирлар, концерт, учрашувлар ўтказилиши таъқиқланади. Санаторийда кириш-чиқиш режимига қатъий амал қилинади. Унга кўра, беморларнинг санаторий ҳудудидан ташқарига чиқиши ва уларни кўриш учун қариндошлар келиши мумкин эмас.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати