[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.06.2020. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига мувофиқ, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича мамлакатимизда тизимли ишлар ташкил этилган.

Жорий йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг бажарилиши юзасидан вазир Нозим Бахтиёрович Хусановнинг ҳисоботи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан эшитилди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Қонунчилик палатаси депутатлари иштирок этдилар.

Қўмита раиси Мавлуда Исламовна Ходжаева кириш сўзидан кейин Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Хасанович Махмадалиев меҳнат соҳаси учун барқарор ривожланишнинг 8-мақсадининг ўта муҳимлиги ҳақида гапирди. У самарали бандликни ошириш ҳамда эркаклар ва хотин-қизларни муносиб иш билан таъминлаш асосида барқарор ва умумқамровли иқтисодий ўсишга кўмаклашишга қаратилгандир.

Ушбу мақсад, унинг вазифалари қаторида аҳолини, айниқса, ёшлар, ногиронларни муносиб иш билан таъминлаш ва самарали бандликни кенгайтиришга йўналтирилган қулай шарт-шароит яратиш вазифаси қўйилгани билан эътиборлидир.

Маълумки, бугунги кунда коронавирус пандемияси оқибатида икки миллион нафар фуқароларимиз ишсиз деб эътироф этилмоқда, меҳнат миграциясидан қайтиб келган 500 минг нафар ватандошларимиз ҳам даромад манбаисиз қолди. Айни вақда банд аҳолининг 60 фоизи норасмий секторда ишлаб келган, улар ҳам ўз иш ўринларини йўқотиши мумкинлиги ташвиш уйғотмоқда.

Шу боис, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилиши мўлжалланган Бандликнинг миллий стратегияси Халқаро меҳнат ташкилотининг услубиёти бўйича ҳисоблаб чиқилган умумий ишсизлик иқтисодий фаол аҳолининг 5 фоизидан ошмаслигини таъминлаш, норасмий бандлик улушини қисқартириш, бандликнинг беқарор шаклларида машғул фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, фуқаролар учун замонавий касб-малакани эгаллаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилмоғи лозим.

Яна бир вазифа сифатида қўйилган болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатнинг энг ёмон шаклларига йўл қўймасликни назорат ва мониторинг қилишни кучайтириш лозимлигини ҳам бугун ҳаммамиз яхши тушуниб етдик. Лекин, жойлардаги айрим раҳбарлар, фермерлар, қолаверса ҳокимлар бу масалага билиб-билмай беписандлик қилишларига асло йўл қўймаслигимиз керак.

Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш вазифаси ҳам жуда долзарб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонунига биноан касаба уюшмалари инспекциялари қайта тузилгани бу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш имконини беради деган умиддамиз, – деди Б.Махмадалиев.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов ҳисобот берганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари Э.И.Баситханова соҳадаги қатор муаммоларни санаб ўтди.

Федерация Кенгаши бўлим мудири Н.Каримова Пандемия даврида ходимларнинг меҳнат хуқуқларини ҳимоя қилиш борасида касаба уюшмаларининг ўрни юзасидан музокарада сўзга чиқди.

Ҳукуматнинг 2018 йил 20 октябрдаги 841-сонли қарори доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Раёсат қарори 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари ижросини таъминлаш юзасидан қабул қилинган бўлиб, унда самарали бандликни кенгайтириш, тенг қийматли меҳнат учун тенг иш ҳақи тўланиши, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш масалаларида касаба уюшмалари олдидаги вазифалар аниқ белгиланган.

Касаба уюшмалари Меҳнат инспекцияси коронавирус пандемияси даврида қурилиш ташкилотларида, айниқса савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида жамоатчилик назорати доирасида 4 133 та (246 900 нафар ходим ишлайди) ташкилотни ўрганди ва амалий ёрдам кўрсатди. Унда 671 та меҳнат қонунчилигига, 1 729 тасида Сан ҚваМга риоя қилинмаганлиги ҳолати аниқланиб, иш берувчилар томонидан меҳнат қонунчилигига риоя этмаслик ҳолатлари асосан:

иш ҳақини ўз вақтида тўламаслик;

ходимларнинг розилигисиз уларни иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқариш;

асоссиз иш ўринларини қисқариши;

иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг умумий муддатини ўтказиб юборишлик;

жамоа шартномасида белгиланган мукофот пулларини тўламаслик;

ходимлардан ўз ҳохишига кўра ариза ёзишни талаб қилиш;

меҳнат таътили бермаслик каби ҳолатлар экани маълум бўлди.

1 июндан ҳозиргача киритилган ёзма кўрсатмаларга асосан 4 млрдга яқин ойлик иш ҳақидан ўтган қарздорлик бартараф этилди. Судларга киритилган даъво аризалари асосида 24 нафар ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига 200 млн сўмдан ортиқ мажбурий прогул учун иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарлар тўланишига эришилди.
Кун тартибида кўрилган масала юзасидан депутатлар мунозараларда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Вазирдан меҳнатга оид қонун ҳужжатлари инвентаризацияси, янги иш ўринлари яратиш дастури, норасмий бандлик, ишсизлик, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар тўғрисида қатор саволларга жавоблар олдилар.

Касаба уюшмалари томонидан Миллий мақсад ва вазифаларни бажариш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётганини Б.Махмадалиев эътироф этиб, бу борада бажарилиши лозим бўлган масалаларга эътибор қаратди. Жумладан:

“истеъмол саватчаси” ва “тирикчилик учун зарур энг кам миқдор” тушунчаларини қонуний тартибга солиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш;

меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан кам бўлмаслигига эришиш;

меҳнаткашларнинг реал иш ҳақи ва даромадларини оширишга, ялпи ички маҳсулот таркибида меҳнат ҳақи улушини 30 фоиздан кам бўлмаган миқдорда сақлаб туришга, истеъмол секторида инфляция даражасини 10 фоиздан пастга туширишга доир чоралар кўриш;

“Ижтимоий суғурта тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ишлаб чиқиш;

ижтимоий ҳимоя билан шуғулланувчи алоҳида ягона давлат бошқаруви органини ҳамда ижтимоий инспекцияни ташкил этиш” таклифларни билдирди.

Тадбир сўнгида тегишли қарор қабул қилиб, ижрога йўналтириш ва ижтимоий ҳамкорликда ишларни тизимли давом эттиришга келишиб олинди.

Нодира Каримова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири