23.06.2020. 2012 йил поликлиникага хамшира лавозимига ишга кирганман. 2019 йил шу поликлиникадан декрет (ҳомиладорлик ва туғиш) таътилига чиққанман. Ҳозирда иккинчи фарзандим учун ҳомиладорман. Декрет таътилидан яна декрет таътилига чиқсам бу сафар ҳам декрет таътили пулим тўлиқ тўланадими.
Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган «Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 4 § – 40 бандига кўра ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун белгиланган тартибда берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади.
Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа (шу жумладан, ҳомила тушган ҳолларда) вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча давр учун тўланади.
Ходим йиллик (асосий ва қўшимча) таътилда ва болани парваришлаш учун таътилда бўлган вақтда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътил берилганда, нафақа ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасида кўрсатилган барча кунлари учун берилади. Болани парваришлаш бўйича таътил даври учун нафақа тариф ставкасидан (лавозим маошидан) ва таътил бошланишидан олдинги ўн икки ой мобайнида олинган мукофотларнинг, шунингдек, ижтимоий суғурта бадалига тортиладиган устама, қўшимча ва бошқа хақларнинг ўртача ойлик суммасидан ҳисоблаб чиқарилади. Яъни, ўтача ойлик суммаси ҳисоб қилинаётган кундаги тариф ставкасига (лавозим маошига) олдинги ўн икки ой мобайнида олинган мукофотларнинг ўн иккидан бир қисмини қўшиб ҳисобланади. Мисол учун, ҳисоб кунидаги лавозим маоши бир ярим миллион бўлса, унга ўн икки ой мобайнида олинган мукофотнинг ўн иккидан бири, масалан бу – 300 минг бўлди десак, мана шу 300 мингни бир ярим миллионга қўшамиз. Демак, бир миллион 800 мингдан нафақа пули ҳисоблаб чиқарилиши керак. Бунда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси очилган кунига бўлган тариф ставкаси жойларда белгиланган туман коэффициенти ва устамаларни ҳисобга олган ҳолда олинади.
Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа, шу жумладан, мазкур Низомнинг 4-бандига мувофиқ нафақа тайинланганда ҳам, иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида берилади.
Нодира Каримова
Хамидулла Премкулов
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди