27.07.2020. Мен ҳусусий клиниканинг кордиология бўлимига хамшира бўлиб ишга кирдим. Иш вақтим душанба – жума кунлари 7 соатдан, шанба куни 5 соат қилиб белгиланган. Ходимлар бўлими бошлиғига бошқа шифохоналарда хамшираларнинг иш вақти қисқартирилган, нима учун бизда қисқартирилмаган? Десам, “бу ҳусусий клиника, қолаверса Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарори билан тасдиқланган рўйхатда кимларга қисқартирилган иш вақти белгиланиши белгилаб қўйилган. У рўйхатда кордиология бўлими хамширалари кўрсатилмаган” деган жавоб олдим. Шу тўғрими, агар тўғри бўлса нима учун бошқа шифохоналарнинг хамширалари қисқартирилган ишда ишлашади?
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда, шунингдек айрим фуқаролар ихтиёрида меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган жисмоний шахсларнинг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан тартибга солиниши, Меҳнат кодекси Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилиниши белгилаб қўйилган.
Ҳаттоки, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга тўлиқ ёки қисман тегишли бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган корхоналарда ҳам Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўлланилади.
Демак, “бу ҳусусий клиника” дейилгани қонуний жавоб эмас. Хусусий корхоналарга ҳам меҳнат қонунчилиги тўлиқ тадбиқ этилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарори билан тасдиқланган рўйхат (қарорнинг 4-иловаси)га келсак, ҳақиқатдан ҳам у рўйхатда кўгина тиббиёт ходимлари, шу жумладан “кордиология бўлими хамшираси” кўрсатилмаган.
Аммо, Ўзбекистон Республикасининг Конституцион суди 1998 йил 26 февлаль кунидаги қарори билан, шахс ҳуқуқининг устуворлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида белгилаб қўйилган меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилишдан ва Меҳнат кодексининг 118-моддасини мазмунидан келиб чиқиб, юқорида қайд этилган “рўйхатда” кўрсатилмаган бўлса ҳам барча тиббиёт ходимларининг иш вақти ҳафтасига 36 соатдан ошиши мумкин эмаслиги тўғрисида қарор қилган. Бу қарор қонуний кучда.
Демак, сизнинг иш вақтингиз ҳафтасига 36 соатдан кўп бўлиши мумкин эмас.
Нодира Каримова
Хамидулла Премкулов
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди