[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

30.07.2020. “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятининг Бирлашган касаба уюшма қўмитаси 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги сахисобини қилди.
Қўмита фаолиятини ижтимоий шерикчилик тамойиллари асосида ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнатга ҳақ тўлаш, рағбатлантириш, моддий ҳамда маънавий қўллаб қувватлаш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, дам олишларини ташкил қилиш, жисмоний-тарбия ва маданий-маърифий ишларни амалга ошириш, шунингдек, касаба уюшма фаолларининг малака-кўникмаларини ошириш каби йўналишларда кенг қамровда олиб бормоқда. Яъни Бирлашган касаба уюшма қўмитаси (БКУҚ) касбий, ижтимоий ва меҳнат муносабатларида жамият ходимларининг манфаатларини ифода этади. Аъзоларининг турмуш даражасини яхшилаш учун қулай  шарт-шароитларни яратишга ёрдам беради. Бу ишларни амалга оширилишида Жамият Бошқаруви раҳбариятининг қўллаб-қувватлаши, ташаббуслари, ҳамда бевосита амалий ёрдами ижтимоий шерикчилик тамойилларига асосланган бўлиб, бу ҳайрихохлик ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Хусусан, жамият раҳбарининг бевосита ташаббуси билан 2019-2020 йилларда тизимдаги ташкилот раҳбарлари, касаба уюшма фаоллари, жамият Ёшлар иттифоқи аъзолари ҳамда фаол хотин-қизлар билан биргаликда учрашув ва семинарлар ташкил қилинди.
Умуман олганда БКУҚ ўз фаолиятини қуйидагича олиб боради:
ижтимоий ва меҳнат муносабатлари, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради;
ходимларга иш ҳақини тўлаш шакллари ва тизимини такомиллаштириш, Компанияни бошқариш, жамоа шартномаси бўйича мажбуриятларни такомиллаштириш бўйича музокаралар олиб боради ва тўлақонли ҳисса қўшадиган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини тайёрлайди;
ишчиларнинг инновация ва ихтироларини қўллаб қувватлайди;
мамлакатни модернизация қилиш ва янгилаш, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг устувор дастурлари амалга оширилишининг мониторингида иштирок этади;
ходимлар саноат мусобақаларида иштирок этиши учун ташаббускорлик кўрсатади;
ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини назорат қилиш, шу жумладан, соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишда, қийин иқлим шароитида, шунингдек, зарарли иш шароитида ишлайдиганлар учун эрта пенсия нафақасини расмийлаштришда ёрдам беради.

МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ ИНСТИТУТИ РИВОЖЛАНМОҚДА

Мамлакатимизда амалга оширилаётган неолиберал ислоҳотлар натижасида аҳоли турмуш тарзининг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланиб бормоқда. Бу жараёнларни сўнги уч йилликда ҳар доимгидан ҳам жадаллашганини кўришимиз мумкин. Бундай шароитда касаба уюшмаларининг – ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш институтининг роли кучайтирилди.
“Ўзтрансгаз” БКУҚнинг вазифаларидан бири –“Меҳнат шароитларини яхшилаш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш”дан иборатдир.  Шу боис, қўмитанинг доимий эътибори – иш жойидаги ўлим ёки тан жароҳатлари хавфини камайтиришга қаратилган. Бундай хавфни камайтириш, ходимлар орасида тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида, семинарлар ташкил этиб борилади. Хусусан, 2019 йил 27-29 сентябрь, 2020 йил 25-26 январь кунлари “Угам” оромгоҳида “Меҳнат муҳофазаси бўйича амалга оширилаётган ишлар, белгиланган вазифалар, бунда касаба уюшмаларининг ўрни ва вазифалари” ҳамда “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини тизим ходимларига етказиш” мавзуларида семинарлар ўтказилди. Унда корхонада меҳнат муҳофазасини ташкил этиш сиёсатини такомиллаштириш ва халқаро тажрибани қўллаш бўйича амалий мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди. Янги қонундаги ўзига хос жиҳатлар ҳақида сўз борди.
Бу борада, Биз Ўзбекистон Касаба Уюшмалари Федерациясига хамда Ўзбекистон нефт-газ ва геология ходимлари Республика Кенгашига сермахсул хамкорлик, доимий кўмак хамда амалий ёрдам учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз!

“КАСАБА УЮШМАСИ ҚАНЧА КУЧЛИ БЎЛСА – ИШ ЖОЙИ ШУНЧА ХАВФСИЗ БЎЛАДИ”  …

БКУҚ ўз фаолиятини юқоридаги шиорига амал қилган ҳолда ташкил этмоқда. Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, иш жойларини аттестациядан ўтказиш масалалари ҳозирги босқичда энг муҳим вазифаларидан бирига айланган. БКУҚ ҳузуридаги меҳнатни муҳофаза қилиш комиссияси ва сайланган жамоатчи вакиллари, жамиятнинг Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими, мухандис-техник ходимлари билан биргаликда меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси ва саноат хавфсизлигини таъминлаш, иш ўринларини аттестация қилиш жараёнларида фаол иштирок этиб келмоқда. Бу борада шунингдек, зарарли ва ноқулай иш шароитида ишлаётган ходимларни махсус кийимлар ва сут маҳсулотлари билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.
– Иш ҳақининг ошиши. Соҳадаги замонавий технологик ўзгаришлар фаолият юритаётган ходимлар малакасини доимий оширилишини ва жамиятга янгича фикрлай оладиган тажрибали ходимларни жалб қилишни талаб этмоқда. Бунинг учун Бирлашган касаба уюшма қўмитаси жамият томонидан ходимларга тўланадиган иш хақи даражаси рақобатдош бўлишини таъминлаш бўйича ўз таҳлиллари асосида амалий таклифларини ишлаб чиқади. Хусусан, ўртача иш хақи жамиятда ўтган уч йил давомида барқарор ўсишга эришилди. Бу кўрсаткичлар абсолют қиймат бўйича ҳисобланганда 310% ўсганлигидан далолатдир.
– Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, жисмоний-тарбия ва маданий-маърифий ишларни амалга ошириш мақсадида қўмита томонидан  жамиятда жисмоний тарбия ва спорт ишлари ривожланишига алоҳида эътибор қаратади. Жамият ижроия аппарати ва унинг тасарруфидаги корхона-ташкилотларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларимизнинг соғликларини тиклаш, ишдан бўш вақтларида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларини ташкил қилиш мақсадида жойларда спорт майдончалари қурилмоқда ёки таъмирланмоқда. Спорт анжомлари билан таъминламоқда. Спорт майдонлари бўлмаган ташкилотларимизда ходимларни спорт билан шуғулланишлари учун мавжуд спорт мажмуаллари билан шартнома асосида фойдаланишлари йўлга қўйилмоқда.

ХОДИМЛАРНИНГ ИННОВАЦИОН ИХТИРОЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ

Бугунги тезкор давр инновация фаолиятининг ютуқларидан кенг фойдаланишни тақозо этмоқда. Ҳаётимизнинг барча соҳаларини изчил ривожлантириш, мамлакатнинг муносиб келажагини барпо этиш учун муҳим бўлган бу йўналишда БКУҚ ташаббуси билан Компания ходимлари орасидаги тадқиқотчи ва олимларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида Жамоа шартномасига “Компания тизимида янги ускуналар ва илғор технологияларни яратганлик ва жорий этганлик учун мукофотлаш тўғрисида”ги Низом илова қилинди. Унга кўра Компания объектларида янги ускуналар, илғор технологиялар, автоматлаштирилган тизимлар ва жараёнлар яратиш, меҳнат талаб қиладиган ва унумдорлиги паст бўлган жараёнларни механизациялаш ва автоматлаштириш орқали тизимдаги илмий-техник тараққиётни тезлаштириш бўйича ишларни амалга оширган ходимларни самарали рағбатлантириш назарда тутилган.
Халқаро тажрибага асосан касаба уюшмалари ўз фаолиятида қуйидаги моделлардан фойдаланади:
“Яраштириш модели”- жамоавий битим жараёнларини марказлаштириш ва ишчилар ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга асосланган (ушбу модел Шимолий Европанинг Норвегия, Финляндия каби давлатларда қўлланади);
Японияда тизим асосида шаклланган “Патерналистик модел”. Унга асосан иш берувчининг мавқеи устуворлигини ҳисобга олиб, умр бўйи ёлланиш ҳамда иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни самарали ҳал этишга қаратилган.
Уч томонлама муносабатларга асосланган “Ижтимоий шериклик модели” томонидан қўллаб-қувватланадиган кўп даражали ҳамкорлик ва Меҳнат кодексининг қоидалари устуворлигини таъминлашга қаратилган модел (ушбу модел Россия Федерацияси ва Ўзбекистонда қўлланилади).
“Ўзтрансгаз” Бирлашган касаба уюшма қўмитасининг асосий мақсадларидан бири – ходимлар ижтимоий ва меҳнат муносабатларида улар манфаатларини ифода этишнинг халқаро тажрибага асосланган илғор усулларини қўллашга қаратилган.

УСТОЗ-ШОГИРД АНЪАНАСИ, БАЙРАМ САНАЛАРИ…

“Ўзтрансгаз” АЖ тизимидаги корхона ва ташкилотлар фаолиятида яна бир жиҳат бор. У ҳам бўлса тизимда меҳнат-қилаётган ходимлар ўртасида йўлга қўйилган устоз-шогирд анъанасидир. Тизим корхоналарида бу борадаги ишлар бир муддат бўлсада эътибордан четда қолмайди. Тажрибали мутахассислар ўз касбининг сир-асрорларини, нозик ва ўзига хос жиҳатларини доимий тарзда ёш ходимларга ўргатиб келади. “От изини той босар” деганларидек, бугунги шогирдлар ҳам эртага устоз даражасига етганларида, қадриятга айланаётган анъанани бажону дил давом эттиришлари шубҳасиз. Бу борада йўлга қўйилган механизмда яна бир жиҳат борки, у ҳам бўлса, шогирдига касб ўргатаётган устозлар учун моддий манфаатдорликнинг йўлга қўйилганлиги. Бу эса ҳеч бир ҳаракат ва қўшимча меҳнат беҳуда  ёки бесамар кетмаслигига, ҳар бир ҳаракатнинг натижадорлигига хизмат қилади.

БКУҚ ва унинг жойлардаги таркибий тузилмалари томонидан Мамлакатимизда давлат миқёсида нишонланадиган байрам саналарини муносиб тарзда ўтказилиши ҳам анъана тусини олган. Ҳар бир қутлуғ сана муносабати билан ишчи-ходимлар учун байрам дастурлари, эсдалик совғалари, моддий рағбатлантириш, айниқса кичик ёшдаги фарзандлар учун китоблар ёки ширинликлар шаклида меҳр улашиш… Буларнинг бари, тизимда фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш, уларнинг дам олиш хуқуқларидан унумли фойдаланишлари учун имкон яратиш мақсадида олиб борилаётган саъйи-ҳаракатлардир. Байрамлар арафасида шунингдек,  Магистрал газ қувурлари тизимидаги корхоналарда меҳнат қилиб нафақага чиққан фахрийлар, корхоналар атрофидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи кўмакка муҳтож кишилар, Меҳрибонлик уйлари ва Мактаб-интернатлар тарбияланувчиларининг ҳам ҳолидан хабар олиш ҳам йўлга қўйилган. Чиройли дастурлар билан кўнгилларни шод этиш мақсадида ташкил этилаётган бундай тадбирлар “Ўзтрансгаз” АЖ ҳамда БКУҚнинг ўз олдига қўйган беминнат ва савобли амаллари ҳисобланади. Сўнгги бир йиллик давр мисолида олинса, ҳар бир корхона ва ташкилотларни қўшиб ҳисоблаганда, бундай тадбирлар сони 100 дан ошиб кетади.

ПАНДЕМИЯ ШАРОИТИДА…

Ҳозирги кунда, Covid-19 коронавируси туфайли жорий этилган карантин шароитида қўмита ўз олдига қўйган вазифаларини қуйидаги тартибда ўтказиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.
Хусусан:
Анъанавий тарзда ташкил этиладиган “Меҳнат хавфсизлиги” бўйича семинарларни онлайн вебинар тарзида ўтказиш.
Ходимлар ижтимоий иқтисодий турмуш даражасини баҳолаш мақсадида аноним сўровнома ўтказиш.
Кўмита фаолияти шаффофлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилган ишлар юзасидан тузилган йиллик ҳисоботни касаба уюшмасининг ҳар бир аъзосига электрон шаклда юбориш ва очиқ маълумотларни жамият веб сайтига мунтазам жойлаштириш.
Жамоа шартномасига киритилган ўзгаришларни аъзолар эътиборига ҳавола этиш ва уларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганишда замонавий техника ютуқларидан фойдаланиш.
Олиб борилаётган бундай саъйи-ҳаракатларимизнинг барчаси Мустақил Ватанимизнинг иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилгандир. Бу йўлда олдинда турган вазифаларни сидқидилдан бажариш ва жамият ходимларига энг яхши меҳнат муҳитини яратиш – асосий бурчимиздир! Зеро, ижтимоий шерикчилик  асосида яратилган яхши меҳнат шароити ва муносиб рағбат нафақат руҳият саломатлиги ва меҳнат унумдорлигига балки, жамият ва мамлакат равнақига хизмат қилади.

Б.Бобохонов

“Ўзтрансгаз” АЖ Бирлашган Касаба уюшмалари Қўмитаси раиси