[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

19.08.2020. Кейинги фаолият, устувор вазифалар белгилаб олинди.

Самарқанд касаба уюшмаларининг VII конференцияси аввалгиларидан қатор жиҳатлари билан фарқланади. Эътиборли жиҳатларидан бири, ҳисобот – сайлов йиғилишидан бир неча кун аввал ҳудудий ОАВлар орқали аҳолининг кенг қатламига бўлиб ўтадиган анжуман хабари етказилди. Тадбир онлайн шаклида ташкил этилиб, делегатларнинг аксар қисми ўз ҳудудларидан иштирок этишди. Касаба уюшмалари фаолияти, истиқболдаги режалари билан яқинроқ танишиш истагида бўлган ҳар бир фуқарога мулоҳазаларини баён этиш имкони яратилди.

-Тўғрисини айтганда аксар ҳолларда нафақат оддий фуқаро ҳатто зиёлилар орасида ҳам касаба уюшмаларининг фаолияти ҳақида етарлича тушунчага эга бўлмаганлар  кўп. Ваҳоланки, меҳнат аҳли учун паноҳ бўлган бу ташкилотнинг серқирра ишидан кенг омманинг бохабарлиги пастлигича қолмоқда,- деди Самарқанд вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов ташкилотнинг  ҳисобот Конференциясида қилган чиқишида. – Баъзи йирик корхоналарда касаба уюшмага аъзолик тақдирини муайян битта шахс ҳал қилиб юбориш ҳолатларига кўп дуч келаяпмиз. Олдимиздаги устувор вазифа,  одамларда касаба уюшмаларига аъзо бўлиш фахр-ифтихор туйғусини уйғотиш даражасига етказишдан иборатдир. Бунга, ўтган йилларда касаба уюшмалари томонидан амалга оширилган ишлар тўла асос бўла олади.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори остидаги Форумда қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни амалга оширишда Кўмаклашиш дастури”, фаолиятда устуворлик касб этди. Дунё касаба уюшмаларининг ижтимоий муҳофазага йўналтирилган мезонлари таҳлил этилиб, ибратли жиҳатлари амалиётга тадбиқ этилмоқда. Биргина Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ҳисобот йиллари мобайнида касаба уюшмаларининг 9 та халқаро тадбирларига мезбонлик қилди. Жаҳон миқёсида нуфузли мавқега эга меҳнаткашлар манфаати ҳимоячиларидан иборат делегатциялар 30 дан ортиқ бошланғич касаба уюшма ташкилотлари тажрибасини ўрганишди ва муносиб баҳолашди. Россиянинг Нижныйновогорд вилоят касаба уюшмалари билан вилоят касаба уюшмалари ўртасида ҳамкорлик меъморандуми имзоланди. Вилоят касаба уюшмалари вакиллари, хориж ва МДҲ давлатлари касаба уюшмалари фаолияти билан танишиш имкониятига ҳам эга бўлишди.

Муносиб меҳнат – муносиб ҳаёт гарови бўлиши кафолатини таъминлашга интилаётган касаба уюшмалари ходимлар манфаатдорлик даражасини оширишга тинмай интилмоқда. Бундан беш йил аввал жамоа шартномаларида имтиёз ва афзалликларни кафолатловчи 80-92 та бандлар орқали ҳар бир ходимга иш берувчилар томонидан 600-650 сўм сарфланарди. Ташкилот саъйи – ҳаракати билан шартномага киритилган кафиллик тадбирлари сони 115-120 тага етказилди. Бу эса ҳар бир ишловчига сарфланаётган маблағ миқдорини 2 миллон 599 минг 400 минг сўмгача кўтарилишига эришилди. Давлатимиз томонидан номланган йиллар бўйича белгиланган дастурлар ижросига 10 миллиард 168 миллион 640 минг сўм миқдоридаги маблағ сарфланди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ўтказилган меҳнат ярмаркаларида жамоат назорати ташкил этилиб 50 мингдан ортиқ иш ахтараётганлар муносиб меҳнат ўринларига эга бўлишди. Бундан ташқари меҳнат муҳофазаси соҳаси вакилларининг билим ва кўникмаларини ошириш, такомиллашиб бораётган муҳофаза талабларини кенг тарғиб қилиш мақсадида касаба уюшмалари қошида “Касаба зиё” ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилди. Ўтган қисқа даврда юзлаб жамоатчи-назоратчилар касб – малакаси оширилди. Шунингдек, туризмни ривожлантириш мақсадида “Касаба Самарқанд” сайёҳлик агентлигига асос солинди. Бу ташкилот томонидан ҳар йили ўртача 15 минга яқин меҳнаткашлар вакиллари ички туризм йўналишида сайру-саёҳатларда бўлиб келишмоқда.

Ўтган йиллар  мобайнида жамоат ташкилоти томонидан меҳнатга ўз фурсатида ҳақ тўлаш, юз бераётган қарздорликларни бартараф этиш юзасидан тизимли ишлар ташкил этилди. Натижада “Самарқандкимё” ОАЖнинг 889 миллион сўмлик, “Жанубий Ғрбий магистрал электр тармоқлари” корхонаси томонидан 2 миллиард 497 миллион сўмлик иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлиги бартараф этилди. Аммо вилоятдаги “Иссиқлик манбаи” АЖда ҳамон иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик мавжуд. Кўрсатилаётган ёрдам ва кўмаклар билан ҳам ўз қаддини тиклаб олаолмаётган ташкилот, ходимлар ҳақини тўлашни ҳамон пайсалга солиб келмоқда. Жамоат ташкилотини ташвишлантираётган яна бир ҳолат, бу ишлаб чиқариш билан боғлик бахтсиз ҳодисаларнинг барҳам топмаётганлигидадир. Ҳисобот даврида иш жараёнида 52 ҳолатда кўнгилсиз ҳодиса юз берган. Энг ачинарлиси, оқибати ўлим билан тугаётган бахтсиз тасодифлар ҳам бор. Касаба уюшмалари аралашуви билан ундирилган (меҳнаткашлар ва улар оила аъзоларига меҳнатда майибланиш, касб касаллигига чалиниш, боқувчисини йўқотиш, етказилган зарар ва товон) пуллари миқдори миллиардлаб сўмни ташкил этмоқда.

Беш йил, бу оғиздагина осон айланади. Ўтган даврнинг ҳар лаҳзаси масъулияти, юкини жараёнларнинг иштирокчисигина англаши мумкин. Биз жамоат ташкилотининг фуқаролар мурожаатини ҳал этиши, судларда меҳнаткашлар манфаати йўлидаги “тўқнашув”лар, кўрсатилган моддий ва маънавий кўмак, саломатлик тарғиботига йўналтирилган ишлар, хуллас меҳнаткашга иш ва турмушда кўрсатилган мадад турларининг барчасини бир мақолада тилга олишга қалам ҳам қоғоз ҳам чарчашини англадик. Аммо кам таъминланган оилалар ва хотин – қизлар муаммоларни ҳал этишда касаба уюшмаларининг иштирокини эсламаслик инсофдан бўлмаслигини ҳис этаяпмиз.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижтимоий муҳофазага муҳтож инсонларга қўл келди. Касаба уюшмаларининг жамоатчилик назорати ва ташкилотчилиги асосида 2017 йилда Самарқанд вилоятида 30 нафар фуқаро уй-жой билан таъминланди. 160 нафар кам таъминланган оилаларнинг уй жойлари таъмирланди. 1776 нафар кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга маиший техника воситалари, 543 та оилага газ ва балон берилиб, 96 кишининг саломатлиги тикланди. 2018 йилда эса 35 та уй-жой  қурилиб 398 оиланинг хонадонлари таъмирлаб берилди. 1120 оилага маиший техника воситалари етказилди. Атиги бир абзацни олган бу баёнда соҳа ходимларнинг туну – кунги икки йиллик меҳнати ётибди.

Хотин қизларнинг гендер тенглиги, муаммолари дунёнинг барча минтақаларида тез-тез тилга олинади. Мамлакатимизда қуруқ гапдан кўра амалий иш афзаллиги ўз ифодасини топмоқда. Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб қувватлаш дастур асосида амалга оширилмоқда. Касаба уюшмалари раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи жойларда вазиятни ўрганиб холисона хулоса чиқарди. Уйма-уй юриш орқали вилоятдаги 1097 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 5305 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларнинг 6478 та муаммолари аниқланди. Маҳаллий ҳокимликлар ва мутасаддилар кўмагида муаммолар бирин кетин ҳал этиб келинмоқда. Касаба уюшмалари томонидан эса вилоятдаги 362 нафар хотин – қизлар тикув машиналари билан таъминланиб ишли бўлишди. 248 нафар аёлларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди. 129 нафар қийналган аёлга дори-дармон, 31 нафарига даволанишда кўмак кўрсатилди. Коммунал тўловдаги қарздорлиги бартараф этилганлар ва моддий ёрдам берилганлар ҳам оз эмас. Иссиқхона қуриб ва чорва моллари олиб берилганлар, сарторошлик, пазандалик учун зарур ашёларга эга бўлганлар ҳам анчагина. Хуллас, ҳозиргача турмушимда муаммо бор деган аёлларга касаба уюшмалари томонидан 5 миллиард сўмлик кўмак кўрсатилди.

Конференция делегетлари бирлашма кенгаши тафтиш комиссияси ҳисоботини ҳам қониқарли баҳолашди. Қизғин мунозара ва муҳокамалар, жойлардан билдирилган такфлифларнинг барчаси инобатга олинди. Делегатлар бирлашма кенгашининг ўтган беш йиллик фаолиятини қониқарли баҳолаб Суҳроб Рафиқовни бирлашма кенгаши раислигига қайта сайлашди. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси қурилтойига делегатлар кўрсатилди.

Конференция ишида Ўз КУФК раиси ўринбосари Б.Маҳмадалиев, Самарқанд вилоят ҳокими Э.Турдимовлар иштирок этишди.

Райхон Абдуллаева

Самарқанд вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ташкилий ишлар бўлими мудири.