08.09.2020. Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида “Ўзбекистонда Ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг асос солувчи конвенциялари ва уларни амалиётда тутган ўрни” мавзусида онлайн конференцалоқа шаклида вебинар ўтказилди.
Унда тармоқ касаба уюшмалари фаоллари, таълим йўналиши бўйича соҳа ходимлари, фермерлар, тиббиёт, санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва кластер раҳбарлари иштирок этди.
Мазкур онлайн конференцалоқа шаклида вебинарда инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ҳамда унга барҳам бериш бўйича сўз борди.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Халқаро меҳнат ташкилоти билан фаол ҳамкорлик қилиниши натижасида, ушбу ташкилотнинг 17 та, жумладан, 8 та асосий Конвенцияси ҳамда 1 та протоколи Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган. Бу эса, ўз навбатида, болалар меҳнатига тўлиқ барҳам бериш, шунингдек, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик учун етарли норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш имконини берди.
Вебинарда сўз олган вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари Орзигул Қозихонова кун тартибидаги масаланинг аҳамияти, қонунчиликда кўзда тутилган тартиб-қоидалар хусусида атрофлича тўхталиб, болалар меҳнатининг оғир шаклларига йўл қўймаслик, ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида тушунчалар бериб ўтди.
Шунингдек, вебинарда “Касаба уюшмаларига бирлашиш эркинлиги ва жамоа музокараларини олиб бориш ҳуқуқи тўғрисида”, “Меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишга йўл қўймаслик тўғрисида” ҳамда мажбурий меҳнатни олдини олиш борасида Фарғона вилоятида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди. Шу билан бирга, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Бир сўз билан айтганда, вебинарда мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишларига йўл қўймаслик, инсон ҳуқуқларини поймол этишга, мажбурий меҳнатга йўл қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди.
Манзурахон Акрамова
Фарғона вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши меҳнаткашларни ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири