14.09.2020. Пандемия шароитида Наманган вилояти бўйича фаолият юритишига рухсат берилган «Косонсой» ва «Чортоқ» санаторийларида даволанаётган, дам олаётганларга яратилган шароитлар ва ишловчи ходимларнинг меҳнат муҳофазаси билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят бўйича меҳнат техник инспектори томонидан бир қатор ўрганишлар ўтказилди.
Маълумки, «Косонсой» санаторийси дарё соҳилида жойлашган баҳаво курорт зонаси ҳисобланади. Юрак, асаб, ҳаракат-таянч тизими касалликларига чалинган беморларни соғломлаштиришга ихтисослаштирилган. Санаторийга ишловчилар 100 нафарни ташкил этади. Айни карантин даврида эса 81 нафар ходим ишламоқда ҳамда 100 нафарга яқин киши даволанмоқда.
– Ўрганишлар кўрсатдики, санаторийда мавжуд касб ва лавозимлар ҳамда иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари ишлаб чиқилган, – дейди меҳнат техник инспектори Мирзанозир Қорабоев. – Меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда шахсий гигиена ва ҳимоя воситалари билан бепул таъминланган.
Санаторийда ходимлар карантин талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритмоқда. Хавфли гуруҳлардаги шахсларни, яъни ёши 65 дан ошган, сурункали касалликлари бўлган, иммунитети пасайган шахслар ва ҳомиладор аёллар ўз-ўзини изоляция қилиш режимини ўрнатган ҳолда вақтинча ишдан озод қилинган. Санаторийда ходимларни ишга олиб келиш ва олиб кетиш учун махсус транспорт хизмати йўлга қўйилган.
Чортоқ туманидаги «Чортоқ» санаторийсида ҳам ҳаракат-таянч аъзолари, юрак ҳамда асаб касалликлари бор беморлар даволанади. Ишловчилар 370 нафар бўлгани ҳолда карантинда 130 нафар ходим фаолият юритмоқда. Айни кунда санаторийда 304 нафар киши даволанаётир. Санаторийда жамоа шартномаси, ички меҳнат тартиб қоидалари ва бошқа локал ҳужжатлар ишлаб чиқилган.
Санаторий иш берувчиси ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакилига пандемия даврида амал қилиш зарур бўлган масалалар юзасидан бир қатор тавсиялар берилди.
Орзугул Рустамова