15.09.2020. Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида пахта йиғим-терими мавсуми бошланиши муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.
Қорақалпоғистон касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси мутахассислари маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда мавсумий ишчиларни йиғим-теримга жалб этишда меҳнат қонунчилигига, санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этиш ва бошқа долзарб масалаларга кенг тўхталинди.
Таъкидландики, Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда 86 минг 291 гектар майдонга чигит қадалиб, шундан 196 минг тонна пахта хомашёсини етиштириш режалаштирилган. мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари Оролбўйида ҳам пахта-йиғим терими бошланди. Етиштирилган «оқ олтин»ни нес-нобуд қилмасдан териб олиш мақсадида жойларда 1606 та отряд ташкил этилди.
Жорий йилги пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик мақсадида фермерлар, пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари иштирокида семинарлар ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикасида белгиланган тартибда 81600 нафар теримчи билан шартнома имзоланди.
Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Есимхон Қаноатов