02.10.2020. Бугун бутун дунё синовли дамларни бошдан кечираётган бир паллада ҳам давлатимизнинг диққат-эътибори таълим тизимига қаратилган. Биргина Самарқанд вилоятида жорий йилда кўплаб замонавий янги мактаб бинолари қад ростлади, 56 та мактабда реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ушбу бунёдкорлик ишларига инвестиция дастури асосида 128 миллиард, инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 65 миллиард сўм миқдоридаги маблағ йўналтирилди. Бундан ташқари, тизим ривожига вилоят ҳокимининг ташаббуси билан ўтган ва жорий йил мобайнида халқ таълими тизимини қўллаб-қувватлаш мақсадида 102 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
Кези келганда, ёш авлод тарбиясидек масъулиятни зиммасига олган тизим ходимлари ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ кафолатланганини алоҳида таъкидлашни истардим. Тармоқда янгиланиш, замонавий технология, илғор тажрибаларнинг оммалашиши баробарида ходимлар моддий манфаатдорлиги ҳам кескин ошиб бормоқда. Ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини рағбатлантириш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, дам олишини ташкил этиш масалалари касаба уюшмаларининг доимий назоратида.
Синовли кунларда ҳам янги ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, бошланғич ташкилотлар фаолиятини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди. Амалий саъй-ҳаракатлар натижасида 73 та бошланғич ташкилот тузилиб, 750 нафар ишловчи касаба уюшмалари хизматига қамраб олинди.
Тармоқда меҳнат қилаётган ижтимоий муҳофазага муҳтож ходимлар ҳамиша диққат марказида бўлиб, касаба уюшмаларининг қуйи ташкилотлари орқали 7 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийси, 216 нафар байналмилалчи жангчи, 158 нафар ногирон ҳолидан хабар олиниб, уларга турли даражадаги кўмак уюштирилди. Кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган талабалардан уч нафарига касаба уюшмалари стипендиялари етказилди. тармоқ тасарруфидаги ташкилотларда ишловчи уч нафар ногиронга бепул сиҳатгоҳ йўлланмаси топширилди.
Соҳа ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида амалга оширилган тизимли ишлар ҳам алоҳида эътиборга молик. Масалан, пандемия шароитида 129 та ёзма, 104 та оғзаки, «Ишонч телефони» орқали келиб тушган 56 та мурожаат ўз ечимини топди.
Ходимларга муносиб меҳнат шароити яратиш, хавфсизлик қоидаларидан хабардорлик даражасини оширишда ҳам юксалиш бор. Масалан, 2015 йилда жойлардаги меҳнат шароитларини ўрганиш, тегишли йўл-йўриқлар кўрсатишга доир 224 та тадбир ўтказилган эди. Кейинги йилларда эса ана шу ишлар салмоғи йилига ўртача 532-550 тадан ошди.
Соҳада хизмат қилаётган кам таъминланган оилалар фарзандлари жамоа шартномалари орқали қўллаб-қувватланмоқда. Тармоқ ходимларининг фарзандларига мактаб жиҳозлари, ўқув қуроллари, дарсликлар туҳфа этилди.
Ички туризмни ривожлантириш, тизимда ишлаётган ходимларнинг юртимизнинг обод гўшаларига саёҳатини уюштириш йил сайин яхшиланмоқда. Шу чоққача таълим тизимида меҳнат қилаётган ходимларнинг 57096 нафари Тошкент, Хоразм, Бухоро, Шаҳрисабз, Нурота шаҳарларининг диққатга сазовор жойларида бўлишди. Ички туризм йўналишидаги саёҳатлар бу йилда карантин талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда. Таълим тизимида ишловчилар Зомин, Хоразм, Бухоро шаҳарларини кўздан кечириш имкониятига эга бўлди. Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси қошида ташкил этилган «Касаба Самарқанд» туристик фирмаси имтиёзли саёҳатлар уюштирмоқда.
Соҳа ходимларини мамлакатимиздаги сиҳатгоҳларда соғломлаштириш салмоғи ҳам йилдан-йилга ошиб бораётир. Кейинги беш йил мобайнида тизимда ишловчи 7 минг нафарга яқин ходим касаба уюшмаларининг имтиёзли йўлланмалари билан таъминланди.
Тармоқда «Ҳар бир бола меҳр ва эътиборда», «Спорт – мустаҳкам оиламиз пойдевори», «Отам-онам ва мен – спортчилар оиласимиз» сингари жисмоний чиниқишга қаратилган тадбирларни турли босқичларда ўтказиш анъанага айлангани ҳам айни муддао бўлмоқда.
Мураббийларимизнинг меҳнати ўз қадрини топаётгани, тизимда амалга оширилган ислоҳотлар ёшларимизнинг ҳам соҳага бўлган қизиқишларини оширмоқда. Зиёга чанқоқ ёшлар сафи кундан-кунга кўпаймоқда. Бу эса тизим ривожи янада салмоқли тус олади, деганидир.
Ифтихор Раҳимов
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси