02.10.2020. Ўзбекистон касаба уюшмалари ўз аъзоларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаш, улар мурожаатлари юзасидан тезкор амалий чоралар кўриш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, фуқароларга ижтимоий-меҳнат соҳасига оид масалаларда бепул юридик хизмат кўрсатиш ҳамда ижтимоий-меҳнат соҳасига оид миллий ва халқаро стандартларни тарғиб этиш кўламини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошида Юридик клиника фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, 1092 қисқа рақамли Ишонч телефони, аҳоли билан қайта алоқа механизми фаолият кўрсатмоқда.
Бугунги кунда касаба уюшмалари ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи поймол этилган ҳолларда улар ҳуқуқларини тиклашни сўраб иш берувчиларга тақдимномалар ва судга даъво аризалари киритмоқдалар. Бу орқали ходимлар ҳуқуқи тикланиб, етказилган зарар учун уларга моддий ва маънавий зарарлар ундириб берилмоқда. Жумладан, Хоразм вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан фуқаро Балтаев Мансурбек Одамбаевич мурожаати юзасидан Агробанк очиқ акциядорлик тижорат банкига нисбатан ишга тиклаш, мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи тўлаш тўғрисида судга даъво аризаси киритилган.
Ўрганишлар жараёнида Агробанк очиқ акциядорлик тижорат банки томонидан фуқаро М.Балтаевга банкни бошқариш юзасидан ишончнома берилмаганлиги, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 100-моддасининг 2-қисми, 4-бандига асосан меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлувчи ҳаракатлар мавжудлиги ўз исботини топмаганлиги ҳамда фуқаро М.Балтаев меҳнатга лаёқатсизлик варақасида бўлганлиги эътиборга олинмасдан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги аниқланган. Натижада, касаба уюшмаси кўмагида М.Балтаев Агробанк очиқ акциядорлик тижорат банкига ўз лавозимига ишга тикланиб, унинг фойдасига мажбурий ишсиз юрган кунлари ҳамда кўрган маънавий зарарлари учун жами 52 миллион 795 минг 885 сўм маблағ ундириб берилди.
Шунингдек, Фермер хўжаликлари бухгалтерия хисоби ва хисоботини юритиш маркази томонидан фуқаролар Т.Абдуллаева, М.Маткаримов, Н.Ражабова, М.Юсупов, А.Якубов, О.Акназаров, Ж.Матниёзов, Г.Рузметова, Б.Рузметов, З.Якубова билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 100-моддасининг 2-қисми, 1-бандига асосан ташкилотда ходимлар сони қисқариши муносабати билан бекор қилинган.
Ушбу даврларда ходимларга Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 109- ҳамда 67-моддаларида назарда тутилган кафолат пуллари тўлаб берилмаганлиги сабабли вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига даъво аризаси киритилган.
Суд томонидан даъво аризаси қаноатлантирилиб, ходимлар фойдасига Фермер хўжаликлари бухгалтерия хисоби ва хисоботини юритиш марказидан кафолатли тўловлар билан бирга ходимларнинг маънавий зарарлари учун жами 60 миллион 782 минг 490 сўм маблағ ундириб берилди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари