07.10.2020. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишланган “Касаба уюшмалари ва ностандарт бандлик” мавзусида Вебинар ўтказилди.
Видеоконференц алоқа шаклидаги мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, Олий Мажлис Сенати, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Бош прокуратура ҳамда бир қатор манфаатдор вазирлик ва идорлар вакиллари, шунингдек, таниқли иқтисодчи олим академик Қаландар Абдураҳмонов, барча тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари етакчилари ҳамда масъул ходимлари, пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни мониторинг қилиш ҳудудий гуруҳлари аъзолари, касаба уюшмаларининг Юридик клиникаси мутахассислари ва меҳнат инспекторлари онлайн тарздаги иштирок этдилар. Шунингдек, Вебинарда Халқаро меҳнат ташкилоти Меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюросининг Европа ва Марказий Осиё бўлими мудири Сергеюс Гловацкас, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Бутуневропа минтақавий кенгаши Ижроия котиби Антон Леппик, Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари Гоча Александриа, Виктор Хьюго Рико, Анастасия Дубова, Азизхон Ханходжаевлар масофадан иштирок этдилар.
Вебинар ташкилотчилари таъкидлаганидек, дунёнинг барча мамлакатларида Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси ташаббуси билан нишонланадиган Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни нишонланаётганига 13 йил тўлади. 2008 йилдан бери бутун дунёда ушбу кунни нишонлашда 100 миллиондан зиёд меҳнаткашлар иштирок этиб келмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан охирги йилларда жамият ҳаётининг барча соҳаларида, шу жумладан, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Хусусан, олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида охирги йилларда иш ҳақи бўйича сурункали қарздорликни бартараф этиш, иш кучи мобиллигини ошириш, фуқароларни ҳорижда ишга жойлаштириш жараёнини соддалаштириш, педагоглар, тиббиёт ва маданият ходимлари, шунингдек, давлат бюджетидан молиялаштирилувчи бошқа тармоқлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш каби масалаларнинг самарали ҳал этилишига эришилди. Шунингдек, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахсларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш бўйича кенг-кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан яратилган Муносиб меҳнат Концепциясига биноан самарали бандлик ва муносиб меҳнат – адолатли глобаллашувга эришиш, камбағаллик кўламини қисқартириш ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш йўлидаги ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Шу маънода бугун мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган кенг-қамровли ислоҳотлар ва уларнинг натижалари муносиб меҳнат соҳасидаги халқаро меъёрларига ҳам мос келишини алоҳида таъкидлаш зарур.
Муносиб меҳнат концепцияси меҳнат соҳасида асос солувчи ҳуқуқларни рўёбга чиқариш, бандлик ва даромад олиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимоя тизимларини такомиллаштириш ҳамда ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлаш каби тўртта муҳим стратегик мақсадларга таянади. Бундай ёндашувнинг ҳуқуқий негизи сифатида Халқаро меҳнат ташкилотининг 8 та асос солувчи конвенцияси хизмат қилади ҳамда улар болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга бархам бериш, меҳнат соҳасида камситишларга йўл қўймаслик, бир ҳил меҳнат учун хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳақ тўлаш, касаба уюшмаларига бирлашиш ва жамоа музокараларини олиб бориш эркинлиги масалаларини қамраб олган.
Ушбу концепциядан келиб чиққан ҳолда, Муносиб меҳнатнинг барқарор бандликни таъминлаш, ушбу соҳада камситишларнинг йўқ қилинишига алоҳида эътибор қаратиш, ҳар бир меҳнаткаш билан меҳнат шартномаси тузилишига эришиш, ходимга унинг ўзи ва оиласи учун муносиб турмуш шароитларини яратишга етарли бўлган миқдорда иш ҳақи тўлаш, қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий суғурта ва ижтимоий ҳимоянинг самарали тизимларини ривожлантириш, меҳнаткашлар учун касаба уюшмаларига бирлашиш, жамоа музокараларини юритиш ва жамоа шартномаларини тузиш ҳуқуқини таъминлаш, мажбурий ва болалар меҳнатининг барча кўринишларини йўқ қилиш каби жиҳатлари ўта муҳим ҳисобланади.
Муносиб меҳнат нафақат ижтимоий адолат тамойилларини балки иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ва ривожланишини, жамиятда манфаатлар уйғунлигини таъминловчи омил ҳисобланади. Муносиб меҳнат куни Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан ҳам кенг нишонлаб келинмоқда. Бошқа мамлакатлардан фарқли равишда, Ўзбекистонда давлат органлари ва иш берувчилар бирлашмалари ҳам муносиб меҳнатни жорий этишга тайёрлигини намоён қилиб, касаба уюшмалари билан биргаликда бу кунги тадбирларда фаол иштирок этмоқдалар. Бундай конструктив ўзаро ҳамжиҳатликнинг асоси бўлиб – Ҳукумат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар бирлашмалари ўртасида имзоланган Бош келишув, шунингдек, мамлакатда амал қилаётган 107 та тармоқ келишуви, 14 та ҳудудий кедишув ва 111 мингдан ортиқ жамоа шартномалари хизмат қилмоқда.
Жорий йил 7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунини нишонлаш тадбирлари бутун дунё мамлакатлари иқтисодиётига мисли кўрилмаган талофат етказган, меҳнат муносабатлари ва ижтимоий соҳани ларзага солган Ковид-19 пандемияси шароитида ўтмоқда. Ушбу инқироз оқибатида дунё бўйлаб 400 миллион иш ўрни йўқотилиши, натижада миллионлаб меҳнаткашлар камбағаллик гирдобига тушиб қолиши эҳтимоли бор. Бундай шароитда дунё миқёсида касаба уюшмалари хавф-хатарсиз бандлик ва даромадларнинг муносиб даражаси таъминланиши, ижтимоий ҳимоя чоралари кучайтирилиши, ходимлар ва касаба уюшмаларининг асосий ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши, самарали ва ҳаммабоп соғлиқни сақлаш тизимлари яратилиши, ижтимоий мулоқот қўллаб-қувватланиши, халқаро меҳнат меъёрларига риоя этилиши масалаларида ҳукуматларга кўмаклашмоғи лозим.
Вебинарда пандемия келтириб чиқарган қийинчиликлардан биринчи галда норасмий ва ностандарт банд ходимлар ҳамда меҳнат мигрантлари азият чекиши таъкидланиб, ушбу вазиятни ҳисобга олган ҳолда ностандарт бандлик турлари ва унинг ўзига хос хусусияти, мавсумий ва бошқа ностандарт бандлик шаклларига татбиқ этиладиган халқаро меҳнат стандартлари, пахта теримчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва манфаатларини ифода этишда касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди. Шунингдек, жамоавий меҳнат низоларини ҳуқуқий ҳал этиш, барча иш жойларида бирлашиш эркинлиги ва жамоа музокаралари ҳуқуқини бериш, “ноль жароҳатланиш” концепциясини илгари суриш, тенг қийматга эга меҳнат учун эркаклар ва аёлларга тенг ҳақ тўлаш тамойилини самарали амалга ошириш, ходимлар иш вақти ва дам олиш вақти меъёрларига сўзсиз риоя этиш каби йўналишлардаги ишларни янада такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Тадбирда иштирок этган миллий ва халқаро экспертлар Вебинар жараёнида бўлиб ўтган мулоқот ниҳоятда фойдали ва самарали бўлгани ҳамда унинг меҳнат соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилиши, шунингдек, вазирлик ва идоралар учун фуқаролар муносиб меҳнатини таъминлаш борасидаги масалаларни ҳал этишда амалий кўмак бўлганини таъкидладилар.
Вебинар якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати