09.10.2020. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекциясининг Жиззах вилояти бўйича Меҳнат техник ва ҳуқуқ инспекторлари томонидан 2020 йил пахта йиғим-теримида иштирок этаётган теримчиларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига таъллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда.
Хусусан, вилоятнинг пахтачилик туманлари Мирзачўл, Дўстлик, Зарбдор, Зафаробод, Арнасой ҳудудида пахта йиғим-теримида иштирок этаётган теримчилар ва бошқа ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари, терилган пахта хом-ашёси учун ҳақнинг ўз вақтида тўланиши, жараёнда карантин қоидаларига риоя этилиши ҳамда пахта дала майдонларида болалар ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслик ҳолати бўйича жами мавсум бошидан буён ўрганилган объектлар сони 84 тани ташкил этмоқда. Шундан, 11 та кластер, 68 та фермер хўжалиги, 2 та маҳалла, 3 та корхона, ташкилот ва муассаса ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига кўра Мирзачўл туманидаги “Дониёр”, “Дўстиёр”, “Мирзадала Остонаси”, “Мулла булоқ”, Зарбдор туманидаги “Зилола-С”, “Тузчи”, “Зомин дала маскани”, Хумоюн фахри”, Дўстлик туманидаги “Эгамберди ота”, “Фаррухбек-Фарход”, “Мамат ота”, “Жавлон”, “Тўлан Дадажонов”, Зафаробод туманидаги “Пахта сояси”, “Нурли келажак”, “Сулув қўрғон”, “Иқтисодиёт тармоғи”, “Тегирмон” фермер хўжаликларига қарашли дала шийпонларида теримчилар дам олишлари учун етарли шарт-шароитлар яратилган.
Шу билан бир қаторда, Арнасой туманининг Бухоро ФХҲУ ҳудудида жойлашган “Оққуш кўли” фермер хўжалигидаги 15 нафар теримчилар билан, Зарбдор тумани Й.Қурбонов ФХҲУ ҳудудида жойлашган “Такали тўпи” фермер хўжалиги дала майдонида пахта тераётган 17 нафар теримчи билан шартномалар тузилмаганлиги аниқланди.
Аниқланган камчиликни зудлик билан бартараф этиш мақсадида зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. Арнасой ва Зарбдор туман Бандликка кўмаклашиш маркази Давлат меҳнат инспекторлари чақирилиб, теримчилар билан фермер хўжалиги ўртасида шартнома тузилишига эришилди.
Ўрганиш жараёнида отряд раҳбарлари ва фермер хўжалиги раисларига ҳамда теримчиларга мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати тўғрисида, теримчилар учун яратиб берилиши лозим бўлган шарт-шароитлар, карантин қоидаларига риоя қилиш ва санитар нормалар тўғрисида тушунтиришлар берилди.
И.Жабборов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аппаратининг Жиззах вилояти бўйича меҳнат техник инспектори