12.09.2013. Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашига Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими кадрларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти ходими Э.Раҳимова меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилди. Маълум бўлишича, маъмурият томонидан унга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилган экан. Бироқ касаба уюшма ҳуқуқшунослари томонидан ҳужжатлар ўрганилганда, ушбу жазо чораси ноўрин қўлланилганлиги аниқланди. Шу боис институт раҳбарияти номига тақдимнома киритилиб, жазони бекор қилиш, ушбу давр мобайнида унга тўланиши керак бўлган мукофот пулларини тўлаб бериш талаб қилинди. Кўп ўтмай ушбу талаблар бажарилиб, ходимнинг ҳуқуқи тикланди.
Юқоридаги каби ҳолатлар баъзи корхона ва ташкилот раҳбарларининг меҳнат қонунчилигини етарли даражада билмаслиги, ҳуқуқшунос ёки касаба уюшма қўмитаси раисининг маслаҳатисиз иш юритиши сабабли вужудга келаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Масалан, шаҳардаги 4-клиник шифохонанинг болалар бўлими мудири, шифокор неонтолог А.Алимардонова жамоа манфаатларига доир вазифаларни бажараётган пайти учун маъмурият унга кафолатли тўловларни тўлаб бермаган. Меҳнат кодексининг 166-моддасида “Иш берувчи ва меҳнат жамоаси манфаатларига доир вазифаларни бажариш (малака ошириш, рационализаторлик таклифларини жорий этиш ишида қатнашиш, хизмат сафарида бўлиш, тиббий кўрикдан ўтиш ва бошқа ҳолларда) мақсадида ходимни ишдан озод этиш шартлари, шунингдек, шу давр учун тўланадиган кафолатли тўловлар миқдори жамоа шартномаларида белгилаб қўйилади, лекин бу тўлов миқдори ўртача иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак. Мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт бўлган ходимларга, уларнинг ишга яроқлилигини аниқлаш мақсадида стационар тиббий муассасаларда текширувдан ўтадиган даври учун, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган кафолатлар берилади” дея кўрсатиб ўтилган. Касаба уюшма ҳуқуқшунослари шунга асосланиб иш берувчи номига йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, келгусида такрорламаслик ва ходимнинг бузилган ҳуқуқларини дарҳол тиклашни сўраб, тақдимнома киритди. Тез орада ходимнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашига умид билан келган ҳар бир фуқаронинг дардига малҳам бўлиш, мушкулини осон этиш доимий эътиборда. Хусусан, Тошкент автомобил йўллари институтг ходими Н.Муфтазоданинг унга иш берувчи томонидан ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа тўланмаётганлиги тўғрисидаги оғзаки мурожаати ўрганилди. Иш берувчи билан бўлган мулоқотда, бу меҳнат қонунчилигига зид эканлиги, яъни Меҳнат кодексининг 233-моддаси талаблари бузилганлиги тушунтирилди. Жумладан, Меҳнат кодексида шундай дейилади: “Аёлларга туққунга қадар етмиш календар кун ва туққанидан кейин эллик олти календар кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда – етмиш календар кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади”.
Касаба уюшмасининг аралашуви билан ушбу қонун бузилиши ҳам бартараф этилди.
Бугунги кунда касаба уюшмалари томонидан ходимлар ва иш берувчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида турли ўқув, семинарлари ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Касаба уюшмалари тизимида фаолият кўрсатаётган “Ишонч телефони” ҳам бу жараёнда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши “Ишонч телефони” орқали 2013 йилнинг олти ойи давомида 65 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 18 таси меҳнат шартномасини бекор қилиш билан боғлиқ бўлса, 9 таси иш ҳақи, компенсациялар ҳамда ижтимоий нафақа ва тўловларни тўлаб бериш тартибига оид масалаларига оиддир. Шунингдек, “Ишонч телефони” орқали аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул бўлган шахсларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, кадрлар бўлимида юзага келаётган муаммолар ечимини топиш, меҳнат таътилини бериш тартибига оид масалаларда ҳуқуқий кўмак берилмоқда. Жумладан, фуқаро Ш.Аъзамов: “Ходимнинг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза берилса, огоҳлантиришнинг икки ҳафтаси мобайнида янги иш жойи қидириш мумкинми?” деган савол билан мурожаат қилди. Мурожаатчига бу ҳаракатни иш берувчи билан келишиб амалга ошириш лозимлиги тушунтирилди. Чунки, ходим иш берувчи билан келишмасдан туриб огоҳлантириш муддати тугашигача ишни қолдирса, бу ҳол узрли сабаблари бўлмаган прогул деб баҳоланиши мумкин. Бундай ҳолатда эса иш берувчи ходим билан меҳнат муносабатларини ўз ташаббусига кўра қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда бекор қилишга ҳақли.