[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

28.10.2020. Мана бир неча кундирки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ёшлар агентлиги мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари Бешариқ туманида уйма-уй юриш орқали шу асосда «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» шакллантирилмоқда. ишсиз ёшлар ҳамда эътибор ва кўмакка муҳтож аёлларнинг турмуш шароити, қолаверса, уларнинг ҳаётига оид масалаларни чуқур ўрганиб келмоқда.

Бешариқ туманида фаолият олиб бораётган ишчи гуруҳ томонидан дастлабки ўрганилган хонадон “Файзиобод” МФЙ, Файзиобод кўчасида яшовчи саксон ёшни қаршилаган Зовра Маражапованинг уйи бўлди. Ўрганишлардан онахоннинг анча вақтдан бери ҳаста бўлиб, бир жойда ётгани маълум бўлди. Шу оннинг ўзида Зовра аянинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва оёққа туриб кетиши учун зарур чоралар кўрилди. Кўп ўтмасдан тиббиёт ходимлари етиб келиб, онахонга зарур муолажаларни бошладилар. Касаба уюшмалари томонидан онахон хонадонига келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари Зовра аянинг кўнглини янада кўтарди.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили “Тошариқ” МФЙда яшовчи Комила Маҳкамованинг хонадони бўлди. Айтиш керак, ушбу хонадон “темир дафтар” рўйхатида туради. Ишчи гуруҳ вакиллари хонадон аъзоларининг ҳар бири батафсил суҳбатлашди. Оиланинг даромади, топиш-тутиши, хонадоннинг фаровон ва тўкис яшаши, уларни қандай муаммолар қийнаётганигача сўралди.

Мулоқотлардан сўнг хонадон соҳиби Комила Маҳкамова ишчи гуруҳ вакилларига 1992 йилда туғилган қизи Оқила Мўйдинова туғма ногиронлиги, “қўли калталиги” боис унга ногиронлик аравачиси олиб бера олмаётганлигини айтди. Унинг бу муаммоси, шу куннинг ўзида ҳал этилиб, Оқилахонга ногиронлик аравачиси туҳфа қилинди. Шунингдек, ишчи гуруҳ билан суҳбатда Комила Маҳкамова қизи алоҳида қаровга муҳтожлиги боис ҳеч қаерда ишлай олмаслигини ҳам билдирди. Ишчи гуруҳ вакиллари бу масалада ҳам кўмак кўрсатилишини айтиб, Комила опага ногирон фарзандига қарагани учун тегишли тартибда нафақа тўлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини айтишди.

– Уй юмушларини қилиб юргандим, эшик таққиллиб қолди. Ким экан деб, эшикни очдим. Салом-аликдан кейин ишчи гуруҳ вакиллари эканликларини, хонадонма-хонадон ишсиз ёшлар ва аёлларнинг турмуш шароити ўрганилаётганини айтишди. Аввал олдингидай яна ёзиб-ёзиб кетаверишса керак деган хаёлга бордим. Йўқ, ундай бўлиб чиқмади. Оилавий шароитимиз билан яқиндан танишиб, амалий ёрдам кўрсатишди, — деди Комила Маҳкамова.

— Ишчи гуруҳ вакиллари уйма-уй юриб, ҳар бир хонадондаги ёшлар ва аёлларнинг турмуш шароитларини, қизиқишларини, интилишлари ва муаммоларини, бандлик масалаларини чуқур ўрганишмоқда, — дейди Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Эркинжон Нуралиев. — Албатта, ўрганишлар давомида аниқланган маълумотлар асосида аёллар ва ёшларга манзилли ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, ўрганишлар кўламини янада ошириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Ишчи гуруҳ вакиллари Фарғона вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ташаббуси билан бешариқлик хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тикувчилик цехида ҳам бўлиб, бу ерда ишловчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ишчилар сонини 200 нафарга кўпайтиш мақсадида янги барпо этилаётган иншоот ҳам кўздан кечирилди. Айни пайтда бу ерда 20 нафар маҳаллий хотин-қизлар меҳнат қилмоқда. Янги иншоот қуриб битказилгандан кейин, яна 200 нафар киши ишли бўлади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, бугунги кунда Бешариқ туманидаги 62 та маҳаллада 40 минг 428 та хонадон мавжуд. Уларда истиқомат қилаётган 227 минг 800 нафар аҳолининг 49 минг 168 нафарини 18-30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилса, 71 минг 208 нафари 30 ёшдан 55 ёшгача бўлган аёллардир. Ўрганишлар бошлангандан кейин беш кун давомида 16 минг 700 нафар аҳоли вакиллари билан суҳбат ўтказилиб, «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритилди.