[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

02.11.2020. Ишчи гуруҳ ўрганишлари самарасини одамлар ҳаётида ҳис этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарлигида давлат-нодавлат ташкилотлар вакилларидан иборат Хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этиш бўйича ишчи гуруҳ қийин аҳволга тушиб қолган, кўмакка муҳтож хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топиш йўлида кўплаб хайрли ишларни амалга оширмоқда.

Мазкур ишчи гуруҳ бир муддат Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида ҳам ўрганиш ўтказган эди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, барча муаммолар негизида ишсизлик ва моддий етишмовчилик масаласи бор. Айнан шунга кўра ҳам аксарият аёллар бир марталик моддий ёрдамдан кўра бандлик, яъни ишли бўлишни, доимий даромад манбаига эгаликни афзал кўрмоқда. Ўрганиш давомида 14 маҳаллада 380 дан зиёд хонадондаги хотин-қизлар билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари ўрганиб чиқилган ва гуруҳ аъзолари томонидан иш билан таъминлаш, уй-жой ва уни таъмирлаш, соғлиқни сақлаш, моддий ёрдам, тадбиркорлик, кредит ажратиш каби кўп­лаб муаммолар аниқланганди. Натижаларга кўра, тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг муаммоларини ҳал этиш учун 6 миллиард 705 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилган эди. Бундан ташқари, туман марказидаги кўп қаватли уйларнинг оқова сув ва канализация тизимидаги носозликларни бартараф этиш, аҳоли, биринчи навбатда, аёллар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш учун вилоят «Жиззах сув таъминот» МЧЖ ҳисобрақамига 3 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилди. Бу маблағ йиллар давомида носоз ишлаган 7 та насос станцияси биноларини таъмирлаш, фаолиятга замонавий энергиятежамкор насослар ўрнатиш учун йўналтирилиши белгиланди.
– Туман марказида қурилган кўп қаватли уйларнинг оқова сув тизими 50-йилларда қурилган бўлиб, бугунги кунда ночор аҳволга келиб қолган, – дейди вилоят «Жиззах сув таъминот» МЧЖ директори Зокир Мамарасулов. – Федерация томонидан ажратилган маблағга Швецияда ишлаб чиқарилган «Флугт» насослари олиб келинди.Ушбу технология орқали корхонамиз электр энергиясини тежайди.
Ускуна ва эҳтиёт қисмлардан иборат насос жамланмалари шаҳарчадаги 1-канализация насос станциясининг жорий таъмирдан чиқарилган биносида буюртмачи томон «Жиззах сув таъминот» давлат корхонаси мутасаддиларига топширилди.
– Бу Ўзбекистондаги илк лойиҳа бўлиб, инновацион технологияларга асосланган насосларнинг дастлабкисидир, – дейди «Free Iine Grop«нинг директори Ли Станислав. – Бу насосларнинг муқобилларидан фарқи шундаки, улар электр энергиясини 30 фоизгача кам сарфлаши билан ажралиб туради. Бу ўз навбатида уни ишлатишга кетадиган харажатларни камайтиради. Ўйлайманки, бу афзалликлар ҳудуднинг инфратузилмасининг яхшиланишига асосий омиллардан бўлиб хизмат қилади. Тумандаги 7 та канализация насос станциясига ўрнатиладиган «Концептор» типидаги насосларнинг устунлиги шундаки, бу смарт, яъни ақлли насослар бўлиб, инсон омилига умуман таъсир кўрсатмайди, насосларнинг ишламай қолишига барҳам берилади. Насослар автоматик тарзда керакли вақтларда оқова сувнинг келишига қараб ўзи ишлайди, ўзи тўхтайди.
– Туманимиз марказидаги кўп қаватли уйларнинг оқова сув ва канализация тизимидаги носозликлар ўн йиллардан ошдики, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган эди, – дейди «Дилором» маҳалласида яшовчи Тамара Завқиева. – Мен яшайдиган маҳаллада 12 минг 600 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шундан 6 минг 500 дан зиёди хотин- қизлардир. Канализация тизимининг яхшиланиши биз, аёлларнинг оғирини енгил қилди. Бунинг учун барча ­куйинчак раҳбарларга, хусусан, Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерацияси кенгашига маҳалламизда яшовчи хотин-қизлар номидан ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.
Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ажратилган ҳомийлик маб­лағлари ҳисобидан 2,5 километр электр тармоқлари янгидан қурилди. 7 дона трансформатор нимстанциялари ўрнатилди. Энди канализация насос станциялари электр тармоғидаги узилишлар туфайли тўхтаб турмайди. Бундан ташқари, 1,5 километр­­га яқин оқова сув тармоқлари тозаланиб, оқова сувлар йиғиладиган иншоотнинг шаҳар ичидан ташқарига олиб чиқилди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси олиб бораётган кенг кўламли ишлар бардавомлиги исботи ўлароқ, Пахтакор туманидаги 2 та 12 хонадонли – жами 24 та оила яшаётган кўп қаватли уйларни мукаммал таъмирлаш борасида умумий қиймати қарийб 7 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари ҳам ўз ниҳоясига етиб бор­япти.
Ўз меваси, ҳосилини бераётган ислоҳотлар одамларнинг қалбига, юрагига тез сингиб бораётгани, айниқса, қувончлидир. Бошқача ҳам бўлиши мумкин эмас. Ислоҳотларимиз самарасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаёти мисолида ҳис этиши ва ­қадрига ета билиши керак.

Муқимжон Исмоилов