18.11.2020. Жорий йилнинг 17 ноябр куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қ.Қирғизалиев, Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Ш.Қурбонов ва Қашқадарё вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раиси Б.Жўраев Қашқадарё вилоятидаги синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқариш заводи қурилиш майдонида бўлишди.
Ташриф давомида муқаддам ўтказилган ўрганишда иш берувчи билан тузилган келишувда белгиланган вазифалар ижроси ўрганилди, “Enter Engineering Pte Ltd” компанияси раҳбарияти ва ишчилари билан суҳбат ўтказилди.Натижада, бир қатор тизимли ишлар амалга оширилгани аниқланди. Яъни:
– шу кунгача қурилиш майдонида битта янги ошхона биноси қурилиб, фойдаланишга топширилган;
– қўшимча ускуналар қўйиш йўли билан ошхонада овқат кутиш муддати бирмунча қисқартирилган;
– ишчи ва хизматчилар яшаш жойларига 6000 тўплам тўшак чойшаблари етказилган;
– ходимлар ишлаш жойлари яқинида 4 та қўшимча ҳожатхоналар қурилган;
– 2 та ёпиқ спорт мажмуаси бинолари ва 2 та сунъий қопламали мини футбол, баскетбол ҳамда қўл тўпи майдонлари фойдаланишга топширилиб, ходимларнинг стол тенниси ва бошқа спорт турлари билан шуғулланишига кенг шароитлар яратилган;
– завод ҳудудида қўшимча савдо шахобчалари очилиб, 2 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилган;
– бошланғич касаба уюшма қўмитаси фаолияти учун барча шарт-шароитлар яратилган;
– завод ҳудуди ҳамда ишчилар яшаш шаҳарчасида мурожаатлар учун 50 та қути ташкил қилинган;
– 700 нафар ходим қўшимча равишда касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилинган.
Шунингдек,учрашувда бошланғич касаба уюшма қўмитаси аъзолари ва меҳнаткашлар иштирокида давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси VIII қурултойи иштирокчиларига йўллаган табриги, делегатларнинг халқимиз, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшма ташкилотлари ва ижтимоий шерикларига Мурожаати қизғин муҳокама қилинди.
Қурултой қарорларидан келиб чиқадиган вазифалар касаба уюшмалари аъзолари ва қўмита фаолларига етказилди.
Компания касаба уюшма қўмитасига ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш ишларини янада кучайтириш бўйича керакли кўрсатма ва тавсиялар берилиб, амалий ёрдам кўрсатилди.
Дусмурод Туйчиев