18.12.2020. Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши, ушбу Қонун билан касаба уюшмалари инспекциялари фаолиятининг қайта тикланиши ўз навбатида касаба уюшмалари томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг амалий жиҳатдан янги пағонага кўтарилишига ҳуқуқий замин яратди.
Қонунда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда Бухоро вилоятида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 2019 йил 20 декабрдаги ҳал қилув қарорига кўра вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг “Асака” АТБ Бухоро шаҳар филиалида 1-тоифали мутахассис (reception) лавозимида ишлаб келган Н.Д. билан меҳнат шартномасини бекор қилиниши ғайриқонуний деб топиш, ишга тиклаш ҳақидаги даъвоси қаноатлантирилган бўлсада, Н.Д., орадан 1 йилга яқин вақт ўтганидан кейингина, 2020 йил 28 сентябрда амалда ишга тикланган.
Иш берувчи суд қарорини ижро этишнинг имкони йўқлигини важ қилиб, уни ижро этишдан бўйин товлаган, оқибатда эса ушбу масалада фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди кассация инстанциясига ҳам мурожаат қилинишига олиб келди. Ушбу кассация суд инстанциясининг 2020 йил 10 сентябрдаги ажримига асосан Н.Д.ни ишга тиклаш ҳақидаги биринчи инстация судининг юқоридаги ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилди.
Эндиликда, Н.Д.га 3 иш куни учун 509 652 сўм миқдорида иш ҳақи тўланиб, унинг шунча вақт мажбурий прогулда бўлган вақти учун ҳақ тўлаш масаласи эса яна пайсалга солинди.
Ходимнинг ҳақ-ҳуқуқларини охиригача ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Меҳнат инспекциясининг Бухоро вилояти бўйича инспектори М.Арслонов томонидан Н.Д.га 189 иш кунида мажбурий прогулда юрган вақти учун жами 33 474 370 сўм ҳақ тўланиши ҳисоб-китоб қилинди.
Шу асосда инспектор томонидан “Асака” АТБ вилоят филиалига 2020 йил 15 октябрда МА-8-сонли кўрсатма киритилган бўлсада, ушбу кўрсатма талабларини бажариш иш берувчи томонидан яна рад этилди.
“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонуннинг 45-моддасига асосан касаба уюшмаларининг инспекторлари ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида судларда ва меҳнат низоларини кўриб чиқадиган бошқа органларда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўз ташаббусига кўра ёхуд ходимларнинг илтимосига биноан вакиллар сифатида иштирок этиши белгиланганлигидан келиб чиқиб, Н.Д. олишга ҳақли бўлган тўловларни ундириш юзасидан инспектор томонидан жорий йилнинг 28 октябрида фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилинди.
Суднинг жорий йил 15 декабрдаги ҳал қилув қарорига кўра Н.Д.га 189 иш кунида мажбурий прогулда юрган вақти учун унга жами 33 474 370 сўм ҳақ тўланиши ҳақида қарор қабул қилинди.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 112-моддасига асосан ишга тикланганда иш берувчи ходимга етказилган зарарни қоплаши, мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаши, 275-моддасига кўра меҳнат низоларини кўрувчи органнинг ходимни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги қарорини иш берувчи ижро этмаганлиги оқибатида келиб чиққан мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги талаб тўлиқ қондирилиши белгиланган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекцияси