[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

03.02.2021. Президентимиз ташаббуслари билан 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши муносабати билан жорий йилнинг 29-31 январь кунлари “Шўртангазкимё” мажмуаси раҳбарияти ва мажмуа Касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида “Истиқболли ёшлар форуми” ўтказилди. «Келажак бизники” шиори остида мажмуага қарашли “Лочин” болалар соғломлаштириш оромгоҳида бўлиб ўтган мазкур тадбирдан кўзланган мақсад – ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш, уларда бирдамлик ва жамоадошлик руҳиятини шакллантиришдир.
– “Шўртангазкимё” мажмуасида меҳнат қилаётган 3800 нафардан ортиқ ишчи-ходимларнинг 800 нафардан ортиғини ёшлар ташкил этади. Биз мажмуада қандай ютуқларга эришмайлик, аввало, сиз каби ёшларга, сизларнинг куч-ғайратингиз ва шижоатингизга суянамиз, – деди “Шўртангазкимё мажмуи истиқболли ёшлари форуми”нинг тантанали очилишига бағишланган тадбирда мажмуа бош директори Шуҳрат Асланов. – Барчангизга маълумки, мажмуа олдига улкан марралар қўйилган. Ушбу марраларни забт этишда сиз ёшларнинг муносиб ҳиссангиз бўлишига ишонамиз.
Шўндан сўнг мажмуа Касаба уюшма қўмитаси  раиси Юнус Ботиров сўзга чиқиб, корхонада иш берувчи ва касаба уюшмаси ижтимоий шериклигида ходимлар, хусусан, ёш ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнатни муҳофаза қилиш, ёшларнинг ўз салоҳиятларини намоён қилишлари учун жамоа шартномаси орқали яратиб берилаётган имтиёз ва кафолотлар ҳамда уларнинг натижалари хусусида алоҳида тўхталди.
Форумнинг тантанали очилиш маросимидан сўнг, ёшлар жамоаларининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Форум дастуридан семинар-тренинглар, зеҳн ва тафаккур билан бирга чаққонлик ҳам талаб этиладиган интеллектуал ўйинлар, бадиий чиқишлар, спорт мусобақалари ўрин олди. Мазкур йўналишларда мажмуа ёшлари ўз иқтидорларини намойиш этилар. Жумладан, турли мазвзуларда ташкил этилган семинар-тренингларда форумда иштирок этаётган жамоалар томонидан ҳамжиҳатликда ишлаб чиқилган лойиҳа ва таклифлар тақдимоти ўтказилди. Тақдимот давомида ёшлар ўзларининг инновацион ғоялари ва таклифлари билан ҳам ўртоқлашдилар.
Хусусан, мажмуа ёш мутахассисиларининг интеллектуал салоҳиятларини ошириш мақсадида илмий анжуманлар ҳамда спорт тадбирларини мунтазам равишда ташкил этиб бориш, асосий цехларни модернизациялаш бўлимини ташкил этиш, универсал ёш лидерлар клуби ишини йўлга қўйиш, ёш етакчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ротация қилиш орқали ошириб бориш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида техник жиҳозлар таъминотини амалга ошириш каби таклифлар билдирилди. Шунингдек, лойиҳалаш ишларини мажмуанинг ўзида амалга ошириш учун амалий синов лабораториясини ташкил этиш, нафақат саноат ривожи учун хизмат қилувчи, балки ушбу соҳадаги кадрларга бўлган талабни қондириш мақсадида мажмуада IT (информацион технология) маркази очиш масалаларида ҳам фикр ва мулоҳазалар алмашилди.
Форумнинг иккинчи кунида эса ёшлар жамоалари ўртасида “Пандемияни спорт билан енгамиз” шиори остида спортнинг бир неча турлари бўйича беллашувлар бўлиб ўтди. Қизиқарли беллашувларга бой бўлган спорт мусобақаларида ҳам мажмуа ёш мутахассисларининг фаоллиги сезилиб турди.
Ақлий ва жисмоний синовлардан сўнг корхона ёшлари табиат қўйнида гулхан атрофида жамланган ҳолда мажмуа раҳбарияти ва касаба уюшма қўмитаси вакиллари билан самимий очиқ мулоқотда бўлиб, ўз фаолият йўналишлари бўйича янги кўникмалар олдилар. Суҳбат давомида тадбирнинг бадиий қисми учун тайёрланган мушаклар шоуси ва жонли ижродаги мусиқалар форум иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Форумда иштирок этган ёш мутахассислар ўз қалб кечинмалари билан ўртоқлашар эканлар, фикр ва мулоҳазаларини шундай билдирдилар:
– Мамлакатимизда биз каби ёшларга яратиб берилаётган имкониятлардан унумли ва самарали фойдаланган ҳолда ўз билим ва меҳатимиз билан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб, бизга билдирилаётган ишончни албатта оқлаймиз!
Форум якунида “Шўртангазкимё” мажмуи маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси томонидан ёш мутахассисларга сертификатлар топширилди. Тадбир иштирокчиларнинг Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган тарихий обидаларга саёҳати билан якунланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати