[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

05.02.2021. Риштон тумани ўзининг кулолчилиги билан доимо машҳур бўлиб келган. Бу заминнинг уста кулоллари томонидан тайёрланадиган кулолчилик маҳсулотларининг донғи дунёга достон.

Расулжон Мақсудов ҳам Риштоннинг қўлигул кулолларидан. Устозларидан узоқ йил кулолчилик ҳунарини ўрганди. Вақт олий ҳакам. Қачондир шогирд ҳам ўзи мустақил бўлиб иш бошлаши керак. Вақти соати экан, Расулжон мустақил иш бошлаб “R.M.Korona” оилавий корхонаси ташкил қилди.

Албатта, ишни бошлаш ўз-ўзидан бўлмайди. Янги оилавий корхонага  молиявий кўмак жуда зарар эди. Корхона раҳбари Расулжон Мақсудов касаба уюшмаларининг истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга кредит ажратаётганини эшитган эди. Пухта лойиҳа тузиб, Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига тақдим этди. Лойиҳани кўздан кечирган касаба уюшма вакиллари Расулжоннинг оилавий корхонасини бориб кўрди. Мўъжазгина корхонада тайёрланаётган чинни буюм маҳсулотлари ташриф иштирокчиларининг “кўнглидан” жой олди. Шу ернинг ўзида тадбиркорни ишини ривожлантириш учун 140 млн. сўм кредит ажратиладиган бўлди.

— Тақдим этган лойиҳам касаба уюшмаларига маъқул келди. Ажратилган кридит эвазига Хитой давлатидан 2 та янги замонавий технология олиб келиб ўрнатдик, — дейди “R.M.Korona” оилавий корхонаси раҳбари Расулжон Мақсудов. — Молиявий кўмак туфайли ишимиз юришиб кетди. Энг асосийси маҳсулотимизнинг тури кўпайди, сифати ошди. Аввал корхонамизда 20 нафар маҳаллий хотин-қизлар ишлаган бўлса, кредит ажратилгандан сўнг яна 30 нафар маҳаллий хотин-қизларни  ишга олдик.

Айни пайтда 50 нафар хотин-қиз меҳнат қилаётган корхонада
10 турдаги чинни буюм маҳсулотлари тайёрланмоқда. Бу ерда тайёрланаётган маҳсулотга ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам талаб катта. Эндиликда корхона Тожикистон ва Қирғизистон давлатларидан ҳам буюртма олмоқда. Корхона раҳбарининг айтишига Тожикистон давлати билан 100 минг АҚШ долларилик шартнома имзоланган.

— Бизга ҳафталик маош тўланади, — дейди 19 ёшли Наргиза Аҳмаджонова. — Мен ҳафтасига ишимга қараб 350-400 минг сўм оламан. Агар эринчоқлик қилмасам, ҳафтасига 500 минг сўм ҳам олишим мумкин.

— Ишга кирганимга 3 ой бўлди, — дейди  Наргизанинг онаси Нафисахон Абдуллаева. — Қизимга шогирд тушдим. Ҳозир қўлимдан анча иш келиб қолди. Пиёла, чинни, лаганларга гул чизяпман. Мана ҳозир ҳафтасига 200-250 минг сўм ҳақ оляпман. Яратилган шароитларимиз яхши. Тушлигимиз бепул. Вақтида иш ҳақимизни оламиз. Яна яхши томони ишхонамиз уйимизга яқин. Йўл кира қилмаймиз. Топганимиз тўғри уйга киради.

Хилола Асқарованинг иши чинни буюмларга гул чизиш, бўяш. Ишга яқинга кирган бўлса-да, олаётган маоши чакки эмас.

— Шу пайтгача уйда ўтирардим, — дейди Х.Асқарова. — Қўшниларимиз “R.M.Korona” оилавий корхонаси хотин-қизларни ишга олаяптикан деб қолишди. Раҳбарга учрашгандим, эртадан ишга келишимни айтди. Бу ерда деярли аёллар ишлагани учун тезда ишга киришиб кетдим. Билмаганларимни ўргатишди. Корхона раҳбари бир кун “уйдагиларингизни ҳам ишга чақиринг, иш бор”, — деди. Уйдагиларга айтсам ҳурсанд бўлиб кетишди. Ҳозир эгизак Фотима-Зуҳра синглим, онам ҳам шу ерда ишлашмоқда.

Ж.Эргашев