[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

09.03.2021. 2021 йилнинг 9 март куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган тарздаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Республика комиссияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 февраль куни хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқлар ижроси ҳамда 5 март куни ушбу соҳа бўйича қабул қилинган Президент Қарори ижросини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов иштирок этди. Шунингдек, Марказий студияда: Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси аъзолари, иқтисодиёт, маҳалла, бандлик, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, маданият, савдо-саноат палатаси, халқ банки Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари, сектор раҳбарлари, туман ҳокимлари ва ўринбосарлари, Касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институти студиясида: Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси масъул ходимлари, Тармоқ касаба уюшмалари республика кенгашлари раислари ҳамда туман, шаҳарларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясидан бириктирилган масъуллар, ҳудудий студиялардан: Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилари, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларнинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари, туман, шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари ва ҳокимларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳар ҳамда вилоят кенгашлари раислари ва ходимлари, жами  1 минг 750 нафарга яқин масъуллар иштирок этдилар.

– Жорий йилнинг 26 февраль куни муҳтарам Президентимиз раислигида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласи юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида, жамиятимиз ва оилаларимизнинг устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилди, – дея таъкидлади видеоселектор йиғилишида Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиков. – Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, бу шунчаки кичкина мажлис, селектор эмас – бу йиллар давомида тўпланиб қолган оғир муаммолар ечими сари қўйилган муҳим қадам бўлди. Давлатимиз Раҳбари Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб 6 март куни ўтказилган тантанали тадбирдаги нутқида ҳам “Аёллар дафтари” бўйича бошланган ишлар қатъий давом эттирилишини, “маҳаллабай”, “хонадонбай” ишлаш усули орқали ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонга кириб бориш, уларнинг муаммоларини ижобий ҳал этишни алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Шу ўринда эътиборингизни бир нарсага қаратмоқчиман: уй-жойга муҳтож аёлларимиз учун бошланғич тўловни ёки ижара компенсациясини тўлаб бериш, муҳтож қизларимиз учун ўқиш контрактларини, боқувчисини йўқотган аёлларимиз учун фарзандларининг боғча харажатларини давлат ҳисобидан қоплаб бериш тизими аввал бўлганми, албатта йўқ. Мана шунинг ўзиёқ Давлатимиз раҳбарининг хотин-қизларга, оилаларга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрликларини кўрсатиб турибди.

Республика комиссияси йиғилишида мазкур жараёнларда бирор бир эҳтиёжманд хотин-қизнинг четда қолиб кетмаслиги зарурлиги алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбари томонидан барча мутасаддиларга ва Республика комиссиясига юклатилган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш мақсадида қатор долзарб вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, тегишли мутасадди вазирлик, идора ва ҳокимликлар масъуллигида “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар бандлигини таъминлаш, хотин-қизларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишларига кўмаклашиш, бандлик, томорқа, тадбиркорлик, кредитлар ажратиш каби йўналишларда дафтарга киритилган ҳар бир хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш бўйича манзилли режа ишлаб чиқиш йўналишларида аниқ вазифалар белгилаб олинди. Шу билан бирга мазкур йўналишлардаги вазифалар ижроси бўйича таъсирчан назоратни амалга ошириш механизмлари ҳам аниқлаб олинди.

Йиғилишда боқувчисини йўқотган, ижтимоий ёрдамга муҳтож ногиронлиги бўлган аёлларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, турар жой ижара компенсациясини тўлаш ишларини ташкил этиш бўйича масъуллар олдида турган вазифалар ҳам белгиланиб, аниқ режа ва рўйхатлар асосида амалий ёрдам кўрсатиш тизими ишлаб чиқилиши бўйича манзилли топшириқлар берилди. “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ёрдамга муҳтож ҳар бир хотин-қизга қачон моддий ёрдам кўрсатилиши, нотурар жойларда истиқомат қилаётган хотин-қизларга ижара компенсацияси ажратиш ва яшаш шароитлари мавжуд уйларга кўчириш, тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш йўналишларида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар механизмлари ҳам кўриб чиқилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан бунинг учун зарур маблағлар ажратилгани алоҳида таъкидланди.

Республика комиссияси йиғилишида “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда тиббий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, шу мақсадда ҳар бир туман  ва шаҳар бўйича манзилли режалар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш йўналишларидаги ишларга ҳам алоҳида тўхталинди. Ушбу жараёнда дафтарга киритилган ҳар бир хотин-қизни тиббий кўрикдан, шу жумладан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, уларда аниқланган касалликни даволаш бўйича стационар ёки амбулатор шароитда мақсадли соғломлаштириш, тиббий кўрик натижаларига кўра, жарроҳлик амалиётига муҳтож хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш, ногиронлик белгилари аниқланган бемор аёлларни Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари кўригидан ўтказиш масалалари ҳам эътибордан четда қолмаслиги зарур эканлиги алоҳида қайд этилди. Бунда ҳар бир туман  ва шаҳар бўйича манзилли режа ишлаб чиқиб, секторлар ва “маҳаллабай” кесимида аниқ йўналишли ишларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизларга малакали психологик маслаҳатларни ташкил этиш, тегишли муддатда ушбу йўналишда ҳар бир туман ва шаҳар бўйича манзилли режалар ишлаб чиқиш ва ижрога қаратиш борасида ҳам мутасаддилар олдида турган энг биринчи галдаги вазифалар кўрсатиб берилди. Бу жараёнда “Аёллар дафтари”га киритилган ва психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизларга малакали психологларни бириктириш ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Видеоселектор йиғилишида хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш йўналишида ижро ва назорат қилиш механизмлари ҳам муҳокама қилиниб, “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларни ўқитиш, бизнес лойиҳаларини тақдим этиш, тадбиркорлигини йўлга қўйиш, кредитлар ажратиш бўйича секторлар ва “маҳаллабай” кесимида ҳар бир туман  ва шаҳар режасини ишлаб чиқиш бўйича мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Бизнес лойиҳалар тақдим этилишида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, иқтисодий асосланган бизнес лойиҳаларни тақдим этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари Республика комиссияси аъзолари билан биргаликда ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ишларни изчил давом эттириш, мазкур йўналишдаги ишларда натижадорликка эришиш борасида мустаҳкам тизимни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилиниб, зарур вазифалар белгилаб олинди. Энг муҳими, фақат ҳуқуқий маслаҳат билан чекланиб қолинмасдан, балки аёлларнинг ҳуқуқий муаммосини ҳал этиш билан боғлиқ натижага эришиш асосий вазифа қилиб қўйилди.

Йиғилишда ҳал этиш муайян муддат талаб қиладиган хотин-қизлар билан боғлиқ тизимли муаммоларнинг ечими бўйича “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Бунда албатта, муҳтарам Президентимизнинг 5 мартдаги Қарори ҳамда 26 февралдаги селектор йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш билан боғлиқ тизимли масалалар киритилиши зарур эканлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, маҳаллаларда оилавий ажримларнинг олдини олиш, нотинч оилалардаги келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича манзилли режаларни ишлаб чиқиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур йўналишлардаги ишлар ижросини ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида ҳар бир ҳудудга Касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддиларидан  масъуллар бириктирилган бўлиб, улар “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш бўйича топшириқлар ижросини ташкил қилиб борадилар. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Республика Штаби фаолият кўрсатади.

Республика комиссиясининг видеоселектор йиғилишида ҳудудларга бириктирилган ишчи гуруҳлар олдига қатор вазифалар қўйилди. Хусусан, туман  ва шаҳарларга бириктирилган ишчи гуруҳ аъзолари ишни дастлаб тасдиқланган “Аёллар дафтари”га киритилганларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича шу кунгача амалга оширилган ишларни ўрганиб, танқидий таҳлил қилади, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга мутасадди ташкилотлар томонидан амалий ёрдам бериш ишларини жадаллаштириш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш чораларини кўради. Шунингдек, юқорида таъкидлаб ўтилган манзилли режаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан кунлик назоратни амалга оширади. Ишчи гуруҳ аъзолари дафтарга кирган 9 та тоифадаги хотин-қизлар, айниқса муаммоси ҳал бўлган аёллар билан ҳар битта маҳаллада мулоқотлар ўтказади, уларнинг муаммолари ҳақиқатда ҳал этилганлигини ўрганади. Мазкур чора-тадбирларни самарали амалга ошириш бўйича Ишчи гуруҳларга саволномалар ва қўлланмалар берилди.

Шундан сўнг “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга амалий ёрдамлар кўрсатиш ҳамда жойларда ишни тўғри ташкил этиш юзасидан масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўз йўналишлари бўйича атрофлича тушунтиришлар бердилар. Республика комиссияси зиммасига юклатилган вазифалар ижросини мониторинг қилиб бориш учун комиссия аъзолари ҳам ҳудудларга бириктирилди.

Йиғилишда Республика комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида жамиятда ўз муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлган қатор фидойи инсонларни муносиб рағбатлантириш мақсад қилингани ҳам таъкидлаб ўтилди. Хусусан, 9168 нафар маҳалла раислари ўртасида ўтказиладиган “хонадонбай” ишлашда “Энг яхши маҳалла раиси” танлови ҳамда 828 та сектор раҳбарлари ўртасида “маҳаллабай” ишлашда “Энг яхши сектор раҳбари” танлови, “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда ўз маҳалласидаги хотин-қизларни иш билан таъминлаган тадбиркор хотин-қизлар учун “Касаба уюшмалари лауреати” мукофоти, “Энг намунали аёл иш берувчи” танлови ўтказилиши айтиб ўтилди.  Бундан ташқари, чекка ҳудудларда жойлашган 50 та туманнинг қишлоқ жойларида ва олис маҳаллаларида енгил конструкцияли “Аёллар гўзаллик салонлари” қуриб, тўлиқ жиҳозлаб берилиши қайд этилди. Ҳар бир “гўзаллик салони”да ўртача 4 тадан, жами 200 та иш ўрни яратилиши, ушбу масканларда фаолият юритадиган “Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизлар дастлаб Тошкент шаҳрида ўқитилиб, малакаси оширилиши таъкидланди. Шу билан бирга, фарзандларини юртга садоқатли этиб тарбиялаб, вояга етказган ҳар бир вилоятдан 30 нафардан, жами 420 нафар ибратли ва матонатли ёлғиз аёллар касаба уюшмалари санаторийларида бепул соғломлаштирилади. Давлат раҳбарининг 6 мартдаги топшириқларига мувофиқ «Саховат» уйларидаги нуронийлар ҳар йили бир марта Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган рўйхат асосида Касаба уюшмаларининг энг яхши санаторийларида соғломлаштирилади. Хотин-қизларнинг муаммолари, дарду-ташвишларини бартараф этишда жонбозлик кўрсатган 30 та “Аёллар маслаҳат кенгашлари” моддий рағбатлантирилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати