13.03.2021 Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиков Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида бўлиб, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишлар кўлами билан танишди.
Комиссия раиси раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ хусусан, “Аёллар дафтарига” киритилган аёллар хонодонларида бўлиб, очиқ мулоқотлар ўтказди. Шунингдек, Тоғай Мурод махалласида жойлашган “ZEEF TEXTILE” ҳамда “Бўстон” маҳалласидаги “Сердце мира” Масъулияти чекланган жамиятларида меҳнат қилаётган аёлларга яратилган меҳнат шароитларини ўргандилар. Шундан сўнг “Бўстон” махалласидаги “Аёллар маслахат кенгаши” аъзолари билан суҳбат ташкил этилиб, кенгаш фаоияти билан яқиндан тинишилди.
Республика комиссияси раиси янги тизим бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганар экан, аёллар ҳаётида мавжуд муаммоларни жойида тезкорлик билан ҳал этиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Худди шу мақсадда Олтинсой касб-ҳунар ўқитиш марказида тикувчилик касби сирларини ўрганаётган 10 нафар аёл тикув машиналари билан таъминланди. Эндиликда улар ушбу тикув машиналари ёрдамида оилаларининг моддий таъминотига ҳисса қўша олиш имкониятига эга бўлганликларидан мамнун эканликларини билдирдилар.
“Шакарқамиш” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилиб келаётган Насиба Атамуратованинг турмуш ўртоғи мавсумий ишчи. Оилада 2 нафар фарзанд вояга етмоқда – уларнинг бири кар-соқов бўлса, иккинчисида юрак ва ақли заифлик хасталиги бор. Насиба Атамуратова ушбу фарзандлар парвариши билан бинд. Ота топаётган маблағ оила таъминотига етмайди.
Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси мазкур оиланинг турмуш шароитларини ўрганар экан, уларга амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўрди. Хусусан, ушбу оила учун газ плитаси ва газ баллони тақдим этилди. Бундан ташқари касаба уюшмалари моддий ёрдам кўрсатиш билан бирга, мазкур хонадонни таъмирлаб бериш ишларини ўз зиммаларига олдилар.
Шунингдек худди шу куни Олтинсой туманидаги барча сектор рахбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва хотин-қизлар масалалари бўйича фаолият олиб бораётган маъсуллар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда Аёллар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиков Олтинсой туманидаги “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда тиббий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳар бўйича ишлаб чиқилаётган манзилли режалар, уларни амалиётга жорий этиш йўналишларидаги ишларга ҳам алоҳида тўхталди. Шунингдек, “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларни тиббий кўрикдан, шу жумладан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, уларда аниқланган касалликни даволаш бўйича стационар ёки амбулатор шароитда мақсадли соғломлаштириш, тиббий кўрик натижаларига кўра жарроҳлик амалиётига муҳтож хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатиш, ногиронлик белгилари аниқланган бемор аёлларни тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари кўригидан ўтказиш масалалари ҳам эътибордан четда қолмаслиги зарур эканлигини қайд этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати