02.04.2021. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, хорижий давлатлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан иқтисодий, ижтимоий, маданий-маърифий, гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўналишида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Республикада энг оммавий жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам хорижий давлатларнинг касаба уюшма марказлари, халқаро касаба уюшмалари бирлашмалари билан алоқаларни ривожлантириш соҳасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси аъзолигига қабул қилинган бўлиб, бугунги кунда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари амалга ошириб келинмоқда.
Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятида ҳар томонлама манфаатли халқаро алоқаларни ривожлантириш соҳасида Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (КУУ) билан ҳамкорликни кучайтириш масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги кунда касаба уюшмалари Умумконфедерациясига Россия, Белорусь, Озарбайжон, Арманистон, Молдова, Грузия, Қирғизистон каби давлатларнинг касаба уюшмалари марказлари, шунингдек, қатор халқаро тармоқ касаба уюшмалари бирлашмалари аъзо ҳисобланади.
Жорий йилнинг 2 апрел куни Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (КУУ) Ижроия қўмитасининг видеоконференц алоқа шаклида ўтказилган навбатдаги йиғилишида Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитаси аъзолари, хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков, Федерациянинг масъул ходимлари иштирок этдилар.
Йиғилишни Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси президенти Михаил Шмаков очиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан атрофлича маълумот берди.
Шундан сўнг йиғилишда Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси бош котиби ўринбосари Альберт Потапов Касаба уюшмалари Умумконфедерациясига аъзо ташкилотлар мамлакатларида Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларини ратификация қилиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маъруза қилди.
Маърузада Касаба уюшмалари Умумконфедерациясига аъзо ташкилотлар томонидан мазкур йўналишларда қатор ижобий ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Мазкур йўналишлардаги ишлар коронавирус пандемияси шароитига қарамай давом этгани, халқаро меҳнат меъёрларига риоя этиш масаласи доимий диққат марказида бўлиб келгани қайд этилди. Шу жумладан Ўзбекистон томонидан охирги йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг 3 та конвенцияси, хусусан, “Халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида”ги 144-сонли, “Саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 81-сонли, “Қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 129-сонли Конвенциялари ратификация қилингани, уларни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилаётгани эътироф этилди.
Ижроия қўмитанинг видеоконференц алоқа шаклидаги йиғилишида “Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси ва унга аъзо ташкилотлар тадбирларини ўтказишда видеоконфероенц алоқа тизимидан фойдаланиш: бу борадаги амалиёт, тажриба ва тавсиялар” тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Пандемия даврида мазкур тизимнинг муҳим аҳамият касб этгани, кўплаб тадбирлар видеоконференц алоқа шаклида ўтказилгани боис хавфсизлик таъминланиб, фаолиятнинг устувор йўналишларидаги ишларни давом эттириш имкониятлари яратилгани таъкидлаб ўтилди. Бу борадаги Ўзбекистон тажрибаси ўтказилган видеоконференц алоқа тарзидаги тадбирлардан яққол кўрингани, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мақсадли ва ўз Уставида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган тадбирларни мазкур алоқа шаклидан фойдаланган ҳолда фаол ўтказиб келаётгани қайд этилди. Шу мақсадларда замонавий техник жиҳозлар билан таъминланган ҳолда кўплаб касаба уюшма марказлари, шу жумладан Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солишга оид масалаларда ўз ижтимоий ҳамкорлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни давом эттираётгани таъкидланди.
Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитаси йиғилишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков маъруза қилди.
– Касаба уюшмалари Умумконфедерациясининг бугунги Ижроия қўмитаси йиғилишида муҳокама этилаётган масалалар пандемиянинг давлатлар ривожланиши, одамларнинг турмуш даражасига қай даражада таъсир этганини кўрсатиб турибди, – дея таъкидлади Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ.Рафиков. – Бундан кўриниб турибдики, бундай шароитларда яшаш ва ишлаш учун фаолиятимизнинг шакл ва усуллари самарадорлигини янада оширишимиз зарур. Охирги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча соҳаларда, айниқса ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли ҳаёти сифатини ва турмуши фаровонлигини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Бу жараёнда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчиларнинг ижтимоий шериклиги ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси видеоконференц алоқа тизимини татбиқ этиш ва ундан самарали фойдаланиш борасида Ўзбекистон касаба уюшмалари тажрибасига ҳам тўхталиб ўтди. Бугунги кунда ушбу тизимнинг аъзо ташкилотлар, ҳудудий кенгашлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, турли масалаларда фикр алмашишнинг асосий воситасига айлангани таъкидланди. Айни пайтда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Марказий студия, Федерациянинг ҳудудий кенгашлари ва Малака ошириш институтида 15 та ҳудудий студия амал қилаётгани, ушбу студиялар энг замонавий техник воситалар билан жиҳозлангани айтиб ўтилди. Ушбу тизимнинг яратилгани пандемия даврида айни муддао бўлгани, Бош кенгаш, Ижроия қўмита йиғилишлари, касаба уюшма органлари мутасаддилари ва ходимлари билан селектор мажлислари, республика даражасидаги ва халқаро миқёсдаги семинар ва вебинерлар видеоконференц алоқа тизими орқали ўтказилаётгани таъкидланди. Бундан ташқари касаба уюшма фаоллари учун онлайн ўқув курслари ҳам мазкур тизим орқали ташкил этилаётгани, жорий йилнинг январь-февраль ойларида бундай ўқув курсларида бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг 3 минг нафарга яқин янги сайланган раислари иштирок этиб, малака оширгани қайд этилди.
Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси Ижроия қўмитаси йиғилишида яна бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари