[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

05.05.2021. “Рост 24” ахборот-таҳлилий сайтида чоп этилган “Эскириб қолган “Чортоқ” санаторийсидан журналистнинг аччиқ репортажи» номли мақола юзасидан аввало шуни маълум қиламизки, “Чортоқ” санаторийси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1949 йил 31 август 214-сонли буйруғи билан ташкил этилган.

Мазкур санаторий ўтган 70 йилдан ортиқ давр мобайнида нафақат Ўзбекистон Республикасидан, балки Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларидан ташриф буюрган юз минглаб фуқароларга хизмат кўрсатиб,  улар саломатлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Меҳнаткашларга кўрсатилаётган тиббий ва сервис хизматлари сифати ва самарадорлигини ошириш, жаҳон андозалари талаби даражасига етказиш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси тизимдаги санаторийларда босқичма босқич кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш, реконструкция ишларини амалга ошириб келмоқда. Шунингдек, Республикамизнинг турли ҳудудларида жойлашган санаторийларнинг моддий-техник негизи мустаҳкамланиб, энг замонавий тиббий жиҳозлар ва асбоб-ускуналар билан таъминланмоқда.

Биргина Наманган вилоятидаги “Чортоқ” санаторийсини оладиган бўлсак,  мазкур санаторий 2013 йилда қайта реконструкция қилинди. Хусусан, табиий омиллардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, аҳолини соғломлаштириш билан янада кенгроқ қамраб олиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида ушбу масканда катта ҳажмдаги қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилиб, 5 та блокни ўз ичига олган 222 ўринли 3-ётоқ биноси қайта таъмирланди ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Натижада сиҳатгоҳ қуввати 400 ўринга етказилди.

Шунингдек, санаторий ҳудудида косметик таъмирлаш, пардозлаш ишлари амалга оширилиб, ички коммуникация тизими янгиланди, катта кўламдаги кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари натижасида санаторий замонавий қиёфа касб этди. Шунингдек, санаторий ҳудудининг 26 гектари боғ-роғларга айлантирилди.

2014 йилда “Чортоқ” санаторийси ошхонасида реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ошхонага олиб борувчи ҳиёбонда осмонўпар фаввора қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, санаторийнинг 2- ва 7-ётоқ бинолари қайта мукаммал таъмирланиб, 1 ва 2 ўринли люкс хоналар ташкил этилди. Реабилитация бўлими янги бинога кўчирилди. Ванна бўлимида умуртқани тик тортиш 2-ҳовузи қурилиб ишга туширилди. Даволаш жисмоний тарбияси машғулотлари учун ажратилган бинони қайта мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Сув билан даволаш бўлимида ишга туширилган умуртқани тик тортиш ҳовузи бугун кўплаб инсонлар дардига шифо бўлмоқда. Шунингдек, сиҳатгоҳда умуртқани сув остида горизонтал тортиш, туз ғори муолажалари ҳам йўлга қўйилишига эришилди.

Сирасини айтганда 2010-2014 йиллар давомида  “Чортоқ” санаторийсида дам олувчиларга қулайликлар яратиш ва даволаш самарадорлигини ошириш мақсадида:

  • 2- ётоқ биноси қайта мукаммал таъмирланди, 1 ва 2 ўринли ЛЮКС хоналар ташкил этилди;
  • 1- ётоқ биноси қайта мукаммал таъмирланиб, реабилитация бўлими кўчирилди;
  • даволаш жисмоний тарбиясини ўтказиш биноси қайта мукаммал таъмирланиб, ишга туширилди;
  • 3-ётоқ биноси қайта мукаммал таъмирланди, 1 ва 2 ўринли замон талабларига жавоб берадиган хоналар ташкил этилди;
  • маъмурий бино ва 7-ётоқ биноси таъмирланди;
  • ванна бўлимида умуртқани тик тортиш учун 2-ховуз қурилиб, ишга туширилди;
  • санаторий ошхонасида реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди;
  • умуртқани сув остида горизонтал тортиш ва милкларни минерал сув билан чайиш, кислород коктейли, туз ғори каби муолажалар йўлга қўйилди.

2020 йилда пандемия шароитига қарамасдан  ички имкониятлардан самарали фойдаланиб, даволаш бўлими капитал таъмирдан чиқарилди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, ўтган 4 йил давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Сурхондарё вилоятида замонавий “Олтинсой” санаторийси, Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида “Янгиер” санаторийси, Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида  “Кўҳинур” санаторийси, Тошкент шаҳрида “Чинобод плаз” санаторийси барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Оқтош-шаббода” санаторийсида даволаш ва ётоқ бинолари қурилди.  Бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги Абу Али ибн Сино номли санаторийнинг даволаш ва ётоқ биноларини, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Чимган” санаторийси ва Қибрай туманидаги “Бўстон” санаторийсининг даволаш бўлимларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда дам олувчиларга тиббий хизматларни исботланган тиббиёт талаблари асосида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида тиббий муолажаларЎзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Санатор-курортлар бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланган даволаш-ташхислаш стандартлари асосида амалга оширилмоқда. Шунингдек, тиббий ва сервис хизматлари сифатини мунтазам равишда яхшилаш борасида ички ва ташқи балли баҳолаш тизими ҳамда дам олувчилар билан қайта олақа тизими жорий этилган ҳамда телеграм канали ишга туширилган.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси дастурига мувофиқ 2021 йилда Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги “Чортоқ” санаторийси ҳамда Хоразм вилоятининг Хонқа туманидаги “Хонқа” санаторийси худудларида замонавий ва барча қулайлиларга эга янги санаторийларнинг қурилишини бошлаш режалаштирилган. Мазкур йўналишда бугунги кунда лойиҳа-смета хужжатларини тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

“Рост 24” ахборот-таҳлилий сайтида чоп этилган “Эскириб қолган “Чортоқ” санаторийсидан журналистнинг аччиқ репортажи» номли мақолада келтирилган камчиликлар юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Санатор-курортлар бошқармаси мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, санаторий фаолияти чуқур ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар натижасида камчиликларни бартараф этиш мақсадида махсус чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, қуйидаги ишлар амалга оширилди:

– чайқовчиларни санаторий худудида савдо қилиши таъқиқланди;

– дам олувчиларга керак бўлган ноозиқ овқат ёки кийим-кечак маҳсулотлари билан савдо қилувчи замонавий киоскларни очиш ва шартнома асосида тадбиркорларга бериш ишларига киришилди;

– қаттиқ инвентарларни босқичма-босқич алмаштириш борасида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди;

– маъмурият биноси ёнида, шунингдек, санаторий ҳудудидаги 6 та жойда Wi-Fi зоналари мавжуд бўлиб, унинг сифати қайта кўриб чиқилди;

– таомнома қайта кўриб чиқилиб, дам олувчилар талаби ҳамда ташхисига қараб пархез таомлар ва салатлар хилма-хиллигини кўпайтириш, шу жумладан, витаминли стол ассортиментини ошириш чоралари кўрилди;

– минерал сув билан даволаш бўлимида ванналар инветеризациядан ўтказилиб, улардан 5 тасини алмаштириш, қолганларининг гигиеник ҳолатини яхшилаш ишларига киришилди.

Шуни ҳам маълум қиламизки, “Эскириб қолган “Чортоқ” санаторийсидан журналистнинг аччиқ репортажи» номли мақолангизда кўрсатиб ўтилган эски ва таъмирталаб хоналар санаторий худудида жойлашган почта биносига тегишлидир.

“Чортоқ” санаторийсидаги камчиликларнинг бартараф этилиши Касаба уюшмалари Федерациясининг Санатор-курортлар бошқармаси томонидан жиддий назоратга олинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Санатор-курортлар бошқармаси