Қайсики юртда ҳар бир инсон ҳаёти, қадри, унинг соғлиғига эътибор юксак даражада бўлар экан, бу албатта ўша мамлакатнинг келажаги барқарорлиги, одамлар турмушининг ободлигидан дарак беради.
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва интеллектуал манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга, халқимизни соғломлаштириш йўналишиида ҳам самарали фаолият олиб бормоқда. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфида қарийб 6 минг ўринга мўлжалланган 22 та санаторий ва битта дам олиш уйи фаолият кўрсатиб, юртдошларимизга ҳамда ҳорижий давлатлар фуқароларига хизмат қилмоқда.
Мазкур йўналишлардаги ишлар кўламини кенгайтириш, меҳнаткашларни сифатли соғломлаштириш билан янада кенгроқ қамраб олиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси янги санаторийларни барпо этиш ва мавжуд сиҳатгоҳларнинг қабул қувватини ошириш, капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш ҳамда моддий-техник негизини мустаҳкамлаш борасида ҳам тизимли ишларни олиб бормоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сонли “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, бу орқали меҳнаткашларга хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Самарқанд вилоятидаги Абу Али ибно Сино санаторийси ҳудудида жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи янги – Абу Али ибн Сино Плаза санаторийси барпо этилди.
Маълумки, Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар жойлашган ҳудуди, табиати, мўътадил иқлими ҳамда ер тубидан қалқиб чиқаётган маъданли сувлари, улар таркибидаги органик минерал тузларнинг шифобахш таъсирига кўра турли касалликларни даволаш учун ихтисослашган бўлиб, ҳорижий давлатлардаги дунёга танилган сиҳатгохларнинг маъданли сувлари ва табиий омиллари билан бемалол рақобатлаша олади. Янги барпо этилган, замонавий даволаш бўлими, барча зарур шарт-шароит ва қулайликларга эга 150 ўринли ётоқ, 150 ўринли ошхона биноларини ўз ичига олган Абу Али ибн Сино Плаза санаторийси ҳам ноёб родонли шифобахш сувга, табиий-иқлимий даволаш омилларига эга санаторийлар сирасига киради.
Жорий йилнинг 15 май куни Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган Абу Али ибн Сино Плаза санаторийсининг тантанали очилиш ва фойдаланишга топшириш маросими ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги тантаналари олдидан ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Самарқанд вилояти ва туман ҳокимликлари, тегишли вазирликлар, Касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий Кенгашлари ҳамда Санатор-курортлар бошқармаси, тармоқ касаба уюшмалари Республика Кенгашлари раҳбарлари ва масъул ходимлари, Самарқанд вилояти нуронийлари ва маҳалла фаоллари, элимиз ардоғидаги устоз-мураббийлар ҳамда юртимизнинг таниқли ижодкорлари иштирок этдилар.
– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар негизида юртимизда эркин, обод ва фаровон ҳаёт – янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсади мужассамдир. Айниқса, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида халқимиз турмуш даражаси ва сифатини тубдан ошириш, хусусан, улар саломатликлари ҳақида ғамхўрлик қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур, – деди тадбирда сўз олган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Сенатор Қудратилла Рафиков. – Мазкур жараёнларда республикамиздаги энг йирик жамоат ташкилоти бўлган,“Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиорини ўзига дастуриламал қилиб олган касаба уюшмалари ҳам ўз муносиб ҳиссасини қўшиш мақсадида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан замонавий стандартларга жавоб берадиган санаторийлар, дам олиш масканлари, болалар соғомлаштириш оромгоҳлари барпо этилиб, халқимиз ва уларнинг фарзандлари учун фойдаланишга топширилмоқда. Бугун Сиз билан бирга кўриб турганимиз Самарқанд вилояти, Нуробод туманида барпо этилган янги Абу Али ибн Сино Плаза санаторийси фикримиз далилидир.
Тадбирда таъкидланганидек, ушбу гўзал ва замонавий маскан ҳаракат-таянч аъзолари, неврология, терапия касалликлари билан оғриган дам олувчилар учун тиббий реабилитация хизмати кўрсатишга ихтисослаштирилган сиҳатгоҳдир. Сиҳатгоҳда республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрадиган юртдошларимизга юқори малакали санатор-курорт хизмати кўрсатилиши учун барча имкониятлар яратилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Манзилли дастури доирасида янги бунёд этилган, жаҳон андозалари талабларига жавоб бера оладиган Абу Али ибн Сино Плаза санаторийсининг даволаш бўлими, 150 ўринга мўлжалланган замонавий ётоқ бўлими, 150 ўринли ошхона сўнгги русумдаги замонавий мебеллар, ётоқ анжомлари, тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Санаторийнинг қурилиш ва жиҳозлаш ишларига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 50 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.
Шунингдек, янги санаторий ҳудудида кенг кўламдаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, даволанувчиларнинг мароқли дам олиб, ҳордиқ чиқаришлари учун мўъжаз боғ барпо этилди.
Алоҳида таъкидлаш ўринлики, кейинги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган инсонлар, ногиронлиги бор шахслар ва фахрийларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоялаш, уларни соғломлаштириш ва саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишларга юксак эътибор қаратилмоқда. Ана шундай эътибор ва ғамхўрликларнинг самараси ўлароқ янги барпо этилиб, фойдаланишга топширилган Абу Али ибн Сино Плаза санаторийсининг илк дам олувчилари уруш ва меҳнат фахрийлари бўлдилар. Хусусан, Тошкент шаҳри, Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларидан ташриф буюрган 100 нафар фахрийлар мазкур сиҳатгоҳда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бепул соғломлаштирилмоқда.
Абу Али ибн Сино Плаза санаторийсида асаб тизими, юрак-қон томир, таянч-ҳаракат, тери касалликлари йўналишларида даволаш муолажалари амалга оширилади. Шу билан бирга, санаторийнинг минерал суви таркибида радоннинг мавжудлиги иммун тизимини мустаҳкамлаш орқали турли касалликларнинг олдини олишда, яъни профилактикасида жуда самарали хисобланади. Мазкур родонли сув янги санаторийнинг асосий даволаш омилларидан бири ҳисобланади. Минетра суви термал (37-430 С), таркиби табиий паст родонли (20-25 мКи/п), хлорид-сульфат, натрийли, кам ишқорли (рН-8,1) ва азот газли сувининг хусусиятига кўра, санаторийдаги мазкур родонли минерал сув Грузиядаги машҳур Цхалтуба сувига ўхшаш эканлигини алоҳида таъкидлаш зарур.
Янги сиҳатгоҳда беморларни даволашда замонавий тиббий усуллардан – зарб тўлқинли терапия, лимфодренаж, озонотерапия, физиотерапия, даволаш жисмоний тарбияси, уқалаш, парафин, балчиқ ва игна билан даволаш, ўт-гиёҳлардан дамламалар тайёрлаш, ичакларни ювиш, ингаляция усуллари, шунингдек, ташхислаш аппаратлари ва малакали шифокорлар маслаҳатларидан фойдаланилади. Санаторийнинг даволаш ва диагностика хоналари замонавий тиббиёт аппаратлари ва ускуналари билан жиҳозланган. Шунингдек, сиҳатгоҳда парҳезли овқатланиш яхши йўлга қўйилган. Ётоқ бўлимида эса дам олувчилар учун жуда ҳам қулай, икки кишилик хоналар ташкил этилган.
Дам олувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида маданий-маърифий тадбирлар, концерт дастурларини ташкил этиш билан бирга, жаҳоннинг деярли барча мамлакатларидан минглаб сайёҳларни ўзига жалб этаётган қадимий Самарқанднинг нодир дурдоналари бўлган тарихий обидаларга саёҳатлар уюштирилади.
Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари