[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

10.06.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мамлакатимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланадиган жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 30 тадан ва ундан ортиқ янги иш ўринларини яратиш ташаббуси илгари сурилган эди. Бугунги кунда ушбу ташаббус натижасида ҳудудларда янги иш ўринлари амалда яратилиб, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда.

Хусусан, Касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят Кенгаши саъй-ҳаракатлари билан Фарғона шаҳридаги “Жўйдам” маҳалла фуқаролар йиғинида “Фарғона касаба ўқув ишлаб чиқариш маркази” масъулияти чекланган жамияти фаолияти йўлга қўйилди. Куни кеча ушбу марказнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Таъкидлаш зарурки, мазкур хайрли ташаббусни амалга ошириш учун Жўйдам маҳалла фуқаролар йиғинида мавжуд фойдаланилмаётган бўш бинога 400 миллион сўмга яқин маблағ йўналтирилди. Натижада мазкур бино тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилиб, аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш ва ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш учун зарурий жиҳозлар билан таъминланди. Мазкур лойиҳа асносида “Фарғона касаба ўқув ишлаб чиқариш маркази” МЧЖ ташкил этилиб, ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган 100 нафар ишсиз аёл касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Бунинг баробарида бир йўлакай уларнинг доимий бандлигини таъминлаш ҳам кўзда тутилган.

Мазкур лойиҳанинг яна бир аҳамиятли жиҳатини айтиб ўтиш жоиз. Яъни, марказнинг дастлабки тингловчилари касб-ҳунар сирларини тўлиқ эгаллаб, бандлиги таъминлангач, “Фарғона касаба ўқув ишлаб чиқариш маркази”да доимий равишда босқичма-босқич 100 нафардан хотин-қизни касб-ҳунарга ўқитиш ишлари мунтазам давом эттирилада. Бу орқали аёллар нафақат касб-ҳунарга ўқитилади, балки уларнинг доимий бандлигини таъминлашга ҳам кўмаклашиб борилади.

“Фарғона касаба ўқув ишлаб чиқариш маркази” МЧЖнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари, Фарғона вилояти ҳокими, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, уларни ҳар томонлама қуллаб-қувватлаш, хусусан, касб-ҳунарга ўқитиш, бу орқали улар бандлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, “Аёллар дафтари”нинг жорий этилгани ҳаётда қийин аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, ҳаёти сифатини оширишга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Биргина Фарғона вилоятини оладиган бўлсак, “сектор-туман-вилоят” даражасида “маҳаллабай” тизими асосида жойларда фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқот қилиниб,  ҳаётдан рози бўлиб яшашларига муносиб ҳисса қўшиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоятида “Аёллар дафтари”га киритилган 47 минг 554 нафар хотин-қизнинг муаммоларини ҳал қилиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз бўлган 14 мингга яқин аёлнинг доимий бандлиги таъминланди, кўплаб аёллар тадбиркорлик фаолиятини бошладилар.

Мазкур жараёндаги ишларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Федерация ташаббуси билан Фарғона вилоятида “Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари орқали 2 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати