[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

21.06.2021. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тасарруфидаги болалар дам олиш оромгоҳларида болажонларнинг ёзги дам олиш мавсуми қизғин давом этмоқда.

Таъкидлаш зарурки, мавсумга тайёргарлик олдидан тармоқ раҳбарияти ва тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан болажонларнинг таътил кунларини мароқли ўтказишлари, мириқиб дам олиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун барча зарур шарт-шароитларни  яратиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, оромгоҳларда соғломлаштириш мавсумига тайёргарлик ва таъмирлаш ишларининг сифати Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Қутлимурат Сабиров бошчилигидаги комиссия аъзолари томонидан чуқур ўрганилиб, оромгоҳлардаги муҳандислик-коммуникация тизимининг созлигидан бошлаб, ошхона ва озиқ-овқат, асбоб-анжомлар ҳамда хизмат кўрсатувчи авто ва алоқа техникалари билан таъминлаш масалаларигача қатъий назоратга олинди.

Алоҳида таъкидлаш зарурки, оромгоҳда фаолият кўрсатадиган барча ходимлар COVID-19 бўйича бепул тестдан ўтказилдилар.

– Бу йилги мавсумда 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган 7 минг нафар ўғил-қизни 3-5 навбатда 12 кундан дам олдириш ва соғломлаштириш режалаштирилган, – деди Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси ўринбосари Маҳмуд Розиметов. – Айни кунда тармоқ тизимидаги “Қибрай”, “Бурчи-мулло”, “Дўстлик”, “Янги авлод”, “Темирйўлчи”, “Коинот” ва “Аловиддин” болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ҳамда “Қўнғирот” профилакторийси бирин-кетин болажонларни ўз бағрига олмоқда. Болажонлар ҳордиқнинг биринчи куниданоқ қизиқарли тадбирлар билан қамраб олинди. Шинам дам олиш хоналари, кўргазмали материалларга бой маънавият-маърифат хонаси, билимларини ошириш ва дунёқарашларини кенгайтириш учун қизиқарли бадийй адабиётлар, газета ва журналлар билан таъминланган кутубхона, ўғил-қизларнинг соғлом ва бақувват бўлишлари ҳамда чиниқишларига хизмат қилувчи турли спорт майдончалари болажонлар ихтиёрига топширилган.

Оромгоҳларнинг ҳар бирида ўндан ортиқ тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларга болажонлар қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда жалб этилмоқда.

Сирасини айтганда эртамиз эгалари бўлган ёш авлоднинг ёзги таътили мароқли ва мазмунли ўтмоқда.

  

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати