[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

28.06.2021. Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси  Республика Кенгаши ва “Enter Engineering Pte. Ltd” Компанияси касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида махсус ўқув-семинар ўтказилди.

Компанияда фаолият юритаётган меҳнат муҳофазаси вакиллари, касаба уюшма қўмитаси мутахассислари, цех касаба уюшма қўмиталари раислари малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғирисида“ги ва “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунлари мазмун-моҳияти, касаба уюшмалари тизимида меҳнат муҳофазаси йўналишида олиб бориладиган ишлар, сайланган меҳнат муҳофазаси вакилларининг вазифалари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, иштирокчилар корхоналарда хавфсизлик маданияти, жамоатчилик вакиллари ишини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикасида атом электр станциясининг қурилиши бўйича олиб борилаётган ишлар, учинчи даражали атом электр станцияларида хавфсизлик тизими тўғрисида қизиқарли  маърузаларни ҳам тинладилар. “Enter Engineering Pte. Ltd” Компаниясида меҳнат муҳофазаси, хавфсизлик техникаси, ишлаб-чиқаришда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам эътибордан четда қолмади.

Ўқув-семинар давомида иштирокчилар касаба уюшма ташкилотларида ишларни режалаштириш, иш юритиш, касаба уюшмаларида доимий комиссиялар фаолиятини йўлга қўйиш, иш берувчи томонидан касаба уюшмасига тақдим этилган тақдимномани кўриб чиқиш тартиби каби йўналишларга оид билим ва кўникмаларини ҳам бойитдилар.

– 3 кун давом этган ўқув-семинар ҳар томонлама фойдали бўлди, десак муболаға бўлмайди, – деди “Enter Engineering Pte. Ltd” Компаниясининг бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Бобур Кенжаев. – Хусусан, семинарда иштирок этган мутахассислар қурилишда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, баланд биноларни қуришда хавфсизлик техникасига амал қилиш, оловли ишларни олиб боришда хавфсизлик техникасига риоя қилиш, ишга қабул қилинган ходимларни йўриқномадан ўтказиш, ходимларнинг билимларини синаш, ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисаларни текширишда меҳнат муҳофазаси вакилларининг роли, Н-1 шаклдаги формаларни тўлдириш ва бошқа масалалар юзасидан ҳам билим ва кўникмаларини оширдилар.

Ўқув-семинар доирасида цех касаба уюшма қўмиталари раислари ва меҳнат муҳофазаси вакилларига фаолиятлари учун зарур бўлган меъёрий ҳужжатлар, ўқув материаллари берилди. Шунингдек, ўқув-семинар натижасига кўра 18 нафар меҳнат муҳофазаси вакилларига сертификатлар ва гувоҳномалар, семинарда фаол иштирок этган ходимларга эса эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир якунида ходимлар учун Самарқанд шаҳри бўйлаб мазмунли сайёҳатлар ташкил этилди.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати