01.06.2021. Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг бошланғич касаба уюшма қўмитаси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ шаҳрида “Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.
Унда энергетика, нефт-газ ва геология тармоғининг Қорақалпоғистон Республикасидаги корхона ва ташкилотларида фаолият кўрсатаётган бошланғич касаба уюшма қўмиталари раислари, уларнинг ҳисобчилари, тафтиш комиссияси аъзолари ва фаоллар иштирок этдилар.
Тармоқ тизимидаги бошланғич ташкилотлар ишини янада такомиллаштириш, уларга фаолиятнинг устувор йўналишларидаги асосий вазифаларни сифатли амалга оширилишида амалий ёрдам кўрсатиш мақсадларида ташкил этилган мазкур семинар иштирокчиларига дастлаб бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан инсон манфаатлари йўлида барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари тўғрисида маълумотлар берилди. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойидан келиб чиқадиган вазифалар ижроси бўйича Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида алоҳида тўхталинди.
Шундан сўнг ўқув-семинар иштирокчилари касаба уюшма ташкилотларида ишларни режалаштириш, иш юритиш, касаба уюшмаларида доимий комиссиялар фаолиятини йўлга қўйиш, бошланғич касаба уюшма ташкилотларида ишларни самарали ташкил этиш тартиби каби йўналишларга оид билим ва кўникмаларини ҳам бойитдилар.
– Ўқув-семинар давомида тармоқ тизимидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотларига кўпроқ амалий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилди, – деди Ўзбекистон Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ташкилий ишлар бўлими мудири Раҳматилла Жўраев. – Хусусан, меҳнат жамоаларида ўтказиладиган тадбирларнинг ташкилий жиҳатлари, олиб бориладиган ишларни тўғри ташкил этиш, ҳужжатларнинг тўғри юритилиши борасида зарур тушунтириш ва тавсиялар берилди. Шу билан бирга бошланғич ташкилотлар раисларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар берилди.
– Семинар дастурида бошланғич касаба уюшма ташкилотларида молиявий йўналишдаги ишларни тўғри ташкил этиш масаласига алоҳида ўрин берилди, – деди Ўзбекистон Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг молия бўлими мудири Зарофат Ибрагимова. – Чунки, касаба уюшма маблағларини белгиланган мақсадларга тўғри йўналтириш масаласи меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялашда муҳим аҳамиятга эгадир. Шу боис ўқув-семинарда нафақат назарий жиҳатдан, балки мавзуга оид амалий машғулотлар ҳам ташкил этилиб, иштирокчиларнинг билим ва кўникмалари мустаҳкамланди.
Семинар ташкилотчилари “Касаба уюшма ташкилотларида ишларни режалаштириш, ҳужжатлар билан ишлаш”, “Касаба уюшма маблағларини белгиланган мақсадларга сарфлаш”, “Касаба уюшмаларида йўлланмалар олиш тартиби”, “Доимий комиссияларни шакллантириш, уларнинг иш режаларини ишлаб чиқиш ва фаолиятини йўлга қўйиш” каби мавзулардаги чиқишлари орқали семинар иштирокчиларининг билим ва кўникмаларини оширдилар. Ушбу чиқишлар давомида барча иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда назарий тавсияларни олиш билан бирга интерактив усулдаги амалий машғулотларда ҳам иштирок этдилар. Амалий машғулотларда иш режаларни ишлаб чиқиш, қарорларни расмийлаштириш, ҳужжатлар рўйхати ва ижро назоратини юритиш, касаба уюшма фаоллари билимини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида ўқув-семинар иштирокчилари учун Мўйноқ шаҳри бўйлаб мазмунли сайёҳатлар ташкил этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати