[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

17.08.2021. «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танлови Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳар икки йилда бир марта ўтказилиб келинмоқда.

Мазкур кўрик-танлов республикадаги барча корхона, ташкилот ва муассасаларда намунали фаолият олиб бораётган бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини аниқлаш ва рағбатлантириш, уларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, корхона, ташкилот ва муассасаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда бошланғич ташкилотларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.

Ушбу кўрик-танловни ўтказиш орқали бошланғич ташкилотларда:

жамоа шартномалари тузилиши ҳамда иш берувчилар билан ҳамкорликда уларнинг бажарилиши таъминланишига;

меҳнаткашлар учун муносиб иш ҳақи тўланиши жараёнида касаба уюшмаларининг иштироки таъминланишига;

иш жойида хавфсиз ва қулай меҳнат шароитлари, шунингдек, маиший шароитлар яратилишига;

ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги меҳнат муносабатларида меҳнат қонунларига риоя этилиши таъминланишига;

фаолиятни устав талаблари ва меъёрий ҳужжатлар асосида тўғри ташкил этилишига ва пировард натижада уларнинг фаолият самарадорлиги оширилишига;

меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун шароитлар яратилишига эришиш мақсад қилинган.

Куни кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши  томонидан “ Энг намунали бошланғич ташкилот”  кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш тадбири ўтказилди.

Таъкидлаш зарурки, вилоят миқёсидаги кўрик-танловнинг шаҳар, туман босқичларида 1568  та  бошланғич ташкилот иштирок этди. Кўрик-танловнинг вилоят босқичи ғолибларини аниқлаш бўйича комиссиялар томонидан тақдим қилинган якуний хулосаларга кўра аъзолар сони 100 нафаргача ва аъзолар сони 100 нафардан ортиқ бўлган бошланғич ташкилотлар орасидан  1-, 2- ва 3-ўрин соҳиблари ҳамда номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Хусусан, 27 та бошланғич каса ба уюшма ташкилоти раҳбарлари ғолиб ва совриндор бўлдилар. Улар орасида 2 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти кўрик-танловнинг Республика босқичига йўлланма олди. Жумладан, кўрик-танловнинг вилоят босқичида 100 нафаргача аъзолари бўлган бошланғич ташкилотлар орасидан Ангрен шаҳридаги 38-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 100 нафардан ортиқ аъзолари бўлган бошланғич ташкилотлар орасида “ANGREN SHAKAR” МЧЖнинг бошланғич касаба уюшма ташкилоти 1-ўринни эгаллаб, танловнинг Республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

– Мазкур кўрик-танлов касаба уюшмалари ҳаракатини ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, шунингдек, меҳнаткашлар ўртасида касаба уюшмаларининг мавқеини ошириш, моддий–техника базасини кучайтириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, жамоанинг ижтимоий-иқтисодий  ривожланишида бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг фаол иштирокини  таъминлаш, касаба уюшма органларида ишловчилар  ҳамда фаолларнинг  ижодкорлик, ташаббускорлик қобилиятини шакллантиришга схизмат қилмоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши бўлим мудири Шаҳноза Одилхонова. – «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танлови ғолибларини аниқлашда жамоа шартномаси тузилганлиги, унинг бажарилишини меҳнат жамоасида муҳокама этилганлиги, меҳнат ва меҳнат муҳофазаси масаласида бошланғич ташкилот томонидан жамоатчилик назоратининг амалга оширилиши, корхона, ташкилот ва муассасаларда ходимлар учун яратиб берилган меҳнат ва маиший шароитлар, касаба уюшмаси аъзоларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини юксалтириш, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар асосий омил бўлди. Шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат муносабатларининг тартибга солинишида касаба уюшмасининг иштироки, касаба уюшма аъзоларининг маънавиятини юксалтириш, уларни жимоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш борасидаги ишлари, корхона, ташкилот, муассасаларда бошланғич ташкилот фаолияти учун шарт-шароитлар яратилиши масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаш зарурки, танлов ғолибларини аниқлаш бўйича тузилган комиссия вилоят босқичида иштирок этаётган ҳар бир бошланғич касаба уюшма қўмитасига ташриф буюриб, «Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танлови иштирокчилари фаолиятини баҳолаш мезонлари» асосида уларнинг фаолиятини ўрганиб чиқди.

Ўрганиш ва баҳолаш натижалари асосида ғолиблар аниқланди. Танловнинг вилоят босқичида иштирок этган бошланғич ташкилотлар ўз фаолиятлари бўйича тақдимот ўтказдилар. Бу уларнинг ўзаро тажриба алмашишларига замин яратди.

«Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи ғолибларини тақдирлаш тадбирида ғолиб ва совриндорларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши дипломлари ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

 

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари