17.09.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “2021 йил пахта-йиғим терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича Миллий мониторингни ўтказишга оид услубиёт, аҳоли билан қайта алоқа механизми, касаба уюшмалари инспекцияларининг вазифалари ва ташкилий-техник масалалар” мавзуида онлайн семинар-тренинг ўтказилди.
Унда марказий студиядан Федерация аппарати раҳбарияти ва масъул ходимлари, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши аппарати ходимлари, Миллий мониторинг ҳудудий гуруҳлари раҳбарлари, аҳоли билан қайта алоқа механизми учун бириктирилган масъул ходимлар ҳамда 2021 йилги пахта йиғим-терими мавсумида касаба уюшмалари томонидан амалга ошириладиган жамоатчилик назоратини олиб борувчи касаба уюшмалари меҳнат инспекторлари, мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, ҳамкор вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар. Ҳудудий студиялардан эса Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари раҳбарлари ва масъул ходимлари, Миллий мониторинг ҳудудий гуруҳлари аъзолари, аҳоли билан Қайта алоқа механизми учун бириктирилган масъул ходимлар, касаба уюшмалари инспекторлари, мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг ҳудудлар бўйича масъул ташкилотчилари ҳамда тармоқнинг барча туман, шаҳар кенгашлари раислари қатнашдилар.
Онлайн семинар-тренингда таъкидланганидек, сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби, ижтимоий меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, унга йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишларида ҳам Президентимиз ташаббуслари билан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш йўналишларидаги фаолиятни тизимга солиш мақсадида 2020 йилда 19 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, 5 та Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та Фармони ва 6 та Қарори, Ҳукуматнинг 3 та қарори қабул қилинди. Хусусан, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига маъмурий жавобгарликни кучайтирувчи ҳамда жиноий жавобгарликни белгиловчи нормалар киритилди. Унга кўра маъмурий жавобгарлик чоралари базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача оширилди, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, мана бир неча йилдирки, фуқаролик жамияти инстутлари билан ҳамкорликда пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароитлар яратилиши, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий йилда ўтказиладиган Миллий мониторинг ҳам пандемия шароитини ҳисобга олиб, ўтган йилларга нисбатан янада такомиллаштирилган ҳолда ташкил этилмоқда. Жорий йилда мониторинг ўтказиш ишчи гуруҳлари таркибидаги касаба уюшмаси ходимлари мониторинг жараёнида фойдаланиш учун махсус кийим-бош, пойабзал, ишчи гуруҳ раҳбарлари янги планшетлар билан таъминланди.
Мазкур семинар-тренингнинг айнан Миллий мониторинг олдидан ташкил этилгани ҳам бежиз эмас. Чунки, унда иштирокчиларга 2021 йил пахта-йиғим терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича Миллий мониторингни ўтказишга оид услубиёт, аҳоли билан қайта алоқа механизми ва касаба уюшмалари инспекцияларининг вазифалари батафсил тушунтирилиб, ташкилий-техник масалалар хусусида келишиб олинди.
Семинар-тренингда таъкидланганидек, жорий йилда ҳам касаба уюшмалари томонидан пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича жамоатчилик назорати ва тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, пахта йиғим-терими мавсуми давомида аҳоли ўртасида, шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари ўртасида мажбурий меҳнатнинг олдини олишга каратилган кенг қамровли ахборот-тарғибот ишларини олиб бориш, касаба уюшмаларининг ишонч телефонлари ҳақида маълумот бериш мақсадида Халқаро меҳнат ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси билан ҳамкорликда касаба уюшмалари томонидан 200 та баннер таёрланди ва ҳудудларга етказилиб, республиканинг барча туман ва шаҳар марказларига жойлаштирилди. Мажбурий ва болалар меҳнатининг олдини олишга қаратилган 10 мингта постер тайёрланиб, ҳудудлардаги корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда одам гавжум бўладиган жойларга жойлаштирилмоқда. Худди шу мавзуда тайёрланган 200 мингта флаер эса меҳнаткашлар ҳамда аҳоли вакилларига тарқатилмоқда.
Бундан ташқари Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг телеканалларида намойиш этиш учун мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик, муносиб меҳнат шароитлари ва Касаба уюшмалари Федерациясининг “1092” қисқа рақамли “Ишонч телефони” фаолияти тўғрисида қисқа метражли роликлар тайёрланди. Жойларда Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ва ҳамкор вазирликлар иштирокида “Ўзбекистонда мавсумий ишчиларни адолатли ишга ёллаш” мавзусида минтақавий семинар-тренинглар ўтказилди.
Онлайн семинар-тренинг давомида иштирокчилар 2021 йил пахта-йиғим терими мавсумини ташкил қилиш ва уни уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг Қарори ҳамда Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссиясининг йиғилиш баёнлари билан тасдиқланган “Пахта йиғим-теримини ташкил қилиш бўйича Вақтинчалик тартиб ва Тавсиялар” билан батафсил таништирилди. Хусусан, пахта йиғим-теримини тўғри ташкил этиш тартиби, пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш мақсадида кўнгилли теримчилар томонидан ташкил этилган бирлашган жамоа – терим отрядларини тузиш ва теримчилар жамоасини шакллантириш, терим отрядлари фаолиятини ташкил этиш, терим отряди раҳбарининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди. Ушбу тавсияларнинг пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида муҳим қўлланма вазифасини ўташи алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, пахта терими отрядларида касаба уюшмаси ташкилотини тузиш, отряд аъзоларини Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасига вақтинчалик аъзо қилиш ҳамда жамоа музокаларини ўтказиш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳам батафсил тушунтириб ўтилди.
Семинар-тренингда шунингдек, бу йилги пахта йиғим-терими мавсумида жамоатчилик мониторинги ўтказишдан асосий мақсад – санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда теримчиларга муносиб яшаш ва меҳнат шароитлари яратиб берилишига қаратилиши, шунингдек мажбурий меҳнатга йўл қўймасликка эришиш эканлиги қайд этиб ўтилди. Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда Миллий мониторинг ўтказилиб, теримчиларнинг меҳнат шароитлари, уларга меҳнат ҳақини ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши, санитария, маиший шароитлар яратилиши ҳамда меҳнат ҳуқуқи ва муҳофазасининг таъминланиши устидан касаба уюшмаларининг жамоатчилик назорати олиб борилади.
Терим мавсумида теримчилар хавфсизлиги, транспорт ҳаракати, ёнғин хавфсизлиги, теримда иштирок этувчиларнинг соғлигини муҳофаза қилиш, дори-дармон билан таъминлаш, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши масалалари доимий диққат марказида бўлади. Шунингдек, Касаба уюшмалари Федерацияси қошида ташкил этилган аҳоли билан Қайта алоқа механизми ҳам туну-кун узлуксиз фаолият олиб боради.
Онлайн семинар-тренингда Касаба уюшмаларининг халқаро ҳамкорлари – Халқаро Меҳнат ташкилоти экспертларидан Йонас Аструп иштирок этиб, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик бўйича тизимли тадбирлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади. Айниқса, охирги йилларда пахта йиғим-терими мавсуми даврида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, хусусан, ижтимоий соҳа ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб қилинишининг олдини олиш чоралари кучайтирилганини эътироф этди. Мазкур жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг фаол иштирок этаётгани ҳамда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш билан бир қаторда теримчилар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилишига катта ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади.
Онлайн семинар-тренинг якунида миллий мониторингда иштирок этувчи барча мутахассислар ва масъул ходимларга теримчилар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилиши бўйича жамоатчилик назоратини олиб бориш юзасидан тарқатма материаллар ва тегишли тавсиялар берилди. Шунингдек, иштирокчилар пахта йиғим-терими мавсуми давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик юзасидан Миллий мониторингни ўтказиш услубиёти билан батафсил таништирилди.
Иштирокчилар савол-жавоб ва мунозаралар жараёнида ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.
Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари