04.10.2021. Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида мамлакатимизнинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, хорижий давлатлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан иқтисодий, ижтимоий, маданий-маърифий, гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Бу албатта, давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг халқаро ҳамкорлик йўналишидаги ишлари ривожига ижобий таъсир ўтказмоқда.
Республикада энг оммавий жамоат ташкилоти бўлган касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам хорижий давлатларнинг касаба уюшма марказлари, халқаро касаба уюшмалари бирлашмалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш соҳасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Халқаро ташкилотлар билан алоқаларни янада ривожлантириш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ишларига касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссасини қўшиш, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистонда меҳнат соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва эришилаётган ютуқларни етказиш мақсадида 2021 йил 26 сентябрь – 3 октябрь кунлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси Бельгиянинг Брюссель ҳамда Швейцариянинг Женева шаҳарларида расмий ташриф билан бўлди.
Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) Бош котиби Шаран Барроу ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюросининг Европа ва Марказий Осиё бўлими мудири Сергеюс Гловацкас таклифларига биноан ташкил этилган мазкур ташриф давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегациясининг ХКУК ва ХМТ раҳбарияти билан учрашувлари, шунингдек, республикамизнинг халқаро майдондаги имиджини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясини ХКУКнинг тенг ҳуқуқли аъзолигига қабул қилиш масалаларига оид музокаралар амалга оширилди.
Хусусан, ташриф давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегациясининг ХКУК Бош котиби Шаран Барроу, ХКУК Бош котиби ўринбосарлари Оуэн Тюдор, Мамаду Дуалло, шунингдек, ХКУК Умумевропа минтақавий кенгашининг ижрочи котиби Антон Леппик, ХКУКнинг касаба уюшмалари ҳуқуқлари бўйича директори Жерун Бейнаерт, Ҳуқуқ бўйича директори Паапа Данкуа, Индекс нашри бўйича масъул ходим Лоредана Карта, Тенг ҳуқуқлилик бўлими раҳбари Паола Симонетти, Алоқалар ва кампания масалалари бўйича директори Тим Нунан, Ижтимоий-иқтисодий сиёсат департаменти директори Алисон Тэйт, Органайзинг Академияси раҳбари Карен Болтон, ХКУК иқтисодчиси Эвелин Астор, Европа касаба уюшмалари Бош котиби Лука Винсентини, Европа касаба уюшмалари институти директори Филипп Поше ва Касаба уюшмалари таълими департаменти раҳбари Верой Дос Сантос билан расмий учрашувлари бўлиб ўтди. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Гай Райдер, ХМТ Бош директори ўринбосари Хайнц Коллер, ХМТ Бош директори махсус маслаҳатчиси Кари Тапиола, ХМТнинг меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV) директори Мария Хелена Андре, ХМТ Меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюросининг Европа ва Марказий Осиё бўлими мудири Сергеюс Гловацкас, Халқаро меҳнат бюроси департаменти директори Коринн Варга билан учрашувлар ўтказилди. Мазкур учрашув ва суҳбатлар давомида бугунги кунда касаба уюшмалари олдида турган долзарб вазифалар ва бунда халқаро ҳамкорлик алоқаларининг аҳамияти муҳокама этилиб, келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, учрашувлар давомида Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси (ЎзКУФ) ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК)нинг ЎзКУФни халқаро касаба уюшмалари ҳаракатига янада интеграциялашга қаратилган Биргаликдаги ҳаракатлар режаси имзоланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати