[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

13.11.2021. Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳаларда бўлганидек, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўналишида ҳам тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғломлаштириш борасида олиб борилаётган ишларда Касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият олиб бораётган меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини дам олдириш ва соғломлаштириш йўналишида ҳам самарали фаолият олиб бормоқда.

Бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш ҳамда меҳнаткашларни сифатли соғломлаштириш билан янада кенгроқ қамраб олиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан янги санаторийлар барпо этилиб, мавжуд сиҳатгоҳларнинг қабул қуввати оширилмоқда. Шунингдек, тизимдаги санаторийларни капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш ҳамда моддий-техник негизини мустаҳкамлаш йўналишларида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, сўнгги йилларда касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 14 та соғломлаштириш маскани қурилди, 2 та санаторий ва 3 та болалар оромгоҳи реконструкция қилинди. Бунинг натижасида мавжуд 24 та санаторийда йилига қўшимча равишда 34 минг нафар юртдошимизни соғломлаштириш имконияти яратилди. Шунингдек, ўтган 5 йил мобайнида 593 мингга яқин меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари, 8700 дан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийси касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда соғломлаштирилди, 1,5 миллион нафардан ортиқ болаларнинг оромгоҳларда дам олишлари ташкил этилди. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимдаги санаторийлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, сиҳатгоҳларни сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш йўналишларида  олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида бугунги кунда касаба уюшмалари санаторийларида нафақат юртдошларимиз, балки ҳорижий давлатлар фуқаролари ҳам дам олиб, даволанмоқдалар.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Даволаш-профилактика маркази ҳам алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда ушбу масканда сифатли ташхисдан ўтиш ва даволаниш, саломатликнларини мустаҳкамлаш истагида бўлган юртдошларимизнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда Федерация томонидан мазкур муассаса ҳудуди кенгайтирилиб, унинг янги биноси барпо этилди ва фойдаланишга топширилди.

Даволаш-профлактика марказининг янги барпо этилган биноси жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган замонавий мажмуа бўлиб, барча зарур шарт-шароитлар ҳамда қулайликларга эга бўлган 50 ўринли ётоқ, 140 ўринли ошхона ва замонавий физиотерапия даволаш бўлимини ўз ичига олган. Янги бинода жойлашган ошхона, ётоқ ва даволаш бўлимлари замонавий мебеллар ва ётоқ анжомлари, тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Янги бинодаги физиотерапия бўлими касалликларнинг олдини олиш учун зарур бўлган замонавий тиббий-асбоб ускуналарнинг барчаси билан таъминланди. Шунингдек, туз билан даволаш ғори ташкил этилди.

Даволаш профилактика марказининг кенгайтирилган ҳудудида кенг кўламдаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам амалга оширилиб, даволанувчиларнинг мароқли дам олиб, ҳордиқ чиқаришлари учун мўъжаз боғ барпо этилди.

Янги бино қурилиши ва уни жиҳозлаш ишларига 21 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилди.

Бугунги кунда ушбу гўзал ва замонавий масканга ташриф буюрувчилар юрак, қон-томир, асаб, ҳаракат-таянч аъзолари, неврология, терапия касалликлари каби йўналишларда сифатли ташхисдан ўтишлари билан бирга юқори малакали стационар даволаш хизматларидан фойдаланиш имкониятига эгалар. Даволаш профилактика марказида барча тор мутахассисликлар йўналишидаги шифокорлар, 30 га яқин олий тоифали врачлар ҳамда 60 нафарга яқин олий тоифага эга бўлган ҳамширалар фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати