[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

06.12.2021. Ўтган даврларда Соғлиқни сақлаш тармоғидаги касаба уюшмаларининг ўрта бўғинида «вазнсиз»лик ҳолатлари ҳам кўзга ташлангандек бўлди. Тан олиш керак, бутун бир вилоят тизими ташкилотларининг «увол-савоби» биргина масъул ташкилотчи измига топширилганди.

Бу вазифани бажарганларнинг аксар иш кунлари мурожаатларни ўрганиш ва унда қаламга олинган муаммоларни ҳал этишдан ортмади. Салкам 63 минг нафар аъзони бирлаштирган бошланғич ва цех касаба уюшмаларига амалий ёрдам кўрсатиш, меҳнат соҳасидаги ўзгаришларни етказиш, меҳнат, техника хавфсизлигига доир янгиликлар қамровидек муҳим масалалар аҳволини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг. Вазифа уддаланди. Аммо қай даражада?
…Ҳабиб Юсупов Пастдарғом тумани тиббиёт бирлашмасида техника хавфсизлиги муҳандиси вазифасида хизмат қилади. Туман тиббиёт бирлашмаси собиқ раҳбарининг буйруғи билан у ­(бошлиқ ўрнига) тумандаги 4 секторга бириктирилди. Жамоада меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлигига жавобгар бўлган мутахассис тўрт йил давомида сектор ҳудудида маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юрди. ТТБда техника хавфсизлиги муҳандиси бевосита жавобгар бўлган тизим ишлари ўз ҳолича қолиб кетди.
– Тармоқ касаба уюшмаси меҳнат инспекцияси вакиллари чақирувига биноан 4-сектор ҳудудидан тиббиёт бирлашмасига етиб келдим, – дейди Ҳабиб Юсупов. – Улар хавфсиз меҳнат соҳасидаги ишларимиздан қониқишмади. Маъмуриятнинг менга юклатилган вазифа хусусидаги махсус буйруғини кўрсатиб, ўзимни оқлашга ҳаракат қилдим. Мен бир ижрочи эканимни тушунтирдим. Шу куннинг ўзида касаба уюшмалари аралашуви билан собиқ раҳбаримизнинг ноўрин буйруғи бекор қилинди. Жамоат ташкилоти кўмагида алоҳида меҳнат муҳофазаси хонаси ташкил этилди. ТТБда меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги соҳасида болалаб кетган камчилик­ларни бартараф қилдик. Айни чоғда ўз йўналишимда фаолият юритяпман.
Тузилмавий ўзгариш боис ташкил этилган Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилояти кенгашининг саккиз ойлик ­фаолиятида бундай мисоллар оз эмас.
Таққос учун: масъул ташкилотчи бир йиллик фаолияти давомида ўрта ҳисобда 70-80 та мурожаатни ҳал этган бўлса, кенгаш ташкил қилингач, 8560 та мурожаат ижобий ҳал этилган. 48 та нодавлат ташкилоти қамровга олиниб, 372 нафар ишловчи касаба уюшмалари сафига қабул қилинган. Тармоқ касаба уюшмаси аралашуви билан 114 нафар ходимнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиб, 126 миллион сўм миқдорида тўланмай қолган ­маблағлар ундириб берилган.
– Муносиб меҳнатга доир барча шарт-шароитлар жамаоат ташкилотининг қатъий назоратига олинди. Тизим ходимларининг касаба уюшмалари билан алоқалари янада ­мустаҳкамланяпти, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Маъруф Бобоёров. – Айни чоғда таркибимизда бир қатор бўлимлар ташкил этилиб, малакали мутахассисларни ишга жалб этганмиз. Улар қуйи касаба уюшма ташкилотлари билан бевосита алоқада. Режа асосида ўқув семинарлари, спорт, маданий-маърифий, ҳуқуқ соҳасидаги тадбирлар ташкил этилмоқда. Энг муҳими, «қўлимиз» узун. Меҳнатга доир барча муаммолар кенгаш томонидан ўз вақтида бартараф этилмоқда.
Тармоқ касаба уюшмаси меҳнат инспекцияси томонидан ўтган фурсатда 32 та ташкилотда ходимларга яратилган иш шароитлари ўрганилди. Бешта ташкилотда зарарли ва хавфли вазифаларни бажараётган ходимларга қўшимча меҳнат ҳақи тўлашда камчиликлар борлиги аниқланди. Музокара ва тушунтиришлар орқали 540 нафар ходимга тўланиши лозим бўлган маблағ ундириб берилди. Ўрганишларда бир қатор тиббиёт муассасалари ходимларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш талабларига ҳам иш берувчилар «панжа орасидан» қараб келишаётгани кўзга ташланди. Бу ҳолат ҳам эътибордан четда қолмади. Касаба уюшмаларининг фаол аралашуви билан республика ихтисос­лаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд филиали, Самарқанд вилояти дезинфекция станцияси, вилоят саломатликни тиклаш шифохонаси, республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд вилояти ҳудудий филиали, республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят минтақавий филиа­­ли, респ­ублика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиаллари ходимлари томонидан тиббий кўрик учун ёнларидан сарфланган пуллари иш берувчилар томонидан қоплаб берилди.
– Тармоқ касаба уюшмаси вилоят кенгаши кўмагида жамоамизда меҳнат қилаётган 70 нафар ходимнинг бепул тиббий кўрикдан ўтиши таъминланди, – дейди Самарқанд вилояти болалар уйи бошланғич касаба уюшма ташкилоти раиси Дилноза Қаҳҳорова. – Айни пайтда ходимлар тўлалигича шахсий ҳимоя воситалари, иш анжомлари билан таъминланди.
Тизимда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мус­таҳкамлаш йили» давлат дастури ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу йўналишда, жамоа шартномаларида кўзда тутилган кўмакларнинг аксар қисми ошириб уддаланди. Хусусан, нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган болали 30 нафар аёлнинг иш ҳақи сақланган ҳолда иш соатларини қисқартириш кўзда тутилган эди. Айни чоғда ушбу соҳадаги 55 нафар аёл бундан фойдаланаётир.
– Ҳуқуқ ва меҳнат ҳуқуқи соҳасида анча яккаланиб қолгандик, – ­дейди Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси Собир Отақулов. – Эндиликда тармоқ меҳнат ва ҳуқуқ инспекторларидан барча соҳаларда амалий кўмак ­оляпмиз. Айниқса, цех касаба уюшмаларидаги «оқсоқлик»ларни бартараф этишнинг катта имкони туғилди.
Замонга ҳамоҳанг қадам ташлаш, меҳнаткаш имконини ошириш тармоқ касаба уюшмасининг устувор вазифасига айланди. Бу эса шарафли касб соҳиблари ижтимоий ҳимоясини янги босқичга олиб чиқмоқда.