[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

21.12.2021. Ўзбекистон Республикасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг мавжуд барқарор механизми жамиятнинг ҳимояга муҳтож қатламлари, айниқса, кам таъминланган оилалар, ёлғиз кекса-қариялар, ногиронлар, ёрдамга эҳтиёжманд аҳоли вакилларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан изоҳланади.

Мамлакатимизда, меҳнат шартномалари асосида корхона ва ташкилот, муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аьзолари, меҳнат ногиронлари ва фахрийларини, ёрдамга муҳтожларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини таьминлашга қаратилган норматив ҳуқуқий ҳужжатлардан бири-корхона ва ташкилотларда иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги тузилган жамоа шартномалари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг  Меҳнат Кодексининг 29-моддасида берилган ҳуқуқий таьрифга кўра,- Жамоа шартномаси — корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳуқуқий  ҳужжат ҳисобланади.

Амалалиётда, жамоа шартномалари орқали ходимларнинг оила аьзолари, корхонананинг собиқ ходимлари ҳисобланган меҳнат фахрийлари ҳам жамоа шартномаларида белгиланган ижтимоий ҳимоя тадбирларидан фойдаланадилар.

Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмасига қарашли корхона ва ташкилотларда   бошланғич ташкилотлар иштирокида имзоланаётган жамоа шартномаларида ижтимоий ҳимоя йўналишига қаратилган янги тадбирлар киритилмоқда.

Жамоа шартномалари ходимлар ва меҳнат фахрийларининг, ногиронлар ва кам таьминланганларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган янги тадбирлар билан бойитилмоқда.

Корхонада фаолият кўрсатаётган ёш мутахассислар қўнимлилигини таьминлашга қаратилган – уларнинг оила аьзоларига уй-жой қурилиши учун ва мамалакатимизда ишлаб чиқарилган узоқ муддатга фойдаланиладиган маиший техника асбобларини сотиб олиш учун иш берувчи маблағи ҳисобидан фоизсиз ссудалар бериш тадбирлари билан тўлдирилмоқда.

Жумладан:

2021 йилнинг ўтган вақти давомида “Ўзметкомбинат” АЖ бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан ходимлар ва меҳнат фахрийларининг, ногиронлар ва кам таьминланганларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси йўналишида амалга оширилган ишлар диққатга сазовордир.

“Ўзметкомбинат” АЖ бошланғич касаба уюшмасига 2018 йилдан буён Ахмаджон Илҳомович Узоқов раҳбарлик қилади. Касаба уюшмаси томонидан “Ўзметкомбинат” АЖ ходимлари вакили сифатида комбинат иш берувчиси билан ижтимоий шерикчилик мақсадида қабул қилинган жамоа шартномаси орқали ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда комбинатда ишлаб нафақага чиққан  ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш йўналишида эътиборли ишлар амалга оширилмоқда.

Амалдаги бошқа бирон норматив хуқуқий ҳужжатда кўзда тутилмаган, фақатгина жамоа шартномасида белгиланган ҳолатда амалга оширилиши мумкин бўлган тадбирлар бўйича ёрдамга муҳтож ходимларга ижтимоий кўмак берилмоқда.

Хусусан, 2021 йилда тармоқ корхоналарига алоқадор кам таъминланган, боқувчисини йўқотган 1850 та оилаларнинг фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатларини қоплаш учун  331  млн. 150 минг сўм миқдорда маблағ ажратилган.

“Ўзметкомбинат” АЖ касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи томонидан ижтимоий шериклик имкониятларидан фойдаланиб 2018 йилдан буён уй-жойга муҳтож бўлган комбинат ходимларини уй-жой билан таъминлаш мақсадида, Бекобод шаҳридаги “Мустақилликнинг – 27 йиллиги” номли даҳасидаги барпо этилаётган кўп қаватли турар-жойлар учун бошланғич тўловларни амалга оширган.

Шу мақсадда; “Ўзметкомбинат” АЖ маъмурияти томонидан 2018 йилда 109 нафар ходимга турар-жой учун 4 млрд. 97 млн сўм; 2019 йилда 126 нафар ходим учун 4 млрд. 496 млн. сўм, 2020 йилда 126 нафар ходим учун 8 млрд. 496 млн сўм миқдорда уй-жой учун бошланғич тўлов пуллари тўлаб берилган.

“Ўзметкомбинат” АЖ касаба уюшмаси қўмитаси томонидан пенсия ёшигача, пенсия ёшига етиб корхона ва ташкилотларда хизмат қилаётган кекса ёшдаги ходимлар ва шу корхонада ишлаб пенсияга чиққан меҳнат фахрийларини ижтимоий ҳимояси  йўналишига ҳам алоҳида эьтибор қаратилган.

Жумладан:

2021 йил давомида комбинатда меҳнат қилаётган пенсия ёшигача бўлган ва пенсия ёшига етган кекса ёшдаги 336 нафар ходимлар 588 млн. 84 минг сўм миқдордаги қимматбаҳо совғалар билан тақдирланган.

Бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан 2021 йил давомида 110 нафардан ортиқ кекса ёшдаги меҳнат фахрийлари касаба уюшмалари санаторийлари ва дам олиш масканларида бепул соғломлаштирилган, 440 нафар меҳнат фахрийларининг Тошкент, Самарқанд Бухоро ва Хива шаҳарларига саёҳатлари уюштирилган.

“Ўзметкомбинат” АЖ бошланғич касаба уюшма қўмитаси томонидан мунтазам равишда корхона ишчилари маданий ҳордиқ олишлари учун Тошкент шаҳридаги энг яхши театр, кўргазма ва концертларга ташрифи уюштириб келинмоқда.

Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ёш авлоднинг саньатга қизиқиши, ёш санъаткорларни қўллаб қувватлаш йўналишида ҳам эътиборли ишлар амалга оширилган.

Металлурглар маданият саройи тарбияланувчилари кўплаб маҳаллий ва Халқаро кўрик-танловлар иштирокчилари ва ғолимблари саналади.

Ўзметкомбинат” АЖга қарашли “Металлург” спорт мажмуасининг иқтидорли ёш спортчиларни танлаш ва тайёрлаш йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳам касаба уюшма қўмитаси эьтиборида. Касаба уюшма қўмитаси томонидан ходимлар орасида соғлом ҳаёт тарзини оммалаштириш мақсадида мунтазам равишда спорт мусобақалари уюштириб келинмоқда. Комбинат ишчилари ва уларнинг фарзандлари “Металлург” спорт саройида спортнинг кўпгина турлари билан бепул шуғулланиш имкониятига эгалар.

Нодиржон Мерхаликов яқиндагина самбо бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритганлигига қарамай “Металлург” спорт мажмуасида мураббий лавозимида фаолият кўрсатади, шу билан бир вақтда самбо бўйича Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси таркибида ватанимиз шарафини ҳимоя қилишда муносиб хизмат кўрсатмоқда.

Юқоридаги барча инсонлар – замонамиз қаҳрамонларидир. Уларнинг ҳар бири Ватанимиз тараққиёти, оила равнақи йўлида меҳнат қилмоқдалар. Ҳар бир касаба уюшмасининг асосий вазифаси – бу меҳнаткашлар ҳимоясини таъминлашдир. Муносиб ҳимояни эса, албатта, мукаммал тузилган жамоа шартномалари орқали амалга ошириш мумкин.

Дилдора Алимова

“Ўзметмашсаноат” касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича бош мутахассиси