[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

04.03.2022. Давр талабига монанд фаолият кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қашқадарё вилояти кенгашининг меҳнат инспекцияси вилоятдаги корхона ва ташкилотларда бўлиб, ишчи-ходимларга яратилган шароитларни ўрганишга алоҳида аҳамият қаратмоқда.

Жумладан, «Қаршиэнерготаъмир» масъулияти чекланган жамиятида оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодиса ва бу бўйича кўрилган чора-тадбирларни ўрганиш жараёнида Б.Х. оиласига корхона касаба уюшма қўмитаси томонидан бир миллион сўм, корхонадан 2 миллион сўм моддий ёрдам берилганлиги аниқланди.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси билан тузилган шартномага асосан жабрланувчи оиласига тўланиши керак бўлган сумма 312 миллион 717 минг 140 сўмни ташкил қилгани аниқланди. Меҳнат инспекциясининг аралашуви билан вафот этган ходим Б.Х.нинг турмуш ўртоғи М.А.га 226 миллион 761 минг 900 сўм бир йўла тўланадиган нафақа пули тўлаб берилди. Бундан ташқари, жабрланувчининг вояга етмаган ўғли А.Ў.га 787 минг 367 сўм ойма-ой тўлаб борилиши йўлга қўйилди.

Инспекция ходимлари томонидан Қарши «Сotton road» қўшма корхонасида хотин-қизлар учун қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг меҳнатига муносиб иш ҳақи тўлаш ва бошқа меҳнат муносабатлари билан боғлиқ масалалар бўйича жамоатчилик назорати тадбирлари ўтказилди.

Ўрганишлар чоғида маълум бўлдики, ходимларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича малака ва кўникмалари оширилган. Корхонага тегишли автотранспорт воситалари белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтказилган. Иш берувчи ходимлар учун бепул тушлик ташкил этган. Ишга қатнаш учун транспорт ажратилган.

Аёллар учун маиший-санитария хоналари, жумладан, кийиниш, ювиниш, гигиена хоналари мавжуд. Барча ходимлар махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан бепул таъминланган. Касаба уюшма қўмитаси билан келишилган ҳолда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси, ишлаб чиқариш санитарияси ва ёнғин хавфсизлиги бўйича жавобгар шахслар тайинланган.

Бироқ, ўрганишлар давомида қатор камчиликлар ҳам мавжудлиги аниқланди. Жумладан, ходимларни ёнғин ва фавқулодда ҳолатларда эвакуация қилиш режаси ишлаб чиқилмаган. Корхонада ойда бир марта «Меҳнатни муҳофаза қилиш куни»ни ўтказиш йўлга қўйилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан ходимлар иш берувчи томонидан суғурта қилинмаган.

Жамоатчилик назорати давомида корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этиш, уч поғонали маъмурий-жамоатчилик назоратини ўрнатиш, меҳнат шароити ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар учун белгиланган меъёрлар асосида сут ва унга тенглаштирилган даволаш-профилактика озиқ-овқатлари билан бепул таъминлаш, ходимларни дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича амалий-услубий ёрдамлар кўрсатилиб, аниқ ва муайян тавсиялар берилди.

Анвар Хўжакулов

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилоят кенгаши меҳнат техник инспектори