[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

16.03.2022. Пойтахтимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда мамлакатимиздаги Темурбеклар мактаблари ва “Ёш чегарачи” ҳарбий академик лицейининг I ва II курс ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз” мавзуидаги ижодий ишлар танловининг Республика босқичи бўлиб ўтмоқда.

Янги Ўзбекистон ўқувчиларида мамлакатимизда кечаётган турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларга, Ватанимиз келажагига нисбатан дахлдорлик ҳиссини шакллантириш, ижодий, танқидий, креатв фикрлаш, ўз фикрини ижодкорона етказиб бера олиш кўникмаларини ривожлантриш мақсадларида ўтказилаётган мазкур иншолар танловига Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёшларга қарата “Сизлар янги Ўзбекистоннинг қанотисизлар. Бу қанотлар нима билан кучли бўлади? Билим билан!” дея айтган сўзлари шиор қилиб олинди.

Икки босқичда ташкил этилган танловнинг биринчи босқичида Темурбеклар мактаблари ва “Ёш чегарачи” ҳарбий академик лицейининг I ва II курс ўқувчилари иштирок этдилар. Улар орасидан ғолиб деб топилган ўқувчилар Республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритдилар.

Танловнинг республика босқичи доирасида ўқувчиларнинг Ўзбекистон Парламенти аъзолари ва зиёлилар, сиёсатшунослар, олимлар, ёзувчилар, илм-фан арбоблари билан учрашувлари, шунингдек замонавий бунёдкорлик масканлари ҳамда пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига ташрифлари ташкил этилди. Хусусан, ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ғояси ва ташаббуси билан инновацион технологиялар асосида, Ўзбекистон халқининг II жаҳон урушида кўрсатган беқиёс жасоратини абадийлаштириш мақсадида бунёд этилган, тарихий-бадиий экспозицияларни ўз ичига олган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини кенг миқёсда намоён этиш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Шон-шараф” давлат музейига ташриф буюрдилар. Бу ерда улар иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ота-боболаримиз кўрсатган жасоратлар, Ўзбекистоннинг ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси тўғрисидаги маълумотлар билан танишдилар.

Шундан сўнг, иштирокчиларнинг шаҳримиз марказидаги замонавий бунёдкорлик намунаси бўлган Tashkent City ва ва Конгресс-холлга саёҳатлари ташкил этилди. Ушбу масканларда улар сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларини ўз кўзлари билан кўриб, Янги Ўзбекистоннинг янги имкониятлари тўғрисидаги маълуотларга эга бўлдилар.

Шунингдек, танлов иштирокчилари Мудофаа вазирлигининг Қуролли кучлар Давлат музейига ҳамда пойтахтимиздаги IT паркка ҳам ташриф буюрдилар.

Танловнинг Республика босқичи иштирокчилари учун қизиқарли учрашувлар ва суҳбатлар  ҳам ташкил этилди. Хусусан, улар Ўзбекистон парламенти аъзолари ва зиёлилар билан учрашиб, жонли мулоқотда бўлдилар.

Мазкур учрашувларда ёш Ватан ҳимоячилари билан мулоқотда бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев “Янги Ўзбекистонниг устувор мақсади – учинчи Ренессанс” мавзуида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов “Тараққиёт стратегияси – келажак учун мустаҳкам замин” мавзусида, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов “Янги Ўзбекистон маънавий тараққиёти концепцияси” мавзуида, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети кафедра мудири, сиёсий фанлар доктори, профессор Муқимжон Қирғизбоев “Янги Ўзбекистонда миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги” мавзусида маъруза қилиб, мамлакатимизда Ўзбекистон Ренспубликаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар, уларнинг  натижалари, амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш мақсадида олиб борилаётган тизимли ишлар билан тўғрисида маълумотлар бердилар.

Таъкидлаш зарурки, учрашувлар давомида танлов иштирокчиларига сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида баб-баробар амалга оширилаётган ислоҳотларни теран идрок этиш ва улар тўғрисида мулоҳаза юритиш, ёшларнинг бу борадаги кўникмаларини ошириш, Ватанимиз тақдири, эртанги куни ва истиқболига дахлдорлик туйғусини ривожлантириш мақсадларига қаратилган суҳбатлар бўлиб ўтди. Қайд этилганидек, ушбу танлов Юртбошимиз раҳбарлигида улкан янгиланишлар мамлакатига айланган ва бутун дунё эътироф этаётган Ўзбекистондаги ўзгаришларни ёшлар, яъни фарзандларимиз қандай тушунаётгани, уларнинг нималар ҳақида фикрлаётгани, кўзлаётган марралари ва билим ҳамда салоҳиятларини намоён қилиш, юртимиздаги тарихий ислоҳотлар ёшларимиз тафаккури ва қалбида қандай акс-садо бераётганини аниқлаб олиш имкониятини ҳам беришига шубҳа йўқ. .

Суҳбатларда иштирок этган ўқувчиларнинг фаоллиги Янги Ўзбекистоннинг ёшлари азиз Ватанимиз равнақи, истиқболи учун ўзларини дахлдор деб билаётганларини, Ўзбекистон ёшлари ҳар соҳада илғор эканлигини,  Ўзбекистон Республикаси Президенти мана шу ёшларимиз тимсолида Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга қодир авлодни вояга етказаётганини кўрсатди.

Айни кунда “Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз” мавзуидаги ижодий ишлар танловининг Республика босқичи ҳамда уннг доирасида ташкил этилган тадбирлар давом этмоқда. Бу ҳақда кейинги лавҳаларимизда хабар берамиз.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари