[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

19.03.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида “Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз” ижодий ишлар танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олиё Мажлиси депутатлари ва Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази мутасаддилари, шоирлар ва олимлар, шунингдек, ҳудудий студиялардан онлайн алоқа тизими орқали мамлакатимиздаги Темурбеклар мактаблари ва “Ёш чегарачи” ҳарбий академик лицейи директорлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда танлов иштирокчиларининг устозлари ва ота-оналари иштирок этдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар натижасида мамлакатимизда таълим масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Хусусан, Юртбошимиз раҳбарлигида ёшларимизни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини рўёбга чиқариш йўлида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Алоҳида таъкидлаш зарурки, мазкур йўналишлардаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар тайёрлаш бўйича янги тизим яратилиб, “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад – она Ватанга садоқат, ватанпарварлик туйғулари жўш урган, ҳарбийлик соҳасида салоҳияти юқори бўлган мутахассисларни тарбиялаш эканлиги янада аҳамиятлидир.

Маълумки, Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 7 январь куни пойтахтимиздаги “Темурбеклар мактаби”га ташрифи давомида ёшлар билан самимий мулоқот қилиб, суҳбат давомида “Сизлар янги Ўзбекистоннинг қанотисизлар. Бу қанотлар нима билан кучли бўлади? Билим билан!”, дея алоҳида таъкидладилар.

Ҳақиқатдан ҳам, буюк алломалар эътироф этганидек, Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади ва нажот фақат ва фақат билимдадир!

Айни шу мезонлардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган “Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз!” ижодий ишлар танловини ўтказдилар.

Мазкур ижодий ишлар танловидан кўзланган мақсадлардан бири – замонавий фикрлаш ҳамда дунёқарашга эга, Ватан тақдири, юрт манфаатлари учун жонкуяр бўлган баркамол авлодни тарбиялаш йўналишидаги ишларга муносиб ҳисса қўшишдир. Шунингдек, ушбу танлов Юртбошимиз раҳбарлигида улкан янгиланишлар мамлакатига айланган ва бутун дунё эътироф этаётган Ўзбекистондаги ўзгаришлар ва ислоҳотларни ёшлар, яъни фарзандларимиз қандай тушунаётгани, уларнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек улуғ мақсадлар йўлидаги ишларни, бебаҳо қадрият ва анъаналарни давом эттиришга қанчалик тайёр эканликларини  аниқлаш имкониятини ҳам берди.

Энг қувонарлиси, мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган “Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз” ижодий ишлар танлови бугун фарзандларимиз азиз Ватанимиз равнақи, истиқболи учун ўзларини дахлдор деб билаётганларини, Ўзбекистон ёшлари ҳар соҳада илғор эканлигини, Ўзбекистон Республикаси Президенти мана шу ёшларимиз тимсолида Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга қодир авлодни вояга етказаётганини кўрсатди. Бу жиҳатлар Темурбеклар мактаблари ва “Ёш чегарачи” ҳарбий академик лицейи ўқувчилари ёзган ижодий ишларда ўз аксини топди.

Таъкидлаш ўринлики, ёшларнинг ижодий ишларини баҳолаш осон бўлгани йўқ. Чунки, ҳар бир иншо мазмунли ва ўзига хос тарзда ёзилган бўлиб, ўқувчиларнинг юксак иқтидор ва салоҳиятларини намоён этди.

“Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз” ижодий ишлар танловининг республика босқичи 2022 йилнинг 14-18 март кунлари Тошкент шаҳрида ташкил этилди. Танлов дастурига асосан, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган 33 нафар ўқувчи тантанали равишда кутиб олиниб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Чинобод Плаза” санаторийсига жойлаштирилди. Санаторийда иштирокчилар учун барча шарт-шароитлар таъминлаб берилди.

Танловнинг республика босқичи доирасида ўқувчиларнинг Ўзбекистон Парламенти аъзолари ва зиёлилар, сиёсатшунослар, олимлар, ёзувчилар, илм-фан арбоблари билан учрашувлари, шунингдек, замонавий бунёдкорлик масканлари ҳамда пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига ташрифлари ташкил этилди. Хусусан, ўқувчилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ғояси ва ташаббуси билан инновацион технологиялар асосида, Ўзбекистон халқининг II жаҳон урушида кўрсатган беқиёс жасоратини абадийлаштириш мақсадида бунёд этилган, тарихий-бадиий экспозицияларни ўз ичига олган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини кенг миқёсда намоён этиш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументларига ташриф буюрдилар.

Шундан сўнг, иштирокчиларнинг шаҳримиз марказидаги замонавий бунёдкорлик намунаси бўлган Tashkent Cityга саёҳатлари ташкил этилди. Шунингдек, “Темурийлар тарихи” давлат музейи, “Шаҳидлар хотираси” ҳиёбони ва “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига ташриф буюриб, улар бўйлаб экскурсиялар амалга оширилди.

Дастурга мувофиқ Парламент вакиллари, ёзувчилар, илм-фан арбоблари билан ўтказилган учрашувлар давомида ўқувчилар билан интерактив мулоқот шаклида суҳбатлар ҳам ўтказилиб, ўғил-қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

17 март куни танловнинг республика босқичи иштирокчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида “Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз” мавзусида иншо ёздилар.

Уларнинг ижодий ишларини баҳолашда  иншонинг режа ва мақсадлари, ислоҳотларнинг моҳияти тўлиқ очиб берилганлиги, сиёсий атамалардан ўринли ва тўғри фойдаланилгани, сўз бойлиги ва ифода қурилиши, ҳуснихат ва иншо услуби адабий тил талабларига мослиги ҳамда саводхонлиги, имло ёки ишораларнинг бехатолиги каби мезонларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ўқувчиларнинг ижодий ишлари яъни, иншолар нуфузли ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан танланган мавзунинг очиб берилганлиги даражаси ва таҳлил, ислоҳотлар моҳиятини англаш, сиёсий атамалардан ўринли фойдаланилгани, сўз бойлиги ва бадиий ифода маҳорати, саводхонлик мезонлари бўйича холисона ва муносиб баҳоланди.

Тантанали тақдирлаш тадбирида танловнинг барча иштирокчиларига Президент совғаси сифатида Ноотбуклар топширилди.

Баҳолаш натижаларига кўра, танловнинг Республика босқичида иштирок этган 1- ва 2-курс ўқувчилари орасидан 1-, 2-, ва 2 та 3-ўрин ғолиблари ҳамда “Ислоҳотлар билимдони”,  “Жасоратга даъват”, “Сиёсий саводхонлиги учун”, “Тинчликпарвар ғояси учун”, “Энг саводхон иншо”, “Тараққиёт стратегияси билимдони”, “Фаол сиёсий қарашлари учун”, “Фидойиликка даъват”, “Ноанъанавий ёндашув” номинациялари бўйича совриндорлар аниқланди.

Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, танловнинг республика босқичида 1-курс ўқувчилари орасидан 3-ўринга Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Жасурбек Рўзиев ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Шаҳрисаб “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Рамзиддин Усмонқулов, 2-курс ўқувчилари орасидан эса Мудофаа вазирлиги Фарғона “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Асадулла Аминжонов ва Ички ишлар вазирлиги Нукус шаҳар “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Адхам Кадиров муносиб деб топилди. Улар 3-даражали Диплом ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 10 миллион сўмдан пул мукофотлари билан тақдирландилар.

2-ўринни 1-курс ўқувчилари ўртасида Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Самандар Комилжонов, 2-курс ўқувчилари ўртасида эса Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Файзулла Зикриёев эгаллади. Улар 2-даражали Диплом ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 20 миллион сўмдан пул мукофотлари билан тақдирландилар.

Мутлоқ ғолиблик, яъни 1-ўрин 1-курс ўқувчилари ўртасида Миллий гвардия Тошкент шаҳар “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Бахтиёр Хибзиддиновга, 2-курс ўқувчилари ўртасида эса Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Бахтиёржон Эркабоевга насиб этди. Уларга 1-даражали Диплом ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 30 миллион сўмдан пул мукофотлари топширилди.

Шунингдек, 1-курс ўқувчилари ўртасида Ички ишлар вазирлиги Нукус шаҳри “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Сарафроз Рашидов “Ислоҳотлар билимдони” номинациясида, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Шаҳрисаб “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Жаҳонгир Худойбердиев “Жасоратга даъват” номинациясида, Миллий гвардия Тошкент шаҳар “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Ибратбек Шарипов “Сиёсий саводхонлиги учун” номинациясида, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Шаҳрисаб “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Жон-Муҳаммад Аҳадов  “Тинчликпарвар ғояси учун” номинациясида ғолиб бўлдилар.

2-курс ўқувчилари ўртасида эса Ички ишлар вазирлиги Нукус шаҳар  “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Ҳаётбек Нишонов “Энг саводхон иншо” номинациясида, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Шаҳрисабз “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Фирдавс Абдусаломов “Тараққиёт стратегияси” билимдони номинациясида, Миллий гвардия Тошкент шаҳар “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Шароф Хикматиллоев “Фаол сиёсий қарашлари учун” номинациясида,  Ички ишлар вазирлиги Нукус шаҳар “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Бобур Артиқбоев “Фидойиликка даъват” номинациясида,  Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиси Фирдавс Жамолиддинов “Ноанъанавий ёндашув” номинациясида ғолиб деб топилдилар.

Номинациялар ғолиблари диплом ва замонавий смартфон телефонлари билан тақдирландилар.

Танлов ғолибларининг устозлари ҳам моддий ва маънавий рағбатлантирилдилар.

Бир сўз билан айтганда  “Янги Ўзбекистонга қанот бўламиз” ижодий ишлар танловининг барча иштирокчиларини ғолиб десак, муболаға бўлмайди. Чунки, Ватани ва миллати бахту саодати йўлида кўзи ёниб, юраги жўшиб турган инсонни ҳеч ким ва ҳеч нарса енга олмайди!

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари